Мақолалар

Рақамли далиллар назоратни кучайтириш учун янги воситадир

Рақамли далиллар назоратни кучайтириш учун янги воситадир

Қирғизистон Адлия вазирлиги “Жиноят-процессуал кодекси” ва “Жиноят кодекси”га ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги ҳужжатни жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди. Ушбу лойиҳа “рақамли далиллар институтини имплементация қилиш” зарурлигига асосланган. Рақамли технологиялар орқали содир этилган кибержиноятлар ва фирибгарликларнинг ўсиши бунга расмий сабаб сифатида келтирилмоқда. Бироқ, бу “қонуний фирибгарлик” ортида давлат узоқ вақтдан бери улуғлаб келган инсон ҳуқуқларига зид тенденция яшириндир.

Рақамли маълумотни ўзига хос далил сифатида тан олиш ғояси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган техник чора сифатида таклиф қилинмоқда. Бироқ амалда бундай ўзгаришлар фуқароларнинг шахсий рақамли ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш учун кенг имкониятлар яратади. “Рақамли далиллар” деган ноаниқ тушунча шахсий ёзишмалар, ижтимоий тармоқлардаги хабарлар, “лайк”лар, фотосуратлар ва видеоларни ўз ичига олади. Бошқача қилиб айтганда, ҳар қандай рақамли ҳаракат далил сифатида талқин қилиниши мумкин. Ахборотнинг ҳақиқийлиги ва қонунийлигини текширувчи процедуралар йўқлиги сабабли бундай далилларни сохталаштириш ёки сиёсий таъқиб қилиш учун ишлатиш хавфи жуда юқори.

Фирибгарликнинг ўсишини кодексга ўзгартириш киритишга сабаб қилиб кўрсатилиши ҳам шубҳа уйғотади. Ушбу таклиф билан бирга статистик маълумотлар, таҳдидлар кўлами ва амалдаги қонунларнинг самарадорлик таҳлили келтирилмаган. Афтидан, бу масала жамоатчиликнинг қўллаб-қувватловига эришиш учун ва юридик жиҳатдан қонунийликка эга бўлиш учун атайлаб бўрттирилаётганга ўхшайди. Аслида, бу фуқароларни ҳимоя қилишга эмас, балки улар устидан назоратни кучайтиришга қаратилган ташаббуслардир. Уларнинг усули оддий – жамиятнинг ҳиссиёти ва қўрқувидан фойдаланиб ўз манфаатларига эришишдир.

Адлия вазирлигининг қайд этишича, ўзгартиришлар фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва адолатни таъминлашга қаратилган. Бироқ, авторитар режимларда бундай баёнотлар кўпинча декларатив риторика сифатида ишлатилади. Шахсий ва жамоатчилик назорати бўлмаса, энг муҳими, амалдорларнинг тақвоси ва Аллоҳнинг низоми бўлмаса, бундай пайтда қонун фақат шахсий манфаатларни таъминлаш учун ишлайди.

Асосан гап рақамли ҳудуд ҳақида кетмоқда. Шу пайтгача у фикр билдириш ва оммавий мунозаралар учун эркин майдонча бўлган бўлса, энди бутунлай назорат остида қолиш хавфи туғилмоқда. Давлат тизимларини танқид қилиш, фуқаролик ташаббусларида иштирок этиш ёки сиёсий баҳс-мунозараларга киришиш — буларнинг барчаси “рақамли технологиялардан фойдаланиш орқали бошқа фуқароларнинг ҳуқуқларини бузувчи фаолият” сифатида талқин қилиниб, жиноий ёки маъмурий жавобгарлик учун асос бўлиши мумкин.

Рақамли ҳаракатларни далилга айлантириш янги кузатув режимининг асосидир. Бундай режимда бошқача фикрлаш, бошқача гапириш ва бошқача ҳаракат қилиш таҳдидга айланади. Кибержиноятчиликка қарши кураш баҳонасида рақамли репрессиянинг янги шаклига пойдевор қўйилмоқда.

Бундай ташаббусларни жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқиш ўта муҳимдир. Жамият бундай ташаббусларни рад этиши керак! Бироқ, ахборот олиш имконияти чекланган, мустақил экспертиза