Роя газетаси

Бугунги дунёнинг муаммоси нима?

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Бугунги дунёнинг муаммоси нима?

Устоз Муҳаммад Абдулмалик

Аллоҳ Таоло инсониятни яратиб, Одам алайҳиссалом давридан то қиёмат қоим бўлгунига қадар уларнинг ризқлари ва кунлик озуқаларини Ўз зиммасига олди. Аллоҳ Таоло марҳамат қилади:

قُلۡ أَئِنَّكُمۡ لَتَكۡفُرُونَ بِٱلَّذِي خَلَقَ ٱلۡأَرۡضَ فِي يَوۡمَيۡنِ وَتَجۡعَلُونَ لَهُۥٓ أَندَادٗاۚ ذَٰلِكَ رَبُّ ٱلۡعَٰلَمِينَ * وَجَعَلَ فِيهَا رَوَٰسِيَ مِن فَوۡقِهَا وَبَٰرَكَ فِيهَا وَقَدَّرَ فِيهَآ أَقۡوَٰتَهَا فِيٓ أَرۡبَعَةِ أَيَّامٖ سَوَآءٗ لِّلسَّآئِلِينَ

«Айтинг: «Ҳақиқатан ҳам сизлар ерни икки кунда яратган Зотга кофир бўлурмисизлар ва ўзгаларни Унга тенглаштирурмисизлар?! Бу (Аллоҳ) барча оламларнинг Роббиси-ку?! У зот (ернинг) устида тоғларни (пайдо) қилди ва уни баракотли қилди ҳамда ўша (ер)да унинг емишларини тўла тўрт кунда белгилаб-тақсимлади. (Бу тафсилот) сўрагувчилар учундир» [Фуссилат 9-10]

Шундай қилиб, Аллоҳ инсон учун ер ости ва ер устида, денгизлар ва уммонларда турли неъматлар ҳамда бойликларни жойлаштириб, уларнинг барчасини инсон ихтиёрига бўйсундириб қўйди. Аллоҳ субҳанаҳу айтади:

أَلَمۡ تَرَوۡاْ أَنَّ ٱللَّهَ سَخَّرَ لَكُم مَّا فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَمَا فِي ٱلۡأَرۡضِ وَأَسۡبَغَ عَلَيۡكُمۡ نِعَمَهُۥ ظَٰهِرَةٗ وَبَاطِنَةٗ

«(Эй инсонлар), Аллоҳ осмонлар ва ердаги барча нарсаларни сизларга бўйсундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (яъни моддий-маънавий) неъматларини комил қилиб берганини кўрмадингларми?!» [Луқмон 20]

Аллоҳ инсонни ушбу бойликларга етиб боришга, шунингдек, Ўзи илҳом этган ва муваффақ қилган восита ҳамда услублар орқали уларни ер қаъридан чиқариб олишга йўллади. Агар Аллоҳнинг ёрдами ва тавфиқи бўлмаганида, инсон бунга ҳеч қачон эриша олмас эди.

Аллоҳнинг Ўз бандаларига бўлган адолати, раҳмати ва ғамхўрлигининг бир кўриниши шуки, У Зот бандаларига уларнинг ичидан Ўзи танлаб олган ва уларга ҳужжат бўладиган бир пайғамбар орқали Китоб нозил қилди. Бу Пайғамбар уларга Роббиларининг Китобини баён қилиб, уни шарҳлаб берди. Бу Китоб ўз бағрида Аллоҳ бандаларига инъом этган ана шу бойлик ва неъматларнинг адолатли тақсимланишини кафолатлайдиган бетакрор Исломий иқтисодий низомни жамлаган. Ушбу низом соясида бойликлар ернинг машриқу мағрибидаги ҳар бир инсонга етиб боради. Натижада на бирор оч қоладики, бу яхшиликлар унга етиб бормаса, на бирор фақир қоладики, унинг фойдасини ҳис қилмаса, на бирор мискин қоладики, унга ўз насибаси етмаса. Махлуқотларни ва уларнинг озиқ-овқатларини яратиб, уларни бандалари ўртасида тақсимлаб берувчи аҳкомларни нозил қилган Ҳақ субҳанаҳу Ўзининг муҳкам Китобида шундай марҳамат қилади:

أَلَا يَعۡلَمُ مَنۡ خَلَقَ وَهُوَ ٱللَّطِيفُ ٱلۡخَبِيرُ

«Яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир» [Мулк 14]

