Матбуот баёноти

Муборак Фаластин замини масаласига барҳам беришга қаратилган конференциялар у ерда мусулмонлар қони дарёдек оқизилаётган бир пайтда ўтказилмоқда

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Муборак Фаластин замини масаласига барҳам беришга қаратилган конференциялар у ерда мусулмонлар қони дарёдек оқизилаётган бир пайтда ўтказилмоқда

Ғазода бомбаларнинг олови болалар танасини ёндирмоқда, тирик қолганларни эса очарчилик нобуд қилмоқда. Танклар собитқадам инсонларнинг ҳаёти ва уй-жойларини вайрон этмоқда, самолётлар эса шифохоналар ҳамда қочқинлар лагерлари устидан жаҳаннам оловини сочмоқда. Шу қадар жиноятлар содир этилаётган бир пайтда, 2025 йил 22 сентябр куни Нью-Йорк шаҳрида Франция ва Саудия ташаббуси билан «Фаластин давлати»ни тан олиш талабига бағишланган конференция ўтказилди.

Конференция мусулмонлар қонлари дарёдек оқаётган, қатли ом эса энг авжига чиққан бир пайтда ўтказиляпти. Бу давлатлар икки йилдан бери тўхтовсиз давом этаётган қирғин, очарчилик ва болаларнинг ёниб ҳалок бўлишига кўз юмиб, мана шундай йиғилиш уюштиришмоқда. Ғазо аҳлига эса ҳатто бир қултум сув билан ҳам ёрдам кўрсатаётганлари йўқ. Хўш, бу конференция ғофилликдан кейинги ҳушёрликми ёки у ерда мусулмонлар қони тўкилаётган бир пайтда Фаластин масаласини бутунлай йўқ қилиш учун қулай фурсатдан фойдаланишми?!

Бу конференция яҳудийларнинг жиноят ва тажовузларини тўхтата олмаган аввалги ўнлаб тан олишлар, йиғилишлар ва қарорлардан ҳеч қандай фарқ қилмайди. Бугунги тан олувчилар ҳам Франция президентининг “Фаластин давлатини тан олиш фаластинликлар ва исроилликлар ўртасида фойдали музокаралар учун йўл очади”, деган гапига ўхшаш даъволар билан чекланишди. Яҳудийлар билан музокаралар нимани англатишини ҳамма яхши билади. Зеро, конференция Фаластин аҳлининг мазлумлигини ниқоб қилиб, ўзини уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи деб кўрсатса ҳам, унинг зимнида ҳалокатли заҳар яширинган. Шу боис “Фаластин давлатини тан олиш” аслида Фаластин масаласини йўқ қилиш йўлидаги кўприкдан бошқа нарса эмас. Бу ҳақиқатни конференцияда янграган баёнотлар ҳам тасдиқлаб турибди. Зеро, мазкур баёнотларда яҳудий вужуди ҳамда унинг хавфсизлиги ва мавжудлигини сақлаб қолиш масаласи ечимнинг асосий тамал тоши сифатида кўрсатилди. Шу билан бирга, Фаластин аҳлининг жиҳодий кураши «терроризм» сифатида қораланди. Бундан, албатта, “Фаластин давлати”нинг сохта, барча нарсадан мосуво, бузғунчи Ғарб назорати остида шакллантирилган; мустақил ҳудуд, қурол-яроғ, ресурслар, хавфсизлик ва шараф-обрўдан маҳрум; яҳудий вужуди қолипига мослаштирилган ҳамда уни асраб-қолиш, мавжудлигини абадийлаштириш ва арзонгаров воситасига айланиш йўлида хизмат қиладиган давлат бўлиши кўзланган. Шунингдек, уни Фаластин масаласини кўмиш ва ундан воз кечишнинг арзимас тўловига, “нормаллаштириш” поезди ўтадиган кўприкка айлантириш ҳам кўзда тутилган.

Конференциянинг якуний баёноти Фаластинга нисбатан янги босқинчилик йўлини очиб берадиган хиёнаткорона чақириқни ўз ичига олди. Унда Ғазо сектори устидан назорат ўрнатиш мақсадида, АҚШ мувофиқлаштирувчисининг лойиҳаси ҳамда Европа полицияси моделидан илҳомланган халқаро миссияни жалб этиш таклифи илгари сурилди.

