АҚШдаги шатдаун мафкуравий касалликни фош қилмоқда

АҚШдаги шатдаун мафкуравий касалликни фош қилмоқда
АҚШ ўзини дунёга демократия ва иқтисодий куч намунаси сифатида кўрсатган давлатдир. Кўпинча либераллар унинг сиёсий тизимини мисол сифатида келтириб, у бир аср давомида бутун дунёни ҳайратда қолдириб келганлигини даъво қилади. Бироқ, бу тизим ҳеч бир соҳада дунё муаммоларини ҳал қила олмади, аксинча, ўзининг кундан-кунга кучайиб бораётган ожизлигини намоён қилмоқда. АҚШ ҳукуматида капитализм ғоясининг тарафдорлари ҳам, Америка халқи ҳам кутмаган янги шатдаун ҳодисаси пайдо бўлди. Шатдаун – бу федерал ҳукуматнинг сиёсий келишмовчиликлар туфайли ўз ишини бажара олмай қолишидир.
Энди шундай савол туғилади, дунёдаги энг бой, энг тартибли ва уюшган давлатлардан бири бўлган Америка қандай қилиб ўз ҳукуматини вақтинча бўлса ҳам “ёпиб қўйиши” мумкин? Бу ҳодиса америкаликлар учун жиддий муаммоларни келтириб чиқарди. Конгресс ва президент ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли ҳукумат ўз ишини тўхтатишга мажбур бўлди. Натижада, халқ сиёсатчиларнинг “келишмовчилиги” туфайли юзага келган сиёсий фалажни ҳал қилиш учун маошларидан ажралиб, келажакка бўлган ишончларини йўқотмоқда. АҚШ маъмурияти бюджет танқислиги сабабли музейлар, парклар ва баъзи федерал агентликлардаги “чироқларни ўчиришга” ва ҳатто байрамлар олдидан аэропортларни ёпишга мажбур бўлмоқда.
Аслида, шатдаун тасодифан юзага келиб қолган масала эмас, балки қадимги Америка демократиясининг асосчилари томонидан асос солинган тузилманинг табиий натижасидир. АҚШ ўзини узоқ вақтдан бери демократия ва сиёсий барқарорликнинг рамзи сифатида кўрсатиб келади. Унинг сиёсий тизимида бир тармоқнинг бошқасига бўйсунмалиги, ҳокимиятнинг оқилона тақсимланиши дунёга намунаси сифатида тақдим этиб келинади. Демак, шатдаун – бу демократия ниқоби остидаги капиталистик мафкуранинг бевосита натижасидир.
АҚШ Конституциясининг асосчилари атайлаб ўзаро ишончсизлик тамойилига асосланган ҳукумат моделини туздилар. Улар “Зулмга йўл қўймаслик” шиори остида ҳокимиятни учта мустақил тармоққа, яъни қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларига ажратдилар. Бунда ҳар бир тармоқ бошқасини чеклаши ва мутлақ ҳокимиятга эгалик қилишига йўл қўймаслиги керак. Бу “бир-бирини чеклаш ва тенг мувозанатлилик” тизими зулмни бартараф этса-да, бироқ айни пайтда доимий манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқарди. Қачонки давлатда сиёсий келишмовчиликлар охирги нуқтасига етиб, келишувга эришиб бўлмайдиган даражага чиққанда, ҳокимиятнинг фалаж ҳолати юзага келиб, шатдаун кучаяди.
Америка моделидаги капитализмнинг асоси “қонун ва ҳокимият манбаи халқдир” деган ишончга таянади. Демак ҳеч қандай қарор юқоридан мажбуран қабул қилдирилмаслиги керак. Қандай қарор қабул қилинмасин, у жамоатчилик муҳокамаси ва келишуви орқали қабул қилиниши лозим. Бироқ, агар қонун инсон ақлига асосланган бўлса, унда у ҳеч қачон келишмовчиликлардан холи бўлмайди. Консенсус ва ўзаро келишувга асосланган тизим табиатан нуқсонли бўлиб, зиддиятлар ва қарама-қаршиликларга дучор бўлади. Мадомики Американинг демократияси “эркинлик рамзи” сифатида тақдим этилган экан, демак шатдаун уни асло тарк этмайдиган доимий сояси бўлиб қолаверади!
