Сақофат

Силаи раҳм – Саховат ва қариндошлик ҳамжиҳатликка олиб борадиган йўлдир

Силаи раҳм – Саховат ва қариндошлик ҳамжиҳатликка олиб борадиган йўлдир

Исломда силаи раҳм — қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш тушунчаси алоҳида ўринга эга. Исломий дунёқарашга кўра, бу тамойил ижтимоий ҳаётнинг маънавий пойдевори ҳисобланади. Айнан шу тамойил орқали инсонлар ўртасида самимий алоқалар шаклланади, ўзаро ишонч томир отади ва жамият барқарорлиги учун мустаҳкам асос вужудга келади. Қариндошлик ришталарини асраб-авайлаш мўмин кишининг Яратган олдидаги ҳамда қариндошлари ва оилавий яқинлари олдидаги муқаддас бурчи саналади.

Қуръони Каримда Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:

وَاَعْبُدُوا اللّٰهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِه۪ شَيْـًٔا وَبِالْوَالِدَيْنِ اِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبٰى وَالْيَتَامٰى وَالْمَسَاك۪ينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبٰى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّب۪يلِۙ وَمَا مَلَكَتْ اَيْمَانُكُمْۜ

«Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз!». (4:36)

Ушбу оятда қариндош-уруғларга ғамхўрлик қилиш буйруғи Исломнинг энг улуғ аркони бўлмиш тавҳид билан ёнма-ён келтирилмоқда. Қариндошлик алоқасининг бундай тартибда келиши уни сақлаш мусулмон жамиятининг маънавий ва ижтимоий ҳаёти учун нечоғлик муҳим эканини яққол кўрсатиб турибди.

Исломдаги қариндошлик тушунчаси шунчаки оила аъзолари ўртасидаги оддий мулоқотдан анча кенг ва теран маънога эгадир. Силаи раҳм — яқинларининг аҳволидан доимо хабар олишни, уларнинг эҳтиёжларига эътибор қаратишни, ҳаётидаги қувонч ва ташвишларига шерик бўлишни ҳамда ҳар қандай ҳолатда ёрдамга шай туришни англатади.

Бу эса турли кўринишларда намоён бўлиши мумкин. Масалан: қариндошларни зиёрат қилиш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш, ширин сўзлар айтиш, уларнинг қадр-қиммати ва ор-номусини ҳимоя қилиш каби. Ҳаттоки, кичик бир эътибор белгиси ҳам юксак қадрланади. Масалан, мусулмон киши ёши улуғ қариндошларини мунтазам йўқлаб туради, рўзғор ишларида кўмаклашади ва ҳаётнинг оғир дамларида уларга маънавий далда беради. Исломда бундай амаллар шунчаки хушмуомалалик белгиси эмас, балки биринчи галдаги диний вазифани адо этиш сифатида қабул қилинади.

Аллоҳ таоло айтади:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُم مِّن نَّفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالًا كَثِيرًا وَنِسَاءً ۚ وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي تَسَاءَلُونَ بِهِ وَالْأَرْحَامَ ۚ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَيْكُمْ رَقِيبًا

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир». (4:1)

Қариндошлик — илоҳий тартибнинг ва инсоният ижтимоий тузилишининг ажралмас қисмидир. Одамзот бир илдиздан тарқалган, шу боис улар ўртасидаги алоқаларни сақлаш илоҳий қонуниятга бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром белгисидир.

Ислом умматининг тарихи шуни кўрсатадики, ижтимоий кўмакнинг энг мустаҳкам тизими айнан қариндошлик ришталари орқали шаклланган. Исломий муҳитда қариндошлар инсон ҳаётида ҳамиша ҳал қилувчи рол ўйнаб келишган. Агар кимдир молиявий қийинчиликка учраса, касал бўлса ёки бошига мусибат тушса, биринчи бўлиб оиласи ва қариндошлари ёрдамга ошиққан. Ёш авлод илм олишда ёки ўз ишини бошлашда катталарнинг дастагига таянган. Оила кексалари эса фарзандлари ва набиралари ардоғида, иззат-икромда ҳаёт кечиришган. Шу тариқа, қариндошлик алоқалари жамиятни муҳофаза қилувчи табиий механизмга айланган.

