Коррупция маъмурий камчилик эмас, балки бошқарув қуроли бўлганида!

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Коррупция маъмурий камчилик эмас, балки бошқарув қуроли бўлганида!
Устоз Набил Абдулкарим
Коррупция ҳар доим ҳам давлат ҳисоб-китобларидаги хато, маъмурий камчилик, малака етишмовчилиги ёки ресурслар тақчиллигининг табиий оқибати бўлавермайди. Аммо давлат кўп ҳолларда фуқароларни айнан шу тасаввурга ишонтиришга уринади.
Айрим давлатларда коррупция қонуннинг ўзига қараганда «тартиблироқ», муассасалардан кўра фаолроқ ишлайди ва амалдаги бошқарув табиатини анча ҳаққоний акс эттиради. Бундай жойларда коррупция яширин тарзда эмас, балки очиқдан-очиқ, фақат номи айтилмаган ҳолда йўлга қўйилади. У бу ерда тузатилиши лозим бўлган истисно ҳолат эмас, аксинча, бошқарувнинг асосий воситаларидан бири сифатида қўлланади.
Расмий нутқларда, айниқса тобе давлатларда, коррупция одатда маъмурий оғиш сифатида ёки назорат тизимининг заифлиги ва қонунлардаги нуқсонлар сабабли келиб чиққан шахсий хулқ-атвор сифатида тақдим этилади. Гарчи бу таъриф кенг тарқалган бўлса-да, у мазкур иллатнинг чуқур илдизларини, унинг ўнлаб йиллар давомида сақланиб қолиш қобилиятини ҳамда унга қарши курашга қаратилган кўплаб уринишлар нега қайта-қайта муваффақиятсизликка учраётганини етарлича изоҳлаб бермайди.
Айнан шу ҳолат коррупция кўпгина режимларда тўсатдан пайдо бўлган нуқсон эмас, балки онгли равишда йўлга қўйилган ва бошқарилаётган марказий бошқарув воситаси эканини очиб беради. У элиталарни назоратда ушлаб туриш, садоқатни қайта тақсимлаш ҳамда ҳокимиятнинг сақланиб қолишини кафолатлаш учун қўлланилади.
Шу нуқтаи назардан «давлат нега муваффақиятсизликка учради?» деган саволни қўйиш унчалик тўғри эмас. Аксинча, «Давлат муваффақиятсизликка учраган бўлса-да, режим қандай қилиб яшаб қолишга эришди?», «Давлат маблағлари қандай қилиб жамоатчиликка хизмат қилиш манбаидан жиловлаш воситасига, маъмурий нуқсондан эса яхлит бошқарув мантиғига айланиб қолди?» деган саволлар ўринлироқ бўлади.
Шундан келиб чиқиб, давлатларни асосан уч турга ажратиш мумкин:
Мўрт ва қарам авторитар давлатлар. Бундай давлатларда коррупция параллел тизимга, тўғрироғи, бошқарув тизимининг «умуртқа поғонаси»га айланади.
Барқарор давлатлар: Булар, одатда, капитализм тизими доирасида вазъий (инсон томонидан ўйлаб топилган) қонунлар асосида фаолият юритадиган йирик давлатлардир. Уларда коррупция, асосан, самарали ишлайдиган ҳуқуқий тизим ичидаги истисно ҳолат сифатида намоён бўлади.
Айнан мана шу йирик давлатлар сабабли бугун барча мусулмонлар юртлари коррупция ботқоғида яшамоқда ва ундан азият чекмоқда. Чунки йирик давлатлар ўз манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, ҳукмдорларни ўзларига қарам ҳолда ушлаб туриш учун коррупцияни сақлаб қолади. Негаки, бу ҳолатдан энг катта манфаатни айнан уларнинг ўзи кўради.
Мабдаий давлатлар: Бундай давлатлар коррупциянинг муҳитини ўзгартиради, унинг ўсишига эса умуман йўл қўймайди.
