Матбуот баёноти

Ақсо тўфони операциясининг иккинчи йиллик хотираси

Матбуот баёноти

Ақсо тўфони операциясининг иккинчи йиллик хотираси

Шаҳидларнинг пок қони билан суғорилган самаралар

Бу йил 7 октябр куни Ақсо тўфони операциясига роппа-роса икки йил бўлди. Босқинчи яҳудий вужуди бу икки йил мобайнида Ғазодаги биродарларимизни нишонга олиб, уларга нисбатан ўлдириш, қочқинга айлантириш ва очликка маҳкум этиш сиёсатини олиб бормоқда. Йиртқичлик ва шафқатсизликнинг энг оғир шаклларини қўлламоқда. Хўш, бу адолатсиз уруш ортидан нималар ўзгарди?!

Биринчи: Яҳудий армияси ўзини замонавий қурол-аслаҳа ва юқори технологияли разведка ускуналари билан жиҳозланган, сўнгги ўнлаб йиллар мобайнида Фаластин аҳли ҳамда уни ўраб турган ҳалқа давлатлар армиялари устидан доимо ғолиб келган енгилмас қўшин сифатида намоён қилиб келаётган эди. Бироқ Ақсо тўфони операцияси бу яҳудий вужудининг асл башарасини очиб ташлади, унинг даъволари ёлғонлигини, пойдевори ўргимчак уйидан ҳам заиф эканини, унинг жангчилари эса энг паст қўрқоқ тўдадан иборатлигини очиқ намоён қилди. Агар уни атрофдаги режимлар мудофаа қилмаганида ва Америка қўллаб-қувватламаганида, у вужуд аллақачон ер юзидан бутунлай ўчириб ташланган бўлар эди ва Ақсо тўфони шу ҳақиқатни ҳам намоён қилди.

Ғазо аҳлидан чиққан озчилик гуруҳ яҳудий вужудини шарманда қилиб, бурнини ерга ишқаб қўйди. Улар душман назоратидаги ҳудудларга яширинча кириб, танкларни қўлга киритди, аскарларни асир олди ва нол масофада ҳужум уюштириб, оғриқли зарба берди. Бу воқеа яҳудий вужудини бутун дунё олдида шарманда қилди ва хиёнаткор режимларнинг ўз ожизлигини баҳона қилиб, босқинчини тор-мор этиш қудратига эга эмасликларини иддао қилиб келган ёлғонларини фош этди.

Ақсо тўфони амалиёти режимлар ва уларга бўйсунувчи армияларнинг ўз биродарларини ёрдамсиз қолдирганига, шунингдек, ўзларида ҳеч қандай куч-қудрат йўқлиги ҳақидаги ёлғон даъволарига гувоҳ бўлиб қолади. Ахир мужоҳидлар ихтиёридаги оз сонли қурол-аслаҳа билан армиялар тасарруфидаги ҳарбий анжомлар ўртасида осмон билан ерча фарқ бор! Фарзандини йўқотган оналарнинг нидосини эшитиб, унга дарҳол жавоб қайтарганлар билан, уни эшитиб туриб ҳам қулоларини беркитиб олганлар ўртасида улкан фарқ бор.

Иккинчи: ушбу амалиёт ўзларини инсон ҳуқуқлари, хотин-қизлар ҳуқуқлари ва эркинликлар ҳимоячиси сифатида кўрсатиб келганларнинг дунёдан яшириб келинган иккиюзламачилигини фош этди. У Ғарбнинг баёнотлари ва қуруқ шиорлари билан унинг бегуноҳларни қонга ботириш ҳамда босқинчи вужудни қурол билан таъминлашдаги ҳамкорлиги ўртасидаги чуқур зиддиятни очиб ташлади.

«Инсон қадриятлари ҳимоячилари»нинг ҳамда «ҳуқуқ ва ҳуррият посбонлари» томонидан ташкил этилган болалар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ва хотин-қизлар ташкилотларининг асл башараси бутун дунёга фош бўлди. Зеро, улар Ғазодаги аёллар ва болаларга нисбатан амалга оширилаётган қирғинларни кўриб туриб ҳам, жирканч сукутни ихтиёр қилдилар. Аниқроғи, улар халқаро ҳуқуқни, аёллар ҳуқуқи, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларга оид барча шартномаларни, шунингдек, ўзларининг мағрурлик билан қилиб келган даъволарини ахлат қутисига улоқтирдилар. Шу тариқа, бу сохта шиорларга ўралган инсонийлик ниқоби йиртилиб, бутун дунёдаги виждонли инсонлар учун асл ҳақиқати фош бўлди.