Исломдаги силаи раҳмнинг энг муҳим устунларидан бири — саховатдир. Саховат ва ҳиммат кўрсатиш шунчаки хайрия қилиш билан чекланмайди. Чунки яқинларга моддий ёрдам кўрсатиш бу вазифанинг бир қисми, холос. Бу ерда гап анча теран ахлоқий фазилат ҳақида кетмоқда. Бу инсондан ўзида бор бўлган неъматлар: мол-мулк, вақт, илм ёки шунчаки меҳр-эътиборни баҳам кўришни талаб қилади.

Қачонки инсон қариндошига қарзини тўлашида кўмаклашса, оғир кунида елкадош бўлса ёки бирон жиянининг таълим олишига шароит яратиб берса, у савобга эга бўлиш билан бирга инсонлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди ва шу орқали бутун жамият тизиминнинг жипслашишига улкан ҳисса қўшган бўлади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ қариндошларга ёрдам беришнинг фазилатини алоҳида таъкидлаб, шундай деганлар:

 الصدقة على المسكين صدقة، وعلى ذي الرحم ثنتان: صدقة، وصلة 

««Мискинга қилинган садақа — бир садақадир. Қариндошга қилинган садақа эса, ҳам садақа, ҳам силаи раҳм (қариндошлик риштасини боғлаш)дир». (Имом Термизий, Ибн Можа ривояти).

Шундай экан, Исломда қариндошларга ёрдам бериш шунчаки мурувват эмас, балки жамиятни ичдан мустаҳкамловчи улуғвор иш сифатида эътироф этилади.

Саховат инсонлар ўртасидаги тўсиқларни парчалайди. Қайси жойда ўзаро баҳам кўриш ва кўмаклашиш фазилати бор бўлса, у ерда ҳасад, адоват ва бир-биридан узоқлашишга ўрин қолмайди. Масалан, моддий ютуқларга эришган оила аъзоларидан бири ўз яқинларини унутмаса, аксинча, уларнинг турмуш шароитини яхшилашга кўмаклашиб, оғир дамларида елкадош бўлса, бу бутун бир авлод ўртасидаги жипслик туйғусини мустаҳкамлайди. Бундай муҳитда одамлар ўзганинг муваффақиятини ҳамма учун келган қут-барака сифатида қабул қила бошлайдилар. Бунинг тескариси ўлароқ, қачонки инсон фақат ўз манфаатларини кўзлаб, яқинларининг эҳтиёжларига бефарқ қараса, орада совуқчилик ва гина-кудуратлар пайдо бўлади. Бундай ҳолат вақт ўтиши билан қариндошлик ришталарининг илдизидан завол топишига олиб келади.

Пайғамбаримиз ﷺ қариндошлик ришталарини боғлаш нафақат маънавий, балки теран ҳаётий қадрият эканини ҳам кўрсатиб берганлар. У зот ﷺ:

 «مَنْ سَرَّهُ أَنْ يُبْسَطَ لَهُ فِي رِزْقِهِ، وَأَنْ يُنْسَأَ لَهُ فِي أَثَرِهِ، فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ»

«Ким ризқи кенг бўлишини ва умри узоқ бўлишини хоҳласа, қариндошлик ришталарини (силаи раҳмни) боғласин», – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Демак, силаи раҳм инсон ҳаётига нафақат маънавий оламда, балки дунёвий тирикчиликда ҳам барака олиб келади. Бундан ташқари, қариндошлик ришталарини асраш чин иймон белгиси саналади. Аллоҳнинг Расули ﷺ: «Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин», – дея алоҳида таъкидлаганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бинобарин, инсоннинг ўз яқинларига бўлган муносабати унинг тақвоси ва иймони қай даражада теран эканидан далолат беради.

Қачонки қариндошлик алоқалари Ислом асосида, ўзаро ғамхўрлик ва саховат тамойиллари билан суғорилса, халқ орасида ижтимоий ҳамжиҳатликнинг кенг тармоғи юзага келади. Оила инсон учун дастлабки бирдамлик сабоқларини берувчи масканга айланади. Инсон бошқаларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишни, ўзаро ёрдам ёрдамлашишни ва масъулиятни ўз зиммасига олишни айнан оилада ўрганади.

