Номад ТВ – Кремлнинг янги медиа қалъаси

Номад ТВ – Кремлнинг янги медиа қалъаси
2025 йил 23 ноябрь куни Бишкекда “Номад ТВ” номли янги телеканал ўз ишини бошлади. Расмий баёнотларда бу лойиҳа “сифатли журналистикани ривожлантиришга қаратилган”лиги айтилмоқда. Бош муҳаррир Наталя Кролевич “ҳақиқатга асосланган, шаффоф, профессионал медиа” зарурлигини таъкидлаб, ушбу телеканал Қирғизистонни халқаро миқёсда муносиб тарзда намойиш этадиган платформа бўлишини билдирди. Сўнги хабарларга кўра, мамлакатнинг энг моҳир журналистлари мазкур янги канални ташкил қилиш учун бирлашган. Унинг эфир жадвали янгиликлар, ток-шоулар, махсус репортажлар ва мамлакат ҳаётига бағишланган дастурларни ўз ичига олади. Бир қарашда, бу оммавий ахборот воситалари соҳасида катта ютуқдек туюлиши мумкин, аммо диққат билан қаралса, бутунлай бошқа манзара пайдо бўлади.
“Номад ТВ” – Қирғизистон-Россия қўшма лойиҳасидир. У Қирғизистон Республикасининг давлат телеканалларига бевосита боғлиқ бўлиб, Россия давлат пропагандасининг асосий воситаларидан бири бўлган НТВ дастурларини қайта эфирга узатади. Каналнинг таҳририят сиёсати Қирғизистоннинг ЕОИИ, КХШТ ва ШҲТ каби ташкилотлардаги иштирокини, шунингдек, «Қирғизистон ва Россия ўртасидаги тарихий ва маданий алоқаларни» акс эттиради. Бир қарашда, булар табиий, таниш дипломатик мавзулардек туюлади. Бироқ, каналнинг Москва ҳукмронлик қила оладиган структураларни ва «умумий тарихий структура»ни баён қилиши ҳамда фақат Россиянинг ишғолчи манфаатларига хизмат қиладиган ҳамкорлик ҳақида кўрсатув қилиши Россиянинг ташқи сиёсий ахборот стратегиясининг асосий элементларини очиб беради.
Қирғизистонда оммавий ахборот воситалари ишини оғирлаштираётган «сохта янгиликлар» (фейклар) тўғрисида қонун қабул қилинаётган ва автоцензура ҳолати кучайиб бораётган бир пайтда «Номад» телеканалининг очилиши шубҳа уйғотиши табиий. Бундай вазиятдан фақат рус контенти билан тўлдирилган янги канал фойда кўриши аниқ. Чунки у орқали Россия ҳеч қандай қаршиликсиз медиа зонасига кириши, халқаро воқеаларни ўз нуқтаи назаридан талқин қилиши ва ҳақиқатни ўзи белгилаши мумкин бўлади.
Бош муҳаррир Наталя Кролевичнинг ўзи ҳам алоҳида аҳамиятга молик. У профессионал журналист бўлиб, маҳаллий оммавий ахборот воситаларида таниқли аёлдир. 2017 йилда у “Russia Today” телеканалида ишлаб, журналистик тажриба орттирди. “Russia Today” телеканали Кремлнинг ташқи сиёсатидаги асосий медиа жабҳаси ва дунёга Россиянинг кўз қарашларини тиқиштирадиган ва ўзининг манипуляцияси ҳамда ҳақиқатни бузиб кўрсатиши билан машҳур бўлган медиа ресурсдир. Кролевичга Россия тарафидан берилган мукофотлар ва Қирғизистонда давлатга қарашли каналлар билан узоқ муддатли ҳамкорлик қилиши унинг аниқ таржимаи ҳолини ҳамда унинг Россия медиа зонасига алоқадорлигини кўрсатиб турибди. Бу ҳолат Кролевични Россия манфаатларини юмшоқ, аммо изчил равишда ретрансляция қилиш учун мос шахсга айлантиради.
Шунингдек техник дизайн ҳам ишончни оширишга қаратилган. “Номад ТВ” Бишкек марказида АР-студиясини ўрнатиб, каналнинг «замонавий» ва «инновацион» томонини мустаҳкамламоқчи. Кўрсатувлар асосан рус тилида олиб борилади, қирғиз тили эса фақат овоз бериш орқали бўлиши мумкин. Канал мамлакатнинг 70 фоизини қамраб олади ва бепул эфирга узатилади. Шу сабабли у кенг аудиторияга эга бўлиб, сиёсатдан узоқ ва визуал жиҳатдан жозибали медиа форматларга берилган ёш авлодга бевосита таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлади.
НТВ билан ҳамкорлик, таҳририят сиёсати, кадрлар таркиби, замонавий техник тузилма ва буларнинг барчасига қўшимча равишда қулай сиёсий лаҳзалар минтақада Россияга оид янги ахборот кампанияси пайдо бўлганидан далолат беради. Бу эса, таъсир ўтказишнинг гибрид усулидир. Аниқроғи, Россия бу орқали тўғридан-тўғри босим ўтказмай, юмшоқ сиёсат олиб боради. Бу билан у минтақага ўзининг маданиятини сингдиради, Қирғизистонда ва умуман дунёда содир бўлаётган воқеаларга ўз таҳлилини беради. Москва узоқ вақтдан бери бу усулдан фойдаланиб келмоқда.
Демак тарих қайта такрорланмоқда. Бир пайтлар Россия империясининг босқинчилиги «маърифатпарвар» газеталар билан юртимизга кириб келган эди. Совет даврида Москва республика телеканаллари орқали сиёсий назоратини кучайтирди. Бугунги кунда ҳам Кремл трансчегаравий медиа платформалари орқали ўзининг ахборот устунлигини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. «Номад ТВ» қанчалик замонавий бўлиб кўринмасин, бу ҳам айнан ўша эски босқинчиликнинг 21 асрига мослаштирилган янгича таъсир этиш воситасидир. Гарчи бу телеканал мустақил маҳаллий сифатида тан олинишни истаса-да, аслида бу Москва томонидан белгиланган тушунчаларни тарғиб қилувчи янги ташаббусдир.
Қирғизистондаги ахборот зонаси тобора торайиб бораётган бир пайтда, бундай лойиҳалар медиа харитасида кенглик иллюзиясини вужудга келтириб, катта хавф-хатар туғдиради. Агар жамиятда танқидий фикрлаш, шаффофлик ва ҳақиқий медиа плюрализми бўлмаса, “Номад ТВ” ривожланиш сари ташланган қадам эмас, аксинча, медиа соҳасининг ёмонлашишига олиб келиши мумкин. Аниқрок айтганда, мамлакат минтақа халқлари учун нима ҳақиқат ва нима ёлғон эканлигини ташқи кучлар белгилайдиган даврга тушиб қолиш хавфи остида турибди.
Шунинг учун айтиш мумкинки, янги логотип, янги АР-студияси орқасида бугунги кунда худди шу таъсир воситаси яширинган. У орқали Россия Марказий Осиёни ўзининг сиёсий ва ахборот ҳудудида ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда! Бу қурол Оқ подшоҳ даврида ҳам, ундан кейин Совет иттифоқи даврида ҳам ишлатилган. Мана энди Россия Федерацияси «Номад ТВ» каби телеканаллар орқали қўшни мамлакатлардаги ўз таъсирини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун, «Номад ТВ» қадимий тарихий анъананинг давомчиси десак, янглишмаймиз.
Ҳужжат Жамия