Ғазо аҳли бошидан кечираётган бу фожиа дунёдаги кўплаб халқларни қўзғатиб юборди. Улар ўз юртларидаги қонун ва чекловларга қарамасдан, дунё пойтахтларида мисли кўрилмаган миллионлар намойишига чиқиб, босқинчи вужуд томонидан содир этилаётган жиноятларни кескин рад этишларини ифода этдилар. Шу боис Ғазодаги уруш мавжуд халқаро тузумнинг сохталигини фош этди. Шу билан бирга, Ғазо аҳлининг қонига ботган жинояткор режимлар билан, ҳатто ҳайвонлар ҳам юз ўгирадиган бундай ваҳшийликларни қоралаётган халқлар ўртасидаги улкан жарликни ҳам яққол намоён қилди.

Ғазодаги уруш жиноятларининг даҳшатли кўлами Ғарбнинг «яхшилик» ва «ёмонлик» тушунчаларини зўравонлик мезони асосида белгилашини, шунингдек инсонпарварлик меъёрларидаги иккиюзламачилигини рад этувчи янги глобал онг шаклланишига туртки бўлди. Бу ўзгаришнинг илк аломатлари бойкот ҳаракатларида, оммавий намойишларда ва Ғазо қамалини бекор қилишга қаратилган ташаббусларда яққол кўзга ташланди.

Учинчи: Ғазо аёллари улкан мусибатларга дуч келган бўлсалар-да, сўнгги икки йил мобайнида бутун инсониятга сабр-қаноатли ва Аллоҳдан савоб умидида бўлган муслима аёлнинг ёруғ намунасини намоён қилдилар. Улар фарзандлари, турмуш ўртоқлари ва қариндошларини бирин-кетин шаҳидликка кузатар экан, кўрсатган матонат ва собитқадамликлари кўплаб Ғарб аёлларининг ақлини лол қолдирди.

Ҳозирги замоннинг хансоалари ўз табиати ва феъл-атворларида Ислом ақидасининг таъсирини намоён этар экан, ҳеч қачон сустлашмасликлари ва таслим бўлмасликларини исботладилар. Улар қаҳрамонларни етиштириб, мард инсонларни камолга етказадиган фидоий аёллар бўлиб қоладилар. Шу билан бирга, Фаластин дарёдан то денгизгача тўлиқ озод этилгунига қадар фидокорлик ва жонкуярликни давом эттириб, бу улуғ мақсадга эришмагунча орқага чекинмайдилар.

Ғазо аёлларининг деярли барчаси АҚШ ва унга тобе араб давлатлари томонидан илгари сурилаётган «икки давлатли ечим» Фаластин масаласини батамом тугатишга қаратилганини онгли равишда англамоқдалар. Улар берилган қурбонликлар бошни баланд кўтариб, босиб олинган ерларни қайтариш ва яҳудий вужудини бутунлай тор-мор этишга қаратилган ҳақиқий ва тўлиқ озодлик сари интилишга ундаши лозимлигини тушуниб турибдилар.

Биз Аллоҳ таолодан душманлар макрини ўзларининг бўғзига қайтариб уришини, Умматнинг ҳидоятини рўёбга чиқаришини, сафларини бирлаштиришини, Фаластин масаласини асли ҳолатига қайтаришини, Уммат армиялари фарзандларидан айрилган оналарнинг нидосига жавобан қўзғалиб, тажовузкорлардан қасос олишини, мўмин қавмнинг дилларини қондириб, кўнгилларидаги ғам-андуҳни кетказишини сўраб қоламиз. Албатта, Аллоҳ бу ишнинг соҳиби ва ҳар нарсага қодир зотдир.

 

Ҳизб ут-Таҳрирнинг марказий матбуот бўлими аёллар қаноти

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button