АҚШ Фаластиннинг қуролсизлантирилган, минтақанинг чекка бир бурчагида жойлашган, яҳудий вужудининг тўлиқ назорати ва ҳукмронлиги остида бўлган, фақат автономия кўринишига эга давлат сифатида шаклланишини истайди. Фаластин маъмурияти ва малай ҳукмдорлар «Фаластин давлати» деган ном билан қониқишлари мумкин, аммо бу ном унинг ҳақиқий аҳволини ҳеч қандай ўзгартирмайди. Америка бу давлатнинг ҳатто Фаластиннинг кичик бир қисмида ҳам ҳақиқий суверен давлат сифатида шаклланишини мутлақо истамайди. Аксинча, у номинал автономия кўринишига эга, қуролсизлантирилган, фақат маҳаллий полиция учун зарур воситалар билан чекланган, Фаластин аҳолисини бўғиш воситаси сифатида хизмат қиладиган ва яҳудий ҳукмронлиги остидаги давлатчани кўзламоқда.

Замоннинг ғалати парадоксларидан бири шундаки, саксон йил муқаддам айнан мана шу нафратли вужудни барпо этган Британия ва Франция каби мустамлакачи давлатлар бугун икки давлат ечимини талаб қилиб чиқишмоқда. Улар бу ҳаракатни яҳудий вужудини мустаҳкамлашга бўлган қаттиқ иштиёқлари ҳамда ўзларининг чақириқларини такрорлайдиганлар айнан хоин ҳукмдорлар бўлишини истаганликлари сабабли амалга оширишмоқда. Зотан, ана шу хоин ҳукмдорлар 1948 ва 1967 йилларда Фаластинни — унинг аҳли қони эвазига — яҳудийларга текинга бериб юборишган. Бугун эса қонхўр вужудни давлат сифатида тан олиш аллақачон ҳал этилган ишга айланганидан кейин, «Фаластин давлати» деб аталган ушоқни талаб қилиб, буни ғалаба ва ютуқ сифатида нишонламоқдалар.

Эй Умматимиз,  эй инсонлар учун чиқарилган энг яхши Уммат!

Ақсо масжиди ва муборак заминни на Иордания, на Миср, на Ҳижоз, на Туркия ва на Покистон ҳукмдорлари озод этади. Чунки бу ҳукмдорлар хиёнатга кўникиб, унга одатланиб қолган. Агар улар «икки давлат ечими» деган сохта шиор остида муборак замин масаласини дафн этамиз, деб ўйлаётган бўлсалар, мутлақо хом хаёлга берилишмоқда. Зеро, Фаластин мусулмонлар тарихи дурдонасидир. Аллоҳ Таоло Ўз Росули ﷺни Масжидул ҳаромдан Масжидул Ақсога сайр қилдириб, Фаластинни Ўз байти билан ягона ришта орқали боғлаб қўйган:

سُبۡحَٰنَ ٱلَّذِيٓ أَسۡرَىٰ بِعَبۡدِهِۦ لَيۡلٗا مِّنَ ٱلۡمَسۡجِدِ ٱلۡحَرَامِ إِلَى ٱلۡمَسۡجِدِ ٱلۡأَقۡصَا ٱلَّذِي بَٰرَكۡنَا حَوۡلَهُۥ

«(Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад)ни (Маккадаги) Масжидул Ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжидул Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир» [Исро 1]

Шу боис Фаластин ҳеч қачон бўлинишни қабул қилмайди. Зеро, Ислом ақидасини қабул қилган кишиларнинг ушбу муборак заминдан воз кечишлари Ислом ақидасига мутлақо зиддир. Мустамлакачилар томонидан зўрлик билан тиқиштирилаётган ечимлар ва улар мустаҳкамлаётган муҳит, шунингдек хоин ҳукмдорлар тарғиб қилаётган бу ишлар — барчаси охир-оқибат завол топади. Яҳудий вужуди албатта йўқ қилинади, Фаластин эса яна Ислом диёрига айланади. Салибчиларнинг тақдири ва уларнинг қандай оқибатга учрагани ҳамиша ёдимиздадир.

