Аёл — ор-номус тимсолидир

Рамазон рукни
Ижтимоий тузум
Аёл — ор-номус тимсолидир
Америкалик молиячи Жеффри Эпштейн билан боғлиқ жиноят дунё ҳамжамиятини ларзага солган воқеалардан бири бўлди. Дунёнинг энг нуфузли сиёсатчилари, миллиардерлари ва машҳур шахслари билан яқин алоқада бўлган Эпштейн вояга етмаган қизларни алдаш, йўлдан уриш ва жинсий эксплуатация қилиш схемасини ташкил этганликда айбланди. Гувоҳларнинг кўрсатмаларига кўра, айрим қизлар турли баҳоналар билан чақирилиб, кейинчалик жинсий хизмат кўрсатишга мажбурланган. Бу ишнинг энг баҳсли жиҳати — Эпштейннинг атрофида ўта нуфузли шахсларнинг кўплиги бўлди. Ҳужжатларда таниқли сиёсатчилар, тадбиркорлар ва жамоат арбобларининг исмлари қайд этилган.
Бу мудҳиш жиноятлар бутун дунёни ҳайратга солди. Ғарб буни шунчаки шахсий ҳолат сифатида кўрсатиб, айбни бир кишига ағдаришга уринмоқда. Бироқ масала анча чуқурроқ. Зеро, бу жиноятлар дунёвий (илмоний) тизимнинг тўғридан-тўғри натижасидир. Муаммонинг илдизи ҳозирда ҳукмрон бўлган капитализм мафкураси замирида ётибди.
Капитализм мафкураси динни ҳаётдан ажратган тузум устига қурилган. Шу боис, қонунчилик, бахт ва одоб-ахлоқ тушунчаларини белгилашда дин кўрсатмалари бутунлай четга суриб қўйилади. Инсон бу тушунчаларни ўз нафсига таяниб белгилайди. Натижада, нафсоний лаззатларни максимал қондириш, яъни танани кўпроқ роҳатлантириш ва моддий манфаат топиш инсон фаолиятининг асосий мезонига айланди.
Оқибатда аёл зоти капитализмдан келиб чиққан мана шу тушунчаларнинг қурбонига айланди. Чунки Ғарбнинг назарида аёл киши лаззатланиш учун қўлланиладиган бир товар сифатида кўрилади. Бундай тушунча туфайли оддий рекламаларда ҳам аёлнинг танаси кўз-кўз қилиниб, товарларнинг харидоргирлигини оширувчи воситага айлантирилди. Мақсад — аёлдан даромад манбайи сифатида фойдаланишдир. Натижада «аёл эркин бўлиши керак» деган жарангдор шиорлар, кенг тарқалди. Аслида бу аёлдан фойдаланиб даромад кўришга қаратилган чақириқдан бошқа нарса эмас. Бунинг оқибатида аёл киши даромад келтирувчи товар сифатида кўрилиб, агар фойда келтирмаса, худди кераксиз матодек четга улоқтириладиган бўлди. Бундай мезонлар туфайли жамиятда аёлнинг қадр-қиммати пасайди. Шу боис, аёллар бузуқлик соҳасида, мода ва бошқа тармоқларда аёвсиз эксплуатация қилинадиган ҳолатга тушиб қолди. Эпштейн иши бунинг яққол мисолидир. Юқорида айтганимиздек, бу ҳолат динни ижтимоий ҳаётдан четлатган тизимнинг бевосита ҳосиласидир. Аёлнинг қадри топталган бундай жамиятларда эксплуатация, хўрлаш ва зўравонлик кенг қулоч ёйиши табиийдир.
Шундай бир шароитда Исломнинг дунёқараши ва ҳукмлари нақадар муҳим экани яққол намоён бўлмоқда. Валийлик масаласи, аёлнинг отаси ёки акасидан изн олиши, маҳрам-номаҳрам тушунчаси ва аёл номусини ҳимоя қилувчи бошқа ҳукмлар жамият учун нақадар зарурлиги яна бир бор ойдинлашмоқда. Ислом аёлга ҳимоя қилиниши вожиб бўлган ор-номус деб қарайди. Шу боис, аёлнинг либосидан тортиб сафаригача бўлган Исломий ҳукмлар ушбу тушунчани мустаҳкамлайди. Ислом аёлни юксак даражага кўтарди ва ҳатто унинг иффатига тил текизилишига асло йўл қўймади. Бу қуруқ гап эмас, балки тарихнинг олтин саҳифаларига муҳрланган ҳақиқатдир.
Масалан, Расулуллоҳ ﷺ биргина муслима аёлнинг номусиги қўл узатиб, ҳақоратлагани учун яҳудийларнинг Қайнуқо қабиласини Мадинаи Мунавварадан сургун қилдилар. Аёл номуси учун мусулмон ҳукмдорлар Халифалик байроғи остида жанглар олиб бориб, юртларни фатҳ қилишди. Мусулмонлар қўмондони Муҳаммад ибн Қосим золим ҳинд подшоҳи Рожа Даҳир томонидан асирга олинган бир неча муслима аёлни қутқариш учун қўшин тортиб, уларни озод қилган эди. Амурия шаҳрида византияликлар бир муслима аёлни асир олиб, унга ёмон муносабатда бўлганларида, Халифа Муътасим Биллаҳ уни қутқариш учун улкан қўшинни ҳаракатга келтирган эди.
Шу сабабли айтиш мумкинки, Ислом низоми қайта тиклангандагина аёл зоти учун ҳақиқий маънода адолат, ҳимоя ва қўллаб-қувватлов қарор топади. Зеро, Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик давлатигина аёлларнинг манфаатларини Ислом буюрганидек ҳимоя қилади, уларга ғамхўрлик кўрсатади, осойишталикни таъминлайди ва том маънода адолат ўрнатади.
Ҳорун Абдулҳақ




