Ғарбнинг Исломга қарши урушда ўзига хизмат қилганлардан воз кечиши

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ғарбнинг Исломга қарши урушда ўзига хизмат қилганлардан воз кечиши
Ғарбнинг мустамлакачилик стратегияси ва Ислом Умматига нисбатан сиёсати Исломни ҳазорат ва рисолат сифатида кўриб, унга қарши курашишга қаратилган эди. Шу мақсадда улар улкан ва ёвуз фитналар орқали Ислом давлатини қулатиш, парчалаш ва бўлиб ташлашга уринишди. Умматнинг танаси қулаб, парчалангач, уларнинг асосий режаси Исломнинг ҳокимиятга қайта келишига ҳамда мусулмонларнинг бирлашишига йўл қўймасликдан иборат бўлди. Ғарб ўз сиёсат ва фитналарини амалга ошириш жараёнида айрим мусулмон фарзандларидан фойдаланиб, уларни тафаккур, сиёсат, бошқарув ва оммавий ахборот соҳаларида пухта тайёрлаб, хизматга сафарбар этди. Ғарб шарқшуносларидан бири эса шундай деган эди: «Ислом дарахтини албатта унинг ўз фарзандларидан бири кесиши лозим».
Британия Шариф Ҳусайнни Араб исёнини бошлашда қўллаб-қувватлаб, унга Халифалик ваъдаси орқали умид бағишлади. Бу эса Усмоний Халифаликни заифлаштиришга, кейинчалик эса уни парчалаш ва қулатишга хизмат қилди. Бироқ Британия ўз мақсадига эришгач, Шариф Ҳусайндан юз ўгирди ва берган ваъдасини инкор этди. Ҳатто уни сургунга юбориб, уй қамоғига маҳкум этди ва у алам-изтироб ичида ҳаётдан кўз юмди. У ва ундан бошқа Британия ўз режасини муваффақиятли амалга ошириш учун фойдаланган етакчилар, партия ва уюшмалар Халифаликни парчалаш, миллатчилик ва маҳаллийчилик ғояларини тарқатиш ҳамда қўғирчоқ функционал давлатчаларни барпо этиш йўлида хизмат воситаси сифатида ишлатилган.
Бугун Ғарб айрим мусулмон фарзандларини фикр, сиёсат, маданият ва дин соҳаларида ўзининг малайлари сифатида ишга солиб, улар орқали Умматнинг қайта тикланиши ва исломий ҳаётнинг бошланишини тўсишга уринмоқда. Шу мақсадда у динни ҳаёт ва давлатдан ажратиш ақидасини тарғиб қилмоқда, Исломни ўзгартириш талабини илгари сурмоқда ҳамда «Америкача ислом», «Францияча ислом» ёки «Европа исломини» шакллантириш ғоясини кенг ёймоқда. Шунингдек, Исломнинг собит ақидаларига шубҳа солиш ва ғалаён чиқариш ҳаракатларини амалга оширмоқда. Ўзларини «замонавийлар» деб атаганлар томонидан ваҳий матнларини секуляр тафаккур асосида талқин қилишга чақириқлар эса бунинг яққол далилидир. Бундан ташқари, марокашлик худосиз Риян Бейдан қолдирган мактуб ҳам шу ҳақиқатни очиб беради. Унда у Ғарб уни Исломга қарши курашда ишлатгани, кейин эса ундан воз кечганини очиқ тан олган. Бу эса Ғарбнинг ҳақиқий хунук башарасини намоён қилади: мақсадлари тугагач, у ўз хизматчиларини ё ташлаб кетади, ёки бутунлай йўқ қилади.