فَإِذَا جَآءَ وَعۡدُ ٱلۡأٓخِرَةِ لِيَسُ‍ُٔواْ وُجُوهَكُمۡ وَلِيَدۡخُلُواْ ٱلۡمَسۡجِدَ كَمَا دَخَلُوهُ أَوَّلَ مَرَّةٖ وَلِيُتَبِّرُواْ مَا عَلَوۡاْ تَتۡبِيرًا

«Бас, қачон кейинги (бузғунчиликнинг) вақти-соати келганида, (улар яна) юзларингизни қаро қилишлари, аввалги сафар кирганлари каби Масжидул (Ақсо)га киришлари учун ҳамда ўзлари эгаллаб олган (барча) ерларни вайрон этишлари учун (яна душманларингизни сизларнинг устингизга юборурмиз)» [Исро 7]

Эй мусулмонлар!

Ҳақиқат шундаки, муборак замин аҳлини ёрдамсиз қолдирганлар — Аллоҳнинг мадади ила — ҳеч қачон уларга зарар етказа олмайдилар. Чунки буюк ва қудратли Аллоҳ уларга улуғ нусратни ваъда қилган. Бу муборак заминни ҳақиқий маънода озод қилиш эса Ислом Умматини зулукдек ёпишиб олган малай режимлардан халос бўлишга боғлиқдир. Мусулмонлар ўзларига ёпишган хорлик ғуборини қоқиб, золимларга қарши бирлашишлари, армия ва қуролли кучлар сафидаги жасур ўғлонларга мурожаат қилиб, уларни Аллоҳнинг ваъдаси ва Росули ﷺнинг башорати бўлмиш рошид Халифаликни барпо этиш ҳаракатига зудлик билан нусрат беришга чорлашлари шарт. Акс ҳолда, бугунги хор аҳволдан мусулмонлар халос бўлолмайдилар. Зотан, Ҳизб ут-Таҳрир сизни Аллоҳ ва Унинг Росули чақирган вазифаларга даъват қилмоқда. Бас, Аллоҳга ёрдам беринг, У зот ҳам сизларга ёрдам берур ва жанг майдонида қадамларингизни собит-барқарор қилур.

Агар кимдир хоинларга сукут сақлаш орқали тинчликка эришиш мумкин деб ўйлаётган бўлса, қаттиқ адашибди. Чунки бу жинояткор режимлар мусулмонларни ҳар хил таҳқирларга дучор этишдан ҳамда фарзандларимизни қўрқув, очлик ва машаққат ботқоғига ботиришдан ҳеч қачон тўхташмайди. Шунинг учун мусулмонлар Аллоҳнинг динини ер юзида барпо этиш ва жинояткор режимларни ағдариш йўлида кечаю кундуз ҳаракат қилмасалар, дунё ва охиратдаги ҳақиқий нажотга эришолмайдилар. Ушбу буюк яхшиликка интилишда орқада қолган ҳар бир киши Аллоҳнинг ҳузурида ҳеч қандай ҳужжатсиз турган чоғда фақат ўзини ўзи айбласин. Бу борада сиз учун имом Муслим Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадиси қудсий етарлидир. Росулуллоҳ Ҳақ Субҳанаҳу ва Таолонинг бундай деганини айтдилар:

«يَا عِبَادِي إِنَّمَا هِيَ أَعْمَالُكُمْ أُحْصِيهَا لَكُمْ ثُمَّ أُوَفِّيكُمْ إِيَّاهَا، فَمَنْ وَجَدَ خَيْراً فَلْيَحْمَدِ اللهَ، وَمَنْ وَجَدَ غَيْرَ ذَلِكَ ‌فَلَا ‌يَلُومَنَّ ‌إِلَّا ‌نَفْسَهُ»

«Эй бандаларим! Бу фақат сизларнинг амалларингиздир. Мен уларни сизлар учун ҳисоблаб, натижасини сизларга тўлиқ қайтараман. Ким яхшиликни топса, Аллоҳга ҳамд айтсин; ким яхшиликдан бошқасини топса, фақат ўзини айбласин». Аллоҳим, ушбу яхшиликни биз сабабли бошқаларга ҳам улаштир. Мусулмонлар қалбини уни қабул қилиш ва унинг йўлидан боришга очиб қўй. Биз учун ўз даргоҳингдан бир мададкор қувват ато эт. Бутун оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамд бўлсин.

 

Ҳизб ут-Таҳрир Муборак Фаластин замини         

01 робиулохир 1447ҳ

23 сентябр 2025м

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button