Бу асил фазилатлар вақт ўтиши билан қўшнилар, ҳамкасблар ва бутун жамият аъзолари билан бўлган муносабатларда, ҳатто давлат миқёсида ҳам ўз аксини топа бошлайди. Мустаҳкам оилавий ришталар ҳукм сурган муҳитда улғайиб камол топган инсонлар бошқалар билан ишончли алоқаларни осон ўрнатадилар. Чунки улар атрофдагиларни рақиб сифатида эмас, аксинча келажакдаги елкадош ҳамроҳ сифатида кўришга одатланадилар.

Шу билан бирга, Ислом дини қариндошлик ришталарини узишнинг оғир оқибатларидан огоҳлантиради. Қуръони Каримда Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:

وَالَّذِينَ يَنْقُضُونَ عَهْدَ اللَّهِ مِنْ بَعْدِ مِيثَاقِهِ وَيَقْطَعُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَنْ يُوصَلَ وَيُفْسِدُونَ فِي الْأَرْضِ ۙ أُولَٰئِكَ لَهُمُ اللَّعْنَةُ وَلَهُمْ سُوءُ الدَّارِ

«Аллоҳга берган аҳд-паймонларини мустаҳкам бўлганидан кейин бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳнинг) лаънати бўлур ва улар учун энг ёмон диёр — жаҳаннам бордир» (13:25).

Демак, қариндошлик ришталарини узилиши ижтимоий тартибнинг бузилишига ва ахлоқий таназзулга олиб келади. Бу масаланинг ниҳоятда нозик ва теран моҳияти машҳур ҳадиси қудсийда баён этилган:

«أَنَا الرَّحْمَنُ، خَلَقْتُ الرَّحِمَ، وَشَقَقْتُ لَهَا اسْمًا مِنِ اسْمِي، فَمَنْ وَصَلَهَا وَصَلْتُهُ، وَمَنْ قَطَعَهَا بَتَتُّهُ»

«Мен Раҳмонман Мен «раҳм»ни (қариндошлик риштасини) яратдим ва унга Ўз исмимдан ном бердим. Ким уни боғласа (қариндошлар билан алоқа қилса), Мен ҳам у билан боғланаман. Ким уни узса, Мен ҳам ундан (Ўз раҳматимни) узаман». Имом Бухорий ва Термизий ривояти).

Бундай муносабатлар орқали жамиятда ҳамжиҳатлик маданияти аста-секин шаклланади. Бунинг натижасида инсон ўзини фақат кичик бир оила аъзоси эмас, балки улкан бир жамиятнинг (Умматнинг) узвий бўлаги сифатида ҳис эта бошлайди. У жамият фаровонлиги ҳар бир аъзонинг фаровонлиги билан чамбарчас боғлиқ эканини англаб етади.

Хулоса қилиб айтганда, силаи раҳм орқали ижтимоий ишларга ҳисса қўшиш, муҳтожларга кўмаклашиш ва жамоавий ташаббусларни қўллаб-қувватлашга бўлган интилиш кучаяди. Бу эса ижтимоий барқарорлик ва сиёсий бирлик учун ғоят муҳимдир. Инсонлар мустаҳкам ижтимоий ва оилавий ришталар билан бирлашган жамиятда ишонч даражаси юқори бўлади. Бундай жамиятда одамлар муаммоларни ўзаро мулоқот ва қўллаб-қувватлаш орқали ҳал этишга ўрганганлари боис, бир тўхтамга келиш анча осон кечади.

Қариндошлик меҳри устувор бўлган жамиятда катта фитналарнинг юз бериш эҳтимоли камаяди. Бундай шароитда одамлар нафақат ўзлари учун, балки оиласи, сулоласи ва бутун исломий умматнинг қадр-қиммати учун масъулиятни ҳис қиладилар.

Шундай экан, силаи раҳм — бу шунчаки диний буйруқ эмас, балки қудратли ижтимоий механизмдир. Қариндошлик ришталарини сақлаш орқали саховат, ўзаро масъулият ва ишонч туйғулари шаклланади. Бу қадриятлар жамият бирдамлигини мустаҳкамлаб, жамият иттифоқига замин яратади ва сиёсий жипслик ва кучли давлат барпо этиш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Ислом мафкураси нафақат ахлоқий идеалларни, балки барқарор ва қудратли жамият қуришнинг амалий моделини таклиф этади. Бундай жамиятда ҳар бир инсоннинг фаровонлиги бутун Умматнинг фаровонлигига чамбарчас боғлиқ бўлади.

Латифул Расих

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button