Сақофат

Эгоизм — жамият иллати

Эгоизм — жамият иллати

Бутун дунёни қамраб олган капитализм даврида, сиёсий масъулиятсизлик белгиси бўлган эгоизм тобора кучайиб бормоқда. Биз турли психологлардан «шахсий ҳудудни ҳимоя қилиш» каби терминларни тез-тез эшитмоқдамиз. Улар бундай позицияни инсоннинг ўзига ва ўз манфаатларига ғамхўрлик қилишга бўлган табиий интилиши сифатида оқлашади.

Аслида, ўзига ғамхўрлик қилиш хусусияти инсон ҳаётининг табиий бир қисмидир. Бироқ, бу ғамхўрлик очкўзликка, яъни кўпроқ ресурсга, кўпроқ эътиборга ва кўпроқ имтиёзларга эга бўлиш иштиёқига айланганда муаммо туғилади. Бу интилиш нафақат бошқаларнинг ҳисобидан, балки кичик худбинлик мақсадларини илгари суриш орқали амалга оширилади. Бундай эгоизм аста-секин жамиятдаги муҳитнинг яққол кўзга ташланадиган хос хусусиятига айланиб бормоқда.

Индивидуализм деган тушунча бор — у мустақиллик ҳамда шахсий чегараларни ҳурмат қилишни ва ўз ҳаёти учун масъулиятни ўз зиммасига олишни англатади. Инсон эркин бўлиб, мустақил қарор қабул қила олади ва шу билан бирга бошқаларнинг манфаатларини ҳам ҳисобга олиши мумкин.

Эгоизм эса мутлақо бошқача кўринишга эга. У шахсий фойдани барча бошқа фикр ва қарашлардан устун қўяди. Бундай ҳолатда бошқа одамларнинг манфаатлари тўсиқ сифатида кўрилади ёки шунчаки фойдаланиладиган ресурс деб қабул қилинади. Капиталистик манфаатпарастлик маданиятига кўра, индивидуализм билан эгоизм тушунчалари кўпинча аралашиб кетади: шахсий муваффақият ва мустақилликка интилиш катта қадрият сифатида тақдим этилса-да, амалда у доимо атрофдагиларга ва умуман жамиятга бўлган лоқайдликни оқлаш учун қўлланилади.

Эгоистик қарашлар кучайишининг асосий сабабларидан бири — бу капиталистик истеъмол маданиятидир. Капитализм сиёсати ва иқтисодиёти дунёвий (секуляр) ақида билан ўзаро чамбарчас боғлиқдир. Улар шахсий моддий манфаатлар орқали инсоннинг фикрлаш даражасини пасайтиришга ва давлат сиёсатининг яширин режаларидан чалғитишга хизмат қилади.

Шундай қилиб, капитализм иқтисодиёти инсоннинг фақат ўзи учун сотиб олиш ва қўлидан келган ҳамма нарсага эга бўлиш истагини тинимсиз кучайтиришга асосланган. Реклама, маркетинг ва оммавий маданият доимо «етишмовчилик» ҳиссини шакллантириб туради: телефоннинг янги модели, ҳашаматли машина ёки қимматроқ кийим каби қандайдир «муҳим» нарсалар ҳали ҳам йўқлиги тинимсиз инсонларга уқтириб турилади.

Вақт ўтиши билан муваффақият буюмларнинг сони ва истеъмол даражаси билан ўлчана бошлайди. Жамият онгига инсоннинг қадри унинг эгалик қилган нарсаларига боғлиқ, деган фикр сингдирилади.

Бу ҳодисани кундалик ҳаётда ҳам очиқ-ойдин кўриш мумкин. Масалан, янги техника сотиб олиш кўпинча ҳақиқий эҳтиёждан эмас, балки шунчаки бошқалардан орқада қолмаслик истагидан келиб чиқади. Жуда яхши ишлаб турган, хусусан Америкада ишлаб чиқарилган телефон ҳам янги модели чиққани учунгина «эски» деб қабул қилиниши мумкин. Бундай мантиқ бора-бора истеъмолни ўзига хос бир пойгага айлантиради.

Одамлар ўз бойлик даражасини, турмуш тарзини ва муваффақиятнинг ташқи белгиларини ўзаро солиштира бошлайдилар. Бундай муҳитда ҳасад ва бошқалардан кўра кўпроқ нарсага эга бўлиш истаги тез илдиз отади. Шунинг учун ҳам биз iPhone телефонининг янги версиялари сотилиши бўйича рекордларни ва тақдимот кунларида дўконлар олдидаги ҳаддан ташқари узун навбатларга гувоҳ бўламиз.

Иқтисодий рақобат ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Замонавий жамиятлар кўпинча доимий мусобақа ғоясига, аниқроғи, иш ўринлари, карьера ва молиявий имкониятлар учун бўлган пойгага айланган. Бундай шароитда инсон атрофдагиларни эҳтимолий рақобатчи сифатида кўришга ўрганиб қолади. Натижада, ресурслар чекланган ва «бировнинг муваффақияти албатта иккинчисининг мағлубиятини англатади» деган тушунча шаклланади. Бундай қараш бора-бора хатти-ҳаракатларни шакллантирувчи шахсий манфаатларга ғамхўрлик қилиш ишончини мустаҳкамлайди.

Ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши билан кучайган истеъмолчилик ва ўзини кўз-кўз қилиш маданияти ҳам бунга қўшимча таъсир кўрсатмоқда. Рақамли платформалар инсонга ўзининг бир қарашда ҳавас қилгулик ҳаётини, яъни ютуқларини, сотиб олган буюмларини, саёҳатларини ва шахсий муваффақиятларини тинимсиз кўрсатиб тура оладиган муҳитни тақдим этмоқда.