Бугунги кунда инсониятнинг, аниқроғи, бутун дунёнинг муаммоси бойликлар танқислигида эмас. Аксинча, бойликлар ниҳоятда кўп. Асл муаммо – Аллоҳнинг йўлидан ва У Зот нозил қилган низомдан юз ўгирган, ҳеч қандай илмга таянмасдан ўз ҳавои-нафсига эргашган инсонлардадир. Улар ваҳий нуридан узоқлашиб, ҳавои-нафсга эргашган, ғаризаларга бўйсунган ноқис ақллари ёрдамида вазъий тузумлар ўйлаб топиб, уларни жорий қилдилар. Шу билан ўзлари ҳам адашдилар, бошқаларни ҳам адаштирдилар. Натижада динни ҳаётдан ажратган капиталистик тузум вужудга келиб, ер юзидаги турли ёвузликларнинг манбаига айланди. Бутун дунё унинг бузуқ фикрлари оловида куйиб азоб чекди, ҳатто унинг залолати ва фасодидан ҳайвонлар ҳам, қушлар ҳам зарар кўрди. Бу тузум инсонларни, хусусан, ўзларини ҳимоя қилиб, бирлаштириб турган Усмоний Халифалик қулатилгач, азизлик манбаидан айрилган мусулмонларни мудҳиш азоб-уқубатларга гирифтор қилди. Мусулмонлар яҳудий ва насронийларга қаричма-қарич, газма-газ эргашиб, қўлларидаги яхши нарсани паст нарсага алмаштирдилар. Улар Аллоҳнинг шариати ва Ислом низомини демократик капиталистик тузумга алмаштирдилар. Ушбу тузум ҳукмронлиги соясида фақирлик, очлик, зулм, қочқинлик, бузғунчилик, ўзаро урушлар ва мустамлакачилик кенг тарқалди. Бу тузум экин ва наслларни ҳалок қилди, айниқса мусулмон юртларига бахтсизлик, чорасизлик, уруш ва вайронагарчиликларни олиб келди. Бунинг эса бир қанча сабаблари бор. Жумладан:

  • Иккинчи жаҳон урушидан кейин Бреттон-Вудс келишуви асосида АҚШ доллари халқаро молиявий тизимнинг таянчига айлантирилди. Мазкур келишув орқали Америка долларни «қаттиқ валюта» сифатида илгари суриб, дунё миқёсидаги пул-кредит ва иқтисодий ҳукмронлигининг мустаҳкам пойдеворини барпо этишга муваффақ бўлди. Аввалига доллар олтинга боғланиб, бир унция олтин 35 долларга тенг, деб белгиланди. Кейин эса бошқа барча валюталар долларга боғланди. Бу эса дунё давлатларини ўз банкларида долларни захира валюта сифатида сақлашга мажбур қилди. Бу ҳолат 1971 йилга қадар давом этди. Ўша пайтда Никсон чиқиб, долларнинг олтиндан ажратилганини эълон қилди. Бу эса дунё дуч келган энг катта алдовлардан бири эди. Шундан бери Америка «доллар» деб аталувчи қоғоз воситасида дунёни талон-торож қилиб, одамларнинг молларини уларнинг хазиналари ва чўнтакларидан узлуксиз юлиб олмоқда.
  • Халқаро молиявий ташкилотлар, энг аввало Халқаро Валюта Фонди ва Жаҳон банки. Ушбу муассасалар, дунё иқтисодиётини, айниқса, мусулмон юртлари иқтисодиётини риболи қарзлар воситасида йирик давлатларга қарам қилиб қўйди. Бундай қарзлар давлатларни қарз ботқоғига ботиради ва оқибатда уларни душманлари қўлида осон ўлжага айлантиради. Қарзлар ажратилиши эвазига муайян шартлар юкланади. Бу эса қарз олувчи давлатларнинг ички ишларига чуқур аралашиш, уларнинг заиф ва кучли жиҳатларини ўрганиш имконини беради. Улар «иқтисодий ислоҳот» деган ниқоб остида молиявий ўзгаришларни мажбуран жорий этадилар. Аслида эса, бу чоралар валютани эркин сузишга қўйиш, солиқларни ошириш, савдони эркинлаштириш ҳамда товар ва хизматларга берилаётган давлат субсидияларини бекор қилиш орқали иқтисодиётни вайрон этиб, мамлакатни хароб қиладиган воситалардир. Бу омилларнинг барчаси мамлакатни йирик давлатларга тўлиқ қарамликка олиб боради. Оқибатда иқтисодий турғунлик юзага келади, маҳаллий валюта қадрсизланади, инсонларнинг яшаш шароитлари оғирлашиб, қашшоқлик ва қимматчилик янада кучаяди. Шу билан бирга, одамларнинг азоб-уқубатлари ортиб, давлат томонидан солиқ юки кучайтирилади, аммо ғамхўрлик ва ижтимоий ҳимоя тобора қисқаради.
  • Умумий мулкнинг бекор қилиниши ҳамда мулкчиликни фақат хусусий ва давлат мулки билан чеклаб қўйиш ҳам мазкур сабаблардан биридир. Айни пайтда, капиталистик мабда мулкка эгалик қилиш эркинлигига кенг йўл очиб, капиталистларнинг табиий бойликлар ва умумий мулкларни эгаллаб олишига имкон яратди. Оқибатда бой табақанинг бойлиги янада ортиб, маблағлар уларнинг қўлида жамланиб қолмоқда, бошқа одамлар эса кундан-кунга қашшоқлашиб бормоқда. Бундан ташқари, умумий мулклар йирик мустамлакачи давлатлар ўртасидаги кескин курашнинг асосий майдонига айланди. Улар, айниқса, мусулмон юртларидаги бойликларни талон-торож қилишга қаттиқ интилиб, бу йўлда «иқтисодий шериклик» ёки «иқтисодий ҳамкорлик» каби жозибадор номлардан ниқоб сифатида фойдаланмоқда. Халқлар эса ўз ҳолига ташлаб қўйилган бўлиб, уларга фақат ўз қўл меҳнати ва пешона тери билан топганларидан бошқа ҳеч нарса тегмайди.