Шунинг учун биз бошқа бир мафкуравий моделни, яъни Исломий мафкуравий моделни таклиф қиламиз! У ҳокимият ва қонун манбаси жиҳатидан тубдан бошқа тушунчага асосланган. Исломда қонун халқнинг иродаси ёки келишувидан келиб чиқмайди, у Аллоҳнинг рисолати бўлмиш шариатдан келиб чиқади. Шунинг учун сиёсий ҳокимият жамият томонидан бериладиган ваколат эмас, балки у Аллоҳнинг қонунларини татбиқ қилувчи мақомдир!
Исломда раҳбар ўз хоҳишидан келиб чиқиб, қонун чиқармайди. У Аллоҳнинг шариати асосида қонун қабул қилади ва фақат У Зотнинг амрини бажаради. Қонун тартиби раҳбарнинг шахсий иродасига асосланмайди, балки бу масала Раҳмли ва Меҳрибон Аллоҳнинг амрига биноан амалга оширилади. Хусусан, халқ ёки партия агар шаръий далили бўлмаса, ўз фикрига асосланиб қонунни муҳокама қила олмайди. Шунинг учун, Исломда ҳокимият, раҳбарларга ҳам, халққа ҳам оид эмас, фақат шариатга оиддир.
Бундай тизимда шатдаун каби фалажлик назарий жиҳатдан ҳам, амалий жиҳатдан ҳам юзага келиши мумкин эмас. Чунки бу тизимни шатдаунга олиб келадиган сабаб, яъни қарорнинг қонунийлиги устида талашиб тортишиш жараёнининг ўзи йўқ. Капиталистик тизимда ҳар бир қадам келишувни талаб қилса, Ислом тизимида қонунчилик асоси (қоида) олдиндан белгиланган. Яратганнинг иродаси инсон ҳаракатларининг чегараларини белгилайди. Шунинг учун бошқарув сиёсий вазиятдаги ўзгаришларга боғлиқ эмас. Ҳукумат механизми ягона пойдеворга асосланган ва қарама-қаршиликлардан холидир. Ижро учун жавобгарлик ҳукмдор зиммасига тушади. Қонун манбаи эса, асло ўзгармайди ва қайта кўриб чиқишни ҳам талаб қилмайди.
Исломнинг маъмурий ва сиёсий бошқарув тизими шахсий қарашлар ва ўзбошимчаликларни бартараф қилади ва ҳар бир ишда Яратгувчининг қонунига итоат қилиш асос қилиб олинади. Бу тизим инсон табиатини қонун чиқарувчи эмас, балки ижро этувчи ўринга қўяди. Демократик тизим сўз эркинлигини таъминлашга интилса-да, чексиз низоларга йўл очади. Ислом тузуми эса, қонун барқарорлиги ва ўзгармас тартибга асосланади. Шунинг учун, Исломнинг бошқарув тизимида шатдаунга ўрин йўқ, чунки унда ҳокимиятни чекловчи ички механизм йўқ. У ҳеч қандай келишувга муҳтож эмас, чунки унинг асоси одамларнинг келишувига эмас, балки Қодир Яратгувчининг адолати ва ҳақиқатни ўрнатувчи иймонга таянади.
أَلَا يَعْلَمُ مَنْ خَلَقَ وَهُوَ اللَّطِيفُ الْخَبِيرُ
“(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир”. (67:14.)
Демак, АҚШдаги шатдаун демократик-капиталистик тизимнинг заифлиги ва касаллигидан далолат беради. Бу фақат манфаатларга асосланган тузум бўлгани учун эркинлик ва самарадорлик ўртасида абадий қарама-қаршиликларни келтириб чиқаради. Ислом бошқарув тизими эса, ягона ва адолатли қонунга итоат қилиш орқали барқарорликни таъминлай олишини аллақачон исботлаб қўйган. Бошқача қилиб айтганда, капиталистик демократия одамларнинг (сиёсатчиларнинг) хоҳишидан мувозанатни изласа, Ислом мафкураси бу мувозанатни Аллоҳ Таоло томонидан берилган ҳақиқат сифатида қабул қилади, куч ва адолатни бирлаштириб, мусулмонларни ишончли барқарорлик билан таъминлайди.
Латифул Расих




