Мустамлакачилар ҳомийлигида очилган таълим даргоҳлари

Мустамлакачилар ҳомийлигида очилган таълим даргоҳлари
Бишкек шаҳрида Марказий Осиё давлат бошқаруви олий мактаби ўз фаолиятини бошлади. Мазкур билим юрти “Central Asia Capital” ҳамда Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси (РАНХиГС) ўртасидаги ҳамкорлик асосида иш бошлади. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад — мамлакат ижро ҳокимияти учун юқори даражадаги раҳбар кадрларини тайёрлашдан иборатдир.
Россия элчихонасининг биринчи котиби Алексей Пойда Қирғизистон ва Россия стратегик шериклар эканини, турли соҳаларда, хусусан, давлат бошқаруви учун кадрлар тайёрлаш борасида ҳам аввалдан изчил ҳамкорлик қилиб келаётганини алоҳида таъкидлади. Унинг эътироф этишича, ушбу дастур раҳбарлар ва давлат хизматчилари учун билим олишнинг янги уфқларини очиб беради.
Шу билан бир қаторда, президент Садир Жапаров Қирғиз-Россия Славян университетининг янги кампусини қуриш шартлари тўғрисидаги келишувни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади. Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун жорий йилнинг 18 мартида Жогорку Кенеш томонидан қабул қилинган эди. У Қирғиз-Россия Славян университети учун янги кампус қуришни ўз ичига олади. Қурилишни молиялаштириш Россия томонидан амалга оширилади ва пудратчини ҳам Россиянинг ўзи белгилайди. Қирғизистон эса Байтик қишлоғидан 29,7 гектар ер майдонини бепул ва муддатсиз фойдаланиш учун ажратиб беради.
Изоҳ:
Мустамлакачи кучлар ўз манфаатларини амалга ошириш ва таъсир доирасини кенгайтириш йўлида «юмшоқ куч»нинг бир кўриниши сифатида мана шундай ўқув даргоҳларини ташкил этади. Бу ерда шунчаки таълим берилибгина қолмай, балки ўша давлатнинг қадриятлари, манфаатлари ва сақофати (маданияти) сингдирилади. Бошқача айтганда, бу даргоҳнинг битирувчилари келажакда ўз ватанида туриб, ўша мустамлакачи давлатнинг манфаатларига хизмат қилувчи содиқ кадрлар бўлиб етишиб чиқади.
Бугун Қирғизистонда мустамлакачи давлатлар ўртасидаги бу рақобат, аниқроғи одамларнинг онгини эгаллаш ва содиқ кадрлар тайёрлаш учун кураш тобора кучайиб бормоқда. Мамлакатда нафақат Россия, балки АҚШ ва Хитой ҳам бу борадаги ўз ҳаракатларини аллақачон бошлаб юборган. Марказий Осиёдаги Америка университети АҚШ сақофатини тарғиб қилса, маҳаллий олий таълим муассасалари қошида очилган кўплаб Хитой марказлари ва факультетлари Хитой сақофатини ёйиш билан банд.
Кадрлар тайёрлаш масаласи худди инвестиция ёки технологиялар каби кучли таъсир ўтказиш қуроли ҳисобланади. Зоҳиран бу лойиҳалар билимни ривожлантириш ва рақобатни кучайтиришдек кўринса-да, аслида улар таълим билангина чекланиб қолмайди. Бундай ташаббуслар орқали муайян сақофат ва қадриятлар қолипига тушган мутахассисларнинг янги авлоди шакллантирилади. Узоқ муддатли келажакда эса, бу дастурлар фақат уларни ташкил этган томоннинг манфаатларига содиқ раҳбарлар ва мутахассислар етишиб чиқишига хизмат қилади.
Харун Абдулхак