Бундай шароитда инсон ўзини бошқалар билан солиштирмай иложи йўқ. Одамлар ўзгалар ҳаётининг диққат билан саралаб олинган лаҳзаларини кўргач, ўша «идеал» ҳаётга муносиб бўлиш истагини ва эҳтиёжини сеза бошлайдилар. Бу баъзан инсонлар ўртасидаги муносабатларнинг «инструментал» (манфаатга асосланган) тус олишига олиб келади: бошқаларнинг эътибори, қўллаб-қувватлаши (лайклар) ва ташқи томондан «муваффақиятли кўриниш» ўзига хос ижтимоий капиталга айланади.

Шу билан бирга, ҳозирги замонда зиддиятли хусусиятга эга бўлган бир ҳолат юзага келмоқда. Технологик жиҳатдан олиб қараганда, инсоният илгари ҳеч қачон ҳозиргидек яқин алоқада бўлмаган: хат-хабарлар сониялар ичида манзилига етиб боради, мулоқот учун масофаларнинг узоқлиги тўсиқ ҳисобланмайди.

Бироқ, технологияларнинг ўсиши ва техник тараққиётга қарамай, биз айни пайтда ёлғизлик ва ижтимоий яккаланиш муаммосига тобора кўпроқ дуч келмоқдамиз. Алоқалар юзаки бўлиб, одамлар ўртасидаги ишонч тобора заифлашиб боряпти. Қачонки шахсий манфаат ва ўз-ўзини кўз-кўз қилиш инсон онгида энг юқори ўринни эгалласа, самимий муносабатлар иккинчи даражали мақомга тушиб қолади.

Секин-аста бу ҳолат ижтимоий ҳаётга бўлган муносабатда ҳам сезила бошлайди. Агар ҳар бир хатти-ҳаракатнинг бош мезони шахсий манфаат бўлиб қолса, у ҳолда кўплаб жамоавий масалалар «ёт» ёки иккинчи даражали нарса сифатида қабул қилина бошлайди.

Жамоатчилик ташаббусларида қатнашиш, шаҳар ёки мамлакат муаммоларига қизиқиш, нотаниш инсонларга ёрдам беришга тайёр туриш — буларнинг барчаси муайян даражадаги ҳамжиҳатлик ва умумий масъулият ҳиссини талаб қилади. Дунёқарашни торайтириб қўювчи «шахсий муваффақият» ғояси ҳукмронлик қилган пайтда эса бундай туйғулар сўнади. Инсонда: «Агар бирор нарса менга бевосита фойда келтирмаса, у билан шуғулланишнинг нима кераги бор?» деган оддий ва тор тушунча пайдо бўлади.

Вақт ўтиши билан бу ҳодиса ижтимоий муносабатлар тизимига ҳам таъсир қилади. Ҳар қандай жамият нафақат расмий институтларга (қонунлар, давлат органлари), балки биринчи навбатда одамлар ўртасидаги ишончга, ўзаро ёрдам ва ҳамкорликка тайёр туришга таянади.

Бундай қадриятлар заифлашганда, одамлар бир-биридан аввалгидан ҳам кўра кўпроқ бегоналашиб, яккаланиб қолаётганларини ҳис қила бошлайдилар. Ҳар бир шахс худди алоҳида оролда яшаётгандек, атрофдагилар эса ё рақиб, ёки шунчаки кузатувчи деган туйғу пайдо бўлади.

Қизиғи шундаки, капиталистик истеъмол маданияти кўпинча бунинг тескарисини ваъда қилади. У янги харидлар, юқори даромад ва шахсий муваффақият инсонга қониқиш ва эркинлик ҳиссини олиб келадиган ҳаёт тарзини таклиф этади.

Бироқ, амалда мақом ва муваффақиятнинг моддий рамзлари учун бўлган тинимсиз беллашув мутлақо тескари натижа беради. Кутишлар қанчалик юқори бўлса, етишмовчилик ҳисси шунчалик кучли сезилади. Инсон эришган нарсасига тез кўникиб қолади ва ҳеч қандай қониқиш ҳосил қилмай, инстинктив равишда кейинги поғонага интила бошлайди.

Шу боис, капиталистик жамиятдаги эгоизмни муҳокама қилганда, уни фақат айрим шахсларнинг хулқ-атворига берилган маънавий баҳо билан чеклаб қўйиб бўлмайди. Бу ерда кўп жиҳатдан муваффақият ва мезон сифатида нима ҳисобланиши ҳақидаги муайян ишонч ва тушунчаларни шакллантирувчи кенг кўламли маданий ва иқтисодий механизмлар ҳақида сўз бормоқда.

Жамият бойлик тўплаш, мақом ва устунликка интилишни тинимсиз рағбатлантираётган бир пайтда, бундай қадриятларнинг инсонлар ўртасидаги муносабатларга таъсир кўрсатиши ажабланарли эмас.

Бу жараёнларни тушуниш жуда муҳим, чунки ҳар қандай жамиятнинг барқарорлиги фақат иқтисодий кўрсаткичларга боғлқ эмас, балки одамлар ўртасидаги ишонч ва ҳамжиҳатлик даражасига боғлиқдир. Умумий муаммоларга қизиқиш ва ҳамкорликка тайёр туриш сақланган жойдагина ижтимоий алоқалар мустаҳкам бўлади.

Аксинча, яккаланган ҳолдаги шахсий муваффақият ғояси устунлик қилганда, жамият бора-бора бир-биридан бегоналашиш ва парчаланиш иллатига мубтало бўлади.

Давоми бор…

Латифул Расих

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button