Мана сизга капитализм ботқоғи! Бутун дунё, айниқса мусулмонлар юртлари унинг истибдоди остида эзилмоқда, ҳаёт эса унинг ҳукмронлиги соясида жаҳаннамнинг бир бўлагига айланди.

Шунинг учун мусулмонлар ушбу тузумни илдизи билан қўпориб ташлаш ва унинг ўрнига оламларга раҳмат қилиб юборилган Ислом тузумини барпо этиш йўлида жиддий саъй-ҳаракат қилишлари вожиб. Чунки бу тузум барча иқтисодий муаммоларга ечим беради, қийинчиликларни бартараф этади, бойликларни шаръий аҳкомлар асосида ҳар бир шахсга манфаати етадиган тарзда тақсимлайди ҳамда бойликнинг инсонлар тақдири билан ўйнашувчи бир ҳовуч кимсалар қўлида жамланиб қолишига йўл қўймайди. Шунингдек, Ислом умумий мулкни Росулуллоҳ ﷺ

«النَّاسُ شُرَكَاءُ فِي ثَلَاثٍ: الْمَاءِ وَالْكَلَأِ وَالنَّارِ»

«Одамлар уч нарсада шерикдирлар: сувда, яйловда ва оловда», деб айтганларидек, ўзининг тўғри ҳолатига қайтаради. Давлат ушбу умумий мулкларни назорат қилиб боради. Натижада барча инсонлар уларга тақдим этиладиган хизматлар орқали бу бойликларнинг яхшилигидан баҳраманд бўладилар. Шу билан бирга, давлат ушбу мулкларга чўзилган ҳар қандай тажовузкор қўлни кесиб ташлайди.

Шунингдек, Исломнинг рибога (судхўрликка) нисбатан позицияси аниқ. Аллоҳ Таоло айтади:

وَأَحَلَّ ٱللَّهُ ٱلۡبَيۡعَ وَحَرَّمَ ٱلرِّبَوٰاْۚ

«Аллоҳ савдони ҳалол қилди, судхўрликни эса ҳаром қилди» [Бақара 275]

Ислом рибони қатъий ҳаром қилди ва уни илдизи билан йўқ қилди. Зеро, рибо тизимининг асосий юкини кўтариб, уни дунёнинг ҳар бир бурчагига ёйиб келаётган халқаро ташкилотлар билан муомала қилиш ҳам ҳаромдир.

Исломий пул низоми эса доллардан бутунлай халос бўлиб, олтин ва кумуш стандартига асосланади. Ушбу низом нарх-навонинг барқарорлигини таъминлайди ва одамларнинг молларини қадрсизланишдан асрайди.

Исломнинг хайр-баракоти, адолати ва инсонларга бўлган раҳматининг энг ёрқин далили – Умматнинг Халифалик соясида кечирган ҳаётидир. Масалан, Умар ибн Абдулазиз даврида давлат хазинаси молга тўлиб-тошди, мусулмонлар юртларида эса фаровонлик ҳукм сурди. Ҳатто Халифалик жарчиси: «Кимнинг қарзи бўлса ёки ким уйланишни истаса, мусулмонларнинг Байтулмолига келсин!» деб жар солар эди. «Мусулмонлар юртида ҳатто қушлар ҳам оч қолибди», деган гап чиқмаслиги учун тоғларга дон сочиб қўйилар эди. Ҳолбуки, ўша даврдаги бойлик ва ресурслар бугунги кундаги беҳисоб хазиналарнинг юздан бирига ҳам тенг келмас эди.

Демак, дунёнинг бугунги муаммоси бойликларнинг камлигида эмас, балки инсонларнинг ушбу бойликларни ўзаро адолат асосида тартибга солувчи тўғри низомдан узоқлашганидадир. Аллоҳга, Унинг Росулига ва мўминларга хиёнат қилган бугунги малай режимлар эса Ислом аҳкомларини асло татбиқ этмайди. Буни фақат Ҳизб ут-Таҳрир кечаю кундуз барпо этиш учун ҳаракат қилаётган иккинчи рошид Халифалик давлатигина татбиқ этади. Шундай экан, бугунги куннинг ансорлари қани?! Ким ушбу давлатнинг барпо бўлишига имконият яратиб беради ва шу орқали дунёю охиратнинг улуғ ажрига эришади?!

Роя газетасининг 2026 йил 18 феврал, чоршанба кунги 587-сонидан

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button