Энди мазкур тоифаларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтамиз.
Биринчи: Коррупция бошқарув қуролидан сиёсий муҳитгача.
Бундай давлатларда коррупция оддий ахлоқий жиноят сифатида эмас, балки муайян сиёсий танлов ва бошқарув модели сифатида кўриб чиқилади. Зеро, бу каби режимлар бир нечта куч марказлари – ҳарбий, иқтисодий, қабилавий, партиявий ёки мазҳабий тузилмалар ўртасидаги нозик мувозанатга суянади. Одатда, улар ҳақиқий институционал легитимликка эга бўлмагани учун садоқатни таъминлаш воситаси сифатида коррупция механизмига мурожаат қилади.
Давлат маблағларини ўзлаштириш, шартномаларни назорат қилиш ва жавобгарликдан қочишга йўл очиб берилади. Бироқ бундай «рухсат» барчага эмас, фақат сиёсий садоқат шарти асосида тақдим этилади. Ана шу нуқтада коррупция икки тиғли қиличга айланади: бир томондан содиқлар учун мукофот, иккинчи томондан эса уларни доимий шантаж остида ушлаб туриш воситаси. Чунки уларнинг жиноий қилмишлари исталган пайтда фош этилиши мумкин.
Бироқ бундай давлатларда «коррупцияга қарши кураш» кампаниялари, одатда, бошиданоқ сиёсий тус олади. Улар режимнинг ўзини эмас, балки муайян шахсларни нишонга олиб, режим ичидаги хусуматларни бартараф этишда ишга солинади. Бундай кампаниялар, одатда, кучлар мувозанати ўзгарганида, элиталарни қайта жойлаштириш зарурати туғилганида ёхуд айрим томонларни тийиб қўйиш талаб этилганидагина фаоллашади. Шу тариқа, коррупцияга қарши кураш ҳақиқий ислоҳот лойиҳасидан кўра, тўлақонли сиёсий қуролга айланиб қолади.
Бундай давлатларда ҳукмдор билан фуқаро ўртасидаги муносабат солиқлар ва ҳисоб сўраш тамойилига эмас, балки рентани (яъни меҳнат ёки ишлаб чиқаришга таянмаган ҳолда ер, қазилма бойликлар ва шу каби манбалардан келадиган даромадни) тақсимлашга асосланади. Шу боис коррупция, асосан, эксклюзив шартномалар, импорт монополиялари, ер ва кўчмас мулклар, шунингдек, лаёқатга эмас, балки садоқат асосида талон-торож қилиш учун бўлиб бериладиган лавозимлар кўринишида намоён бўлади. Бундан ташқари, давлатнинг «таёғи» сифатида кўрилувчи хавфсизлик ва ҳарбий тузилмаларга иқтисодий имтиёзлар берилади, уларга нисбатан жавобгарликдан дахлсизлик ҳам таъминланади. Бу режимнинг эътиборсизлиги эмас. Аксинча, унинг яшаб қолиши айнан шу тузилмалар манфаатдор бўлиб қолишига боғлиқ экани сабаблидир.
Ҳукмрон элита ичида келишмовчилик авж олган пайтларда, олдиндан режалаштирилган «сиздирмалар» орқали пухта ишланган «коррупция ишлари» кутилмаганда ошкор этилади. Бу ҳолат коррупциянинг аслида маълум ва «мақбул» деб қабул қилинганини, бироқ унинг соҳиби кучлар мувозанатидаги ўрни ва таъсирини йўқотганини тасдиқлайди. Кўпинча бундай режимлар ўзлари тобе бўлган йирик давлат билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Шунинг учун халқаро можаролар кескинлашган шароитда ҳам айрим шахслар алмашиши мумкин, аммо режимнинг ўзи, одатда, ўзгармасдан қолаверади.
