Роя газетаси

Трамп бошчилигида ва 45дан ортиқ давлат иштирокида «Тинчлик кенгаши»нинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Трамп бошчилигида ва 45дан ортиқ давлат иштирокида «Тинчлик кенгаши»нинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Устоз Аҳмад Хутвоний

АҚШ президенти Трамп 2026 йил 19 феврал куни ўзи раислик қилаётган «Тинчлик кенгаши»нинг илк йиғилишини ўтказди. Унда 45 дан ортиқ давлат делегациялари, шунингдек иштирокчи мамлакатларнинг қатор раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди. Президентлардан Аргентина президенти Хавьер Милей, Индонезия президенти Прабово Субианто ҳамда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қатнашди. Шу билан бирга, Миср бош вазири Мустафо Мадбулий, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан каби ҳукумат раҳбарлари ҳам иштирок этди. Йиғилишда бир қатор ташқи ишлар вазирлари, жумладан Миср ташқи ишлар вазири Бадр Абдулъотий, Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан ва яҳудий вужуди ташқи ишлар вазири Гидеон Саар ҳам ҳозир бўлди.

Йиғилишда Европа давлатлари қаторида Италия, Руминия, Греция ва Кипр иштирок этди. Осиё давлатларидан Жанубий Корея ва Япония кузатувчи мақомида қатнашди. Шунингдек, кенгашда Европа Иттифоқи ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам ҳозир бўлди.

Ушбу халқаро иштирок ва уни кенгайтиришга бўлган уринишдан кўзланган мақсад муаммони ҳал қилиш жараёнида иштирок этиш эмас, балки фақат кўзбўямачилик экани кундай равшан.

Трамп очилиш нутқида мазкур иштирокни фахр билан тилга олиб, шундай деди: «Бу буюк кун. «Тинчлик кенгаши» йиғилишларида кўплаб етакчилар иштирок этмоқда. Тинчликка эришиш жуда қийин, бироқ биз буни уддалаймиз». Сўнг у хаёлий тинчлик ҳақидаги сохта иборалар билан оғиз кўпиртириб, шундай деди: «Тинчликка эришишдан муҳимроқ нарса йўқ. Зеро, урушларнинг товони тинчлик ўрнатиш баҳосидан бир неча баробар қимматдир».

У дунё етакчиларининг катта қисми «Тинчлик кенгаши»га қўшилишга розилик билдирганини даъво қилди. Шу билан бирга, айрим раҳбарларнинг мазкур кенгашда иштирок этишини истамаслигини очиқ айтиб, «Шундай етакчилар борки, биз уларнинг иштирок этишини хоҳламаймиз», дея баён қилди. Шунингдек, у бу кенгаш гўё «тинчлик йўлида» тузилганини, улар эса Ғазо халқи, Яқин Шарқ ва бутун дунё учун «порлоқ келажак»ни таъминлаш мақсадида биргаликда ҳаракат қилаётганини даъво қилди. Унинг таъкидлашича, мазкур кенгаш фақат Ғазо ва Яқин Шарқ эмас, балки бутун дунё манфаатига хизмат қилади.

Трамп «Ғазодаги уруш тугагани»ни эълон қилди ва Ҳамас ҳаракати «ваъда берганидек қуролларини топшириши, акс ҳолда эса унга нисбатан шафқатсиз чоралар кўрилиши» ҳақидаги баёнотларини яна бир бор такрорлади. Шунингдек, у яҳудий вужудига ишора қилиб, «Ҳамасни йўқ қилиш учун Ғазога аскар юборишни зарур, деб ҳисобламайман», дея билдирди. Унинг айтишича, айрим давлатлар Ғазони «қутқариш пакети» доирасида 7 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратган, Ғазони қайта тиклаш учун эса улкан сармоялар, жумладан, АҚШнинг ўзи томонидан 10 миллиард доллар ажратилиши режалаштирилган.

Шунингдек, Трамп Эронни ҳам «Тинчлик кенгаши»га қўшилишга чақирди.

Ўз навбатида, халқаро барқарорлик кучлари қўмондони Жаспер Жефферс Индонезия, Марокаш, Қозоғистон, Косово ва Албаниядан иборат беш давлат Ғазодаги ички хавфсизлик кучлари таркибида ўз қўшинларини жойлаштириш мажбуриятини олганини маълум қилди. Унинг билдиришича, Миср ва Иордания секторда жойлаштириладиган полиция кучларини тайёрлаш ва ўқитиш масъулиятини ўз зиммасига олган. Жефферс халқаро барқарорлик кучлари полиция ходимларини тайёрлаш мақсадида ўз қўшинларини Ғазо жанубидаги Рафаҳ ҳудудига жойлаштиришни бошлашини, кейин эса бу жараён сектор бўйлаб босқичма-босқич кенгайтирилишини маълум қилди. Қўмондоннинг сўзларига кўра, узоқ муддатли режа 20 минг нафар халқаро хавфсизлик кучлари аскарларини сафарбар этишни ва қўшимча равишда 12 минг нафар полиция ходимини тайёрлашни назарда тутади.

