Роя газетаси

Нима учун Яқин Шарқ аланга ичида қолди? Америка ва яҳудий вужуди олиб бораётган уруш ҳамда унинг оқибатлари ҳақида таҳлилий мулоҳаза

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Нима учун Яқин Шарқ аланга ичида қолди? Америка ва яҳудий вужуди олиб бораётган уруш ҳамда унинг оқибатлари ҳақида таҳлилий мулоҳаза

Устоз Аҳмад Қасос

Ҳизб ут-Таҳрирнинг марказий матбуот бўлими аъзоси

Яқин Шарқ кенг қамровли минтақавий уруш муҳити ичида қолди. Бу уруш Эронга қарши амалга оширилган шиддатли ва кутилмаган ҳужум билан бошланиб, кейинчалик нишон доираси кенгайиши натижасида Ливанни ҳам қамраб олди. Энди эса ушбу уруш оловининг Яман ва минтақанинг бошқа давлатларига ҳам ёйилиш эҳтимоли тобора кучаймоқда. Шу нуқтаи назардан қаралганда, ушбу мисли кўрилмаган эскалация ортида ётган ҳақиқий омиллар ҳақида долзарб саволлар кун тартибига чиқмоқда: бу воқеалар тўсатдан юзага келдими ёки минтақанинг сиёсий ва геосиёсий харитасини тубдан қайта тузишга қаратилган аввалдан пухта режалаштирилган лойиҳанинг натижасими?

Дипломатия ҳийласи ва ғаразли ниятлар:

Гарчи некбин кузатувчилар Америка билан Эрон ўртасидаги музокараларга катта умид боғлаган бўлсалар-да, амалдаги воқеалар Трамп маъмурияти ушбу урушни бошлаш ниятини анча олдиндан пишитиб қўйганини кўрсатмоқда. Чунки авианосецлар, ҳарбий кемалар ва юзлаб самолётларни ўз ичига олган улкан ҳарбий ҳозирликнинг ўзиёқ – музокаралар натижаси қандай бўлишидан қатъий назар – Америка ўз нишонларига зарба беришга аввалдан бел боғлаганининг яққол далилидир. Афтидан, Америка Эронни ҳар икки томонни ҳам қониқтирадиган келишувга эришиш мумкин, деган тасаввур уйғотиб тузоққа туширган кўринади. Ҳолбуки, асл мақсад Эронни манёвр имкониятларидан бутунлай маҳрум этиш, уни ядровий бойитиш дастуридан воз кечишга ҳамда минтақавий ричаглари ва қуролли гуруҳларини тарқатиб юборишга мажбурлашдан иборат бўлган.

Режимни ичкаридан ўзгартириш учун Венесуэла сценарийсини такрорлаш:

Ушбу урушнинг энг кутилмаган жиҳатларидан бири Эрон режими юқори мартабали раҳбарларининг, хусусан, олий раҳбар Хоманаийнинг бевосита нишонга олингани бўлди. Унинг осон нишонга айланиши мумкин бўлган жойда қолдирилгани эса кузатувчиларни ҳайратга солди. Шунингдек, мудофаа вазири, бош штаб бошлиғи, Ислом инқилоби соқчилари корпуси қўмондони ҳамда бошқа нуфузли шахсларнинг ўлдирилиши ҳам шу доирага киради. Катта эҳтимол билан, Америка бу қотилликлар орқали Эронни бутунлай парчалаш ёки уни бошқариб бўлмайдиган хаос гирдобига ташлашни эмас, балки Венесуэла сценарийсини такрорлашни кўзламоқда. Ушбу режа режим ичидаги Америкага қарши қанотни йўқ қилиш, сўнг эса мослашувчан ва итоаткор сиёсий арбобларга ҳокимият тизгинини қўлга олиш учун йўл очишга асосланади. Шу нуқтаи назардан, президент Масъуд Пезешкиян ва Жавод Зариф каби шахслар Ғарб билан ҳамкорлик қилишга мойил эҳтимолий номзодлар сифатида кўзга ташланмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад эса Эронни ташқи таъсир восита-кучларидан воз кечган, фақат ички ишлари билан чекланиб қоладиган қўғирчоқ давлатга айлантиришдир.

Яҳудий вужудининг роли ва этник тозалаш лойиҳаси:

Бошқа томондан, мазкур тўқнашувнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи яҳудий вужуди бўлиб турибди. Унинг бош вазири Нетаняху эса Американи айнан шу йўналишга оғдириш учун улкан босим ўтказди. Унинг энг катта хавотири Эронни ядровий қуролсизлантириш ва унинг ракета тизимларини йўқ қилиш атрофида жамланган. Зеро, Эроннинг ядровий имкониятларини бартараф этиш ва минтақада бошқа бирор давлатнинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймаслик яҳудий вужуди учун стратегик мақсад ҳисобланади.