Ушбу модель аксарият араб давлатлари, Лотин Америкаси, Осиёнинг айрим ҳудудлари ҳамда Африка мамлакатларининг катта қисмини – яъни тузилиши жиҳатидан тобе бўлган давлатларни – ифодалайди.
Афсуски, «Араб баҳори»ни бошдан кечирган давлатлар ёки бошқарув тизими ўзгарган ўлкаларнинг аксарияти, кўп ўтмай, яна эски ҳолатига қайтди. Гўё мусулмонлар юртларида коррупцияни бошқарув воситаси, қарамликни эса муқаррар тақдир сифатида қабул қилишдан ўзга моделни татбиқ этишга мутлақо йўл қўйилмайдигандек. Ғарб айнан шу ҳолатни сақлаб қолишга интилади.
Коррупциячи режимлар коррупция авж олгани учун эмас, балки бойликларни тақсимлашдан ожиз қолганда қулайди. Чунки айнан шу пайтда садоқат тармоқлари узилади, тизим ташқарисида эса коррупция орқали жиловлаб бўлмайдиган янги куч пайдо бўлади. Бундай шароитда ҳукмрон давлатлар вазиятдан фойдаланиб, «тўлқинга миниб олиш»га ва коррупцияни янги башаралар орқали қайта жорий этишга уринади. Фақатгина ҳақиқий ва туб ўзгаришгина бу қоидадан мустасно ҳисобланади.
Иккинчи: барқарор давлатлар
Булар – бошқарув тизими вазъий (инсон томонидан қабул қилинган) қонунларга таянган йирик давлатлардир. Уларда коррупция мавжуд бўлиши мумкин, аммо у тузумнинг асосий қуроли эмас, балки тизим ичидаги муайян оғиш сифатида баҳоланади. Аксарият бундай давлатларда коррупция ҳолатлари фош этилиб, жазоланади. Назарий жиҳатдан, у ерда мутлақ сиёсий ҳимоя мавжуд эмас ва ҳеч ким қонундан устун ҳисобланмайди.
Бироқ йирик манфаатлар ўртага чиққанда бу қоидалар амалда ўз кучини йўқотади. Бундай вазиятларда сиёсий маблағлар, таъсир ўтказувчи лоббилар ҳамда расмий ҳокимиятдан устун турувчи «давлат ичидаги давлат» механизмлари орқали қонунларни айланиб ўтиш бошланади.
Бу давлатлар коррупцияни илдизи билан бартараф этмай, асосан унга қарши курашишга уринади. Чунки коррупция ўртача ечимга асосланган вазъий қонуннинг қаърига сингиб кетган. Зеро, мазкур қонунчилик моҳиятан динни ҳаётдан ажратиш ва шахсни жамиятдан устун қўйишга асосланган капиталистик мабдадан келиб чиқади. Натижада у коррупциянинг кўплаб кўринишларини «эркинликлар» шиори остида қонунийлаштириб беради.
Бугун капитализм ўз мазмун-моҳиятини йўқотган, халқаро ҳуқуқ эса танлаб қўлланадиган воситага айланиб қолган бир шароитда, «барқарор давлатлар» таназзулининг бошланишига гувоҳ бўлмоқдамиз. Зеро, бу давлатлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган учта асосий устунга таянган эди, бироқ айнан шу устунларнинг ҳар бири ҳозирда изчил равишда емирила бошлади.
- Тартибли иқтисодиёт: Бугун барқарор ва тартибли иқтисодиёт деярли қолмади. Юқори инфляция, рецессия (иқтисодий турғунлик)нинг бошланиши ва кетма-кет молиявий кризислар – буларнинг барчаси капиталистик мабданинг тўғридан-тўғри оқибатларидир.
- Давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи ички қонун. Бу йўналишда давлат билан жамият ўртасидаги жарлик мисли кўрилмаган даражада кенгайди. Бу эса ўта ўнгчи (радикал) партияларнинг юксалишига қулай замин яратди.
- Халқаро ҳуқуққа содиқлик: Бу тамойил сезиларли даражада сусайди. Мазкур ҳолат фақат қарам давлатларда эмас, балки мустақил давлатлар ўртасида ҳам кузатилмоқда. Айниқса, АҚШ томонидан юритилаётган халқаро майдондаги бебошлик ва зўравонлик сиёсати халқаро ҳуқуқни ўз тарихидаги энг ночор аҳволга тушириб қўйди.
Давлатлар мазкур тизимга садоқатини йўқота бошлаганда, тўсатдан қуламайди, аксинча, босқичма-босқич таназзулга юз тутади. Натижада бундай давлатлар номигагина мустақил бўлиб қолади, мазмунан эса мўртлашиб, функционал жиҳатдан яккаланган (изоляцияланган) давлатларга айланиб боради.
Учинчи: Мабдаий давлат.
Бу коррупциянинг илдизини қуритадиган ва шу орқали унинг ўсишига мутлақо йўл қўймайдиган давлатдир. Бугунги халқаро майдонда бундай давлат ўзининг мукаммал кўринишида мавжуд эмас. Бироқ уни қайта тиклаш учун ҳаракат қилаётганлар бор. Яқин келажакда, Аллоҳнинг изни ила, шундай давлат барпо бўлади ва ечим айнан шу давлатнинг мавжудлигида эканини бутун оламга очиқ-ойдин намоён этади. У – Ислом мабдаини ўз дастурига асос қилиб олган Халифалик давлатидир. Зеро, Ислом ақлий ақида бўлиб, ундан раббоний тузум келиб чиқади.
Ислом, коррупциянинг мавжуд бўлишига мутлақо йўл қўймайди. Шундай экан, қандай қилиб коррупциянинг бошқарув воситасига айланишига рухсат бериши мумкин?! Зеро, коррупциянинг айрим ҳолларда инсоний заифлик ва хато натижасида содир бўлиши бошқа нарса, уни қонунийлаштириш ёхуд тизим даражасида қабул қилиш эса мутлақо бошқа масала. Бу иккиси ўртасида улкан фарқ бор.
Ислом мабдасида коррупция шаръий қонунбузарлик ҳисобланади. Инсон бунинг учун охиратда жавоб беради, дунёда эса давлат уни жавобгарликка тортади. Зеро, коррупция фақат молиявий жиноят билан чекланмайди. Балки у зулм ўтказиш, адолатни поймол қилиш, одамларнинг ҳақларини ейиш ҳамда ҳокимиятни ўлжага айлантиришни англатади.
Исломда ҳокимият – омонатдир, имтиёз эмас. Шу боис унда «сиёсий коррупция» деган тушунчага ўрин йўқ. Чунки ҳукмдор – хоҳ халифа бўлсин, хоҳ волий – ҳисоб беради, сўроқ қилинади ва зарурат туғилса лавозимидан четлатилади.
Шунинг учун, Ислом давлати инсоний хатолардан маъсумликни даъво қилмайди. Бироқ коррупция билан асло муроса қилмайдиган бошқарувга асос солади. Бу бошқарув бандаларнинг ишларини ғамхўрлик билан юритишга, шунингдек, инсоннинг ўзи билан, Роббиси билан ва жамият аъзолари билан бўлган муносабатларини тартибга солувчи шаръий аҳкомларни тўлиқ татбиқ этишга таянади.
Ушбу манҳаж ҳаёт тарзи сифатида татбиқ этилса, ҳаёт ўз изига тушади ва адолат ҳамма жойда қарор топади. Чунки фақат шу дин инсонларни бандаларга қуллик қилишдан қутқариб, бандаларнинг Роббисига қуллик қилишга, динлар зулмидан Исломнинг адолати ва нурига олиб чиқишга қодирдир.
Роя газетасининг 2026 йил 4 феврал, чоршанба кунги 585-сонидан