Бироқ «Тинчлик кенгаши»нинг дунё давлатлари учун энг хатарли жиҳати – унинг қарашлари Ғазонинг географик чегаралари билан чекланиб қолмаслиги ҳамда фақат Ғазо билан чекланиб қолмай, ўз вазифаларини дунёнинг бошқа минтақаларидаги низо ва тўқнашувларда ҳам қўллашга тайёр ҳолатга келтириб, кўламини кенгайтиришидир.

Зеро, мазкур кенгаш таркибида барча халқаро минтақавий блоклар вакиллиги инобатга олинган, унинг ижрочи ҳарбий тузилмаси мавжуд ва фаолияти учун рамзий (формал) демократик овоз бериш механизми жорий этилган. У барча давлатлар ҳамда блокларга аъзолик ҳуқуқини тақдим этади, шунингдек аъзолар ҳисобидан доимий равишда молиялаштириб борилади. Шу тариқа, у ҳозирги халқаро ташкилот – БМТ ўрнини босиши мумкин бўлган муқобил тузилма сифатида шакллантирилмоқда.

Ҳатто мазкур кенгаш низомидаги бандлар ҳамда уларнинг баён этиш услуби шу қадар умумий шаклда ишлаб чиқилганки, улар фақат Ғазо географияси билан чекланиб қолмайди. Аксинча, улар бошқа барча ҳудудларда юзага келиши мумкин бўлган низо ва тўқнашувларда ҳам татбиқ этишга мос қилиб, доираси кенгайтирилган.

Трамп ўзини мазкур кенгашнинг доимий раиси сифатида белгилади ва унда қабул қилинадиган қарорларни тасдиқлаш ваколатини ҳам якка тартибда ўз қўлида жамлади. Шунингдек, у аъзоликка қабул қилиш ёки иштирок учун таклиф этиш масаласида ҳам мутлақ ҳуқуққа эга эканини билдирди. Бу билан у мавжуд халқаро ташкилот – БМТни ҳам, Америкадан ташқари бошқа йирик давлатларни ҳам эътиборга олмади.

Мазкур кенгаш БМТ ҳамда унинг Хавфсизлик Кенгаши ўрнини босиши кўзда тутилган муқобил тузилма сифатида лойиҳалаштирилган. У янги институционал асосга, янги овоз бериш тартибига ҳамда амалдаги жаҳон тизимига мутлақо параллел равишда иш юритишни назарда тутувчи мустақил йўналишга эга.

Ушбу кенгашнинг тузилиши АҚШнинг 66 та халқаро ташкилотдан чиқиши ҳамда БМТ бюджетига ажратадиган ҳиссасини белгиланган улушнинг тўртдан бир қисмига ҳам етмайдиган даражагача кескин қисқартириши билан бир вақтда рўй берди. Ваҳоланки, Америка мазкур янги кенгаш учун 10 миллиард доллар йўналтирмоқда, шу билан бирга ўз издошларига қўшимча 10 миллиард доллар тўлаш мажбуриятини ҳам юкламоқда. Буларнинг барчаси АҚШнинг амалдаги халқаро тизимни барҳам топтириш, унинг ўрнига эса ўзини ягона ҳукмрон куч ҳамда ягона доимий аъзо ва халқаро вето ҳуқуқига эга бўлган ягона давлат сифатида мустаҳкамлайдиган янги, бир қутбли тизимни шакллантириш истаги нақадар кучли эканини яққол кўрсатади.

Бугунги кунда Америка – президент Трамп ва унинг атрофидагилар тасаввурида – ўзини жаҳон ишларини муносиб тарзда ва якка тартибда бошқаришга қодир ягона куч сифатида кўрмоқда. Шу боис у қарорлар қабул қилишда бошқаларни шерик қилмайди, халқаро кўптармоқлик (плюрализм) тамойилларини қабул қилмайди ҳамда халқаро тизимдаги етакчиликда бирор бир бошқа халқаро кучнинг ўзи билан рақобатлашишига рози бўлмайди.

Роя газетасининг 2026 йил 25 феврал, чоршанба кунги 588-сонидан

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button