Жавоб қайтариш тактикаси ва Эрон ричагларининг иккиланувчи позицияси: Ушбу ҳужум қаршисида Эроннинг ҳарбий стратегияси фақат ракеталар орқали тийиб туриш сиёсатига таянмоқда. Бундан кўзланган мақсад Америка ва яҳудий вужудига қарши узоқ муддатли ҳолдан тойдирувчи урушни юзага келтириш ҳамда уларга имкон қадар кўпроқ моддий талафот етказишдан иборат. Шу доирада Эрон ўз зарбаларини асосан Кўрфаз давлатларидаги ва босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги Америка базаларига қаратмоқда. Шу билан бирга, Эрон Туркиядаги Америка базаларини нишонга олишдан – эҳтимол, атайлаб – тийилиб турибди. Бундан кўзланган мақсад икки давлат ўртасидаги тарихий алоқаларни сақлаб қолиш ва НАТО аъзоси бўлган бундай йирик давлатни бевосита провокация қилишдан қочишдир. Бунинг муқобилида, Эрон босиб олинган Фаластин ҳудудларига ракеталар ёғдиришда Ливандаги ҳизбининг чекланган ҳарбий имкониятларидан қолган-қутганини ҳам ишга солишдан тийилмади. Ҳолбуки, бу фронтнинг очилиши Ливаннинг вайрон бўлишига, шиа жамоасига зарар етишига ҳамда Эрон ҳизби сиёсий етакчиларининг ўз ижтимоий таянчи ва Ливан сиёсий доиралари олдида ноқулай аҳволга тушиб қолишига олиб келиши аниқ эди. Бу эса Эрон режими қай даражада чорасиз аҳволга тушганини, шунингдек, сиёсий омилларга унчалик эътибор бермаган ҳолда қўлидаги бор имкониятларни ишга солишга мажбур бўлаётганини кўрсатади.

Хитой ва Россия: Ҳолдан тойдириш ўйини ва улкан манфаатлар:

Халқаро майдонда Пекин ва Москва Теҳронни разведка маълумотлари ҳамда илғор ҳарбий технологиялар билан яширин тарзда қўллаб-қувватлаётгани ҳақида турли шубҳалар ўртага чиқмоқда. Зеро, бу йирик кучларнинг манфаати Америка халқаро майдонда уларга қарши туришга фурсат топгунига қадар уни Яқин Шарқ ботқоғига ботириб, ҳолдан тойдиришдан иборат. Америка Эронга қарши уруш орқали Хитойни энг муҳим нефть манбаларидан биридан маҳрум этишни ҳам кўзламоқда. Бу, худди аввалроқ Хитойнинг асосий нефть етказиб берувчиларидан бири бўлган Венесуэла устидан назорат ўрнатишига ўхшайди. Шунингдек, Вашингтон Хитойнинг «Ипак йўли» ўтадиган ҳудудларни ҳам ўз қўлига олишга уринмоқда.

Американинг минтақага доир кенг қамровли лойиҳаси:

Мазкур уруш фақат Эронни бўйсундириш билан чекланиб қолмайди. Балки у Американинг Араб Машриқи устидан гегемонлигини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли стратегиясининг бир қисмини ташкил этади. Зеро, Америка минтақани этник ва мазҳабий асосда бўлинган майда кантонларга парчалашга интилмоқда. Бу эса уни бошқаришни осонлаштиради ва минтақани Америка компаниялари учун улкан сармоя майдонига айлантириш имконини беради. Айни пайтда, ушбу лойиҳа доирасида «Иброҳимий дин» риторикасини мажбуран тиқиштириш, шунингдек, сиёсий Исломнинг ҳар қандай кўринишига қарши кураш олиб бориб, уни тақиқланган мавзуга айлантириш учун жадал ҳаракат қилинмоқда.

Очиқ сценарийлар:

Бугун минтақа тақдирий бурилиш нуқтаси ва икки асосий сценарий қаршисида турибди: ё Америка ўзининг ҳарбий машинаси ва турли тил бириктирувлар орқали Эроннинг амалдаги раҳбариятини ағдаришга ҳамда унинг ўрнига Вашингтон режаларини амалга оширадиган итоаткор жамоани олиб келишга муваффақ бўлади. Бу эса Америка гегемониясини яна ўнлаб йилларга мустаҳкамлаши мумкин. Ёки Эрон берилган зарбага бардош бериб, узоқ муддатли ҳолдан тойдирувчи урушда собит тура олади. Унинг бу борадаги муваффақияти Америка режасини барбод қилади ҳамда Трамп ва Нетаняху учун – айниқса, Америкада сайлов жараёнлари яқинлашаётган бир пайтда – ҳалокатли сиёсий зарбага айланади. Бу эса уларни оқибати пухта ўйланмаган таваккалчилик учун жуда қиммат товон тўлашга мажбур қилади. Энди савол шу: Эрон ўз сабот-матонати билан дунёни ҳайратга солиб, Америка ва яҳудий вужудининг кибрини синдира оладими?

Роя газетасининг 2026 йил 11 март, чоршанба кунги 590-сонидан

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button