Мақолалар

Рақамли молия – назорат қуролидир

Рақамли молия – назорат қуролидир

Жўқорғи Кенгешнинг Бюджет, иқтисод ва фискал сиёсат бўйича қўмитаси векселларнинг электрон шаклини жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишдаёқ маъқуллади. Ушбу ҳужжат Қирғизистоннинг «Ўтказма ва оддий векселлар» тўғрисидаги конвенцияга қўшилиш ҳақидаги қонунига ўзгартиришлар киритишни назарда тутади.

Бир қарашда, бу навбатдаги «модернизация», эскирган молиявий воситаларни рақамлаштириш, қоғозбозликни камайтириш ва харажатларни тежаш каби ижобий қадамдек туюлиши мумкин. Расмий доиралар ҳам буни бизнес учун қулайлик яратиш ва халқаро стандартларга яқинлашиш сифатида тақдим этмоқда. Бироқ бу ўзгаришларни молиявий тизимдаги умумий жараёнлар контекстида таҳлил қилсак, гап (айниқса бизнес учун) қулайлик ҳақида эмас, балки иқтисодий муносабатларнинг туб моҳиятини ўзгартириш ҳақида кетаётгани ойдинлашади.

Вексель, ҳатто қоғоз шаклида бўлса-да, шу пайтгача умумий воситачиларсиз иқтисодий мажбуриятларни мустаҳкамлаш қуроли бўлиб келган. Уни мажбурий рақамли имзо орқали электрон шаклга ўтказиш шунчаки қулайлик яратган техник янгилик эмас, балки ҳар қандай молиявий мажбуриятни фақат давлат назорати остидаги ягона қайдлар тизимига муҳрлаш демакдир. Бундай қайдларни кузатиш, таҳлил қилиш ва зарурат туғилганда чеклаш мумкин. Демак, бу ерда гап иқтисодий тараққиёт ҳақида эмас, балки иқтисодиётнинг ишлаш принципи ўзгариши, аниқроғи, билвосита назоратдан мутлақ назоратга ўтиш ҳақида бормоқда.

Бу янгилик эмас ва Қирғизистон бу соҳада биринчи ҳам эмас. Қирғизистон 2022 йилги воқеалардан сўнг Россияда жадал суратда тус олган усулларни такрорламоқда. Рус ҳукумати юзага келган иқтисодий муаммолар босими остида молиявий тизимларни жиловлашга ва уларни назорат қилишга мажбур бўлиб, уларни ўзининг доимий қуролига айлантириб олди. Умуман олганда, Марказий Осиё ҳар қандай иқтисодий фаолликни очиқ-ойдин ва бошқариш мумкин бўлган ҳолатга келтирувчи рақамли воситаларни жорий этиш орқали айнан шу йўналишда илгарилаяпти. Шахсий иқтисодий ташаббуслар «хатарларни камайтириш» ва «халқаро стандартларга мослаштириш» ниқоби остида мустамлакачиларга қарам бўлган муҳитда сақланиб қолмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, гап фақат банк амалиётлари ёки солиқлар ҳақида эмас, балки молиявий муносабатларнинг барча қатламлари босқичма-босқич жиловланаётгани ҳақида бормоқда. Ҳатто вексель каби воситаларнинг рақамли форматга ўтказилиши назорат қилиш имкони бўлган ҳар бир соҳанинг аста-секин жиловланаётганидан дарак беради. Натижада, «молиявий сир» тушунчаси ўз қийматини йўқотиб, ҳар қандай келишув ягона маълумотлар базасининг кичик бир элементига айланмоқда.

Масаланинг иқтисодий жиҳатидан ташқари, унинг дунёқараш билан боғлиқ томони ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир. Исломда пул ва қимматли қоғозлар масаласига доир ўзига хос қоидалар мавжуд. Олим Ато ибн Халил Абу ар-Раштанинг «Рақамли пуллар борасидаги Ислом ҳукмлари» (2017) асарида таъкидланишича, Шариатда Пайғамбаримиз ﷺ даврларида қўлланган фақат олтин ва кумушгина, яъни динор ва дирҳамгина ҳақиқий валюта ҳисобланади. Рақамли ва виртуал тузилмаларга валюта сифатида эмас, тўлақонли таъминоти йўқ ва келиб чиқиши номаълум товар сифатида қаралади. Вексель эса бу ерда фақат қарз мажбурияти сифатида қабул қилинади. Шу боис, «рақамли пул» тушунчаси ва унинг кўринишлари замонавий тизим муаммоларини ҳал қилмайди, аксинча, уларни янада чуқурлаштиради.

Бундан янада кенгроқ хулоса чиқариш мумкин: олтин ва кумуш муомаласидан қоғоз пулларга ва кейинчалик рақамли шаклларга ўтиш кўринишидаги молиявий эволюция — яхлит бир жараёндир. Бу жараён:

  • Пулни ҳақиқий қийматидан айириб, инфляция ва чайқовчиликка (спекуляцияга) йўл очади;
  • Заиф иқтисодиётларнинг кучли давлатларга бўлган қарамлигини оширади;
  • Пулни судхўрлик (рибо) ва мутлақ назорат қуролига айлантиради.

Шунга кўра, рақамлаштириш шунчаки бетараф босқич эмас, балки молиявий ўзгаришларнинг мантиқий якуни ҳисобланади. Бу босқичда пул бутунлай абстракт қайдга айланиб, фақат тизим ичида мавжуд бўлиб қолади ва тўлиқ ўша тизим томонидан бошқарилади. Бундай нуқтаи назардан қараганда, оқибатлар техник эмас, балки тизимли характер касб этади. Бугунги кунда иқтисодий ҳаёт мутлақо шаффоф ва бошқариладиган ҳолатга айланган бўлиб, бошқа муқобил вариантлар четга сурилган модел шаклланмоқда. Агар Исломий нуқтаи назарга таянилса, бу ҳолатдан чиқиш йўли рақамлаштиришни давом эттиришда эмас, балки молия тизимини тубдан қайта кўриб чиқишдадир. Бошқача айтганда, олтин ва кумуш каби ҳақиқий қийматга асосланган, таъминоти мавжуд бўлган пул шаклларига қайтиш лозим. Фақат шу қадам билан ҳозирда тўпланиб қолган иқтисодий мувозанатсизликни бартараф этиш ва мустамлакачи молиявий марказларга бўлган қарамликдан халос бўлиш мумкин.

Абду Шүкүр

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button