Исломга қарши олиб борилаётган бу урушда Ғарб мусулмон ҳукмдорларини ўз манфаатлари йўлида ишлатмоқда. Бироқ шунга қарамай, улардан рози бўлмай, яна кўпроқ хизмат кўрсатишларини талаб қилмоқда. Бу борада Покистон собиқ раиси Имрон Хоннинг 2018 йил 19 ноябр куни Твиттер саҳифасида ёзган сўзлари ёдга тушади. У АҚШ президенти Дональд Трампнинг «Америка Покистонга кўп ёрдам қилди, аммо Покистон экстремизм ва терроризмга қарши курашда ўз бурчини бажармади» деган айбловига жавобан, Покистоннинг Америка учун қилган хизматларини ҳимоя қилди. У шундай деди: «Покистон Америка олиб борган терроризмга қарши урушда иштирок этишни танлади. Бу уруш натижасида Покистон 75 минг инсон қурбон берди ва иқтисодиётдан 123 миллиард доллардан ортиқ йўқотишга учради. Ҳолбуки, Америка кўрсатган ёрдам миқдори бор-йўғи 20 миллиард долларни ташкил этди». Шунингдек, Покистон мудофаа вазири Хаважа Асиф ҳам 2018 йил 19 ноябрда ўз Твиттер саҳифасида қуйидагиларни ёзди: «Покистон ҳануз Америка учун қон тўкяпти, чунки биз ўзимизга тегишли бўлмаган урушларда қатнашдик. Биз динимиз қадриятларини Америка манфаатларига мослаштириш йўлида йўқотдик. Шу билан бирга, руҳимиздаги бағрикенгликни йўқ қилиб, унинг ўрнига таассуб ва тоқатсизликни қўйдик».
Албатта, ваҳий олиб келган Аллоҳнинг Китобидаги оятлар ҳақдир. Аллоҳ таоло шундай деган:
وَلَن تَرۡضَىٰ عَنكَ ٱلۡيَهُودُ وَلَا ٱلنَّصَٰرَىٰ حَتَّىٰ تَتَّبِعَ مِلَّتَهُمۡۗ قُلۡ إِنَّ هُدَى ٱللَّهِ هُوَ ٱلۡهُدَىٰۗ وَلَئِنِ ٱتَّبَعۡتَ أَهۡوَآءَهُم بَعۡدَ ٱلَّذِي جَآءَكَ مِنَ ٱلۡعِلۡمِ مَا لَكَ مِنَ ٱللَّهِ مِن وَلِيّٖ وَلَا نَصِيرٍ
«Яҳудий ва насронийлар уларнинг динига кирмагунингизча ҳаргиз сиздан рози бўлмайдилар. Айтинг: «Аллоҳнинг йўлигина ҳақиқий йўлдир». Қасамки, агар сизга келган ҳақиқий билимдан кейин уларнинг нафс-ҳаволарига эргашсангиз, Аллоҳ тарафидан сизга на бир дўст ва на бир ёрдам бергувчи бўлмайди» [Бақара 120]
Бу – Ғарб воқелигида ўз тасдиғини топаётган Қуръоний ҳақиқатдир. Чунки сен унга қанча хизмат қилма, ҳатто ўз дининг ва Умматингга қарши иш қилсанг ҳам, вазифанг тугаган заҳоти у сени чиқиндилар қутисига ташлайди ёки йўқ қилади. Бу эса инсонни дунёда ҳам, охиратда ҳам катта зиёнга маҳкум этади.
Эй Ислом Умматининг ўзини бузуқ ва бузғунчи Ғарб доираларига хизматга бағишлаб, унинг заҳарли ва вайронкор лойиҳаларини амалга оширишда восита бўлган фарзандлари! Ўзингизни тузатинглар, Уммат бағрига қайтинглар ва Ислом билан ярашинглар. Динингизга сидқидилдан хизмат қилинглар ҳамда исломий ўзгариш учун ихлос билан курашаётган биродарларингизга кўмак беринглар. Исломий ҳаётни қайта тиклаш ва Аллоҳ таолонинг ваъдасини рўёбга чиқариш йўлида ҳамжиҳат бўлинглар. Ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо ﷺ хушхабар берганидек, Пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи рошид Халифаликни барпо этишга интилинглар. Ана ўшанда у Ғарб устидан вазиятни тубдан ўзгартириб, унинг бузғунчи цивилизациясига якун ясайди, яхшилик ва адолатни қарор топтиради ҳамда бутун инсониятга тинчлик ва хотиржамлик олиб келади.
Роя газетасининг 2025 йил 3 сентябр, чоршанба кунги 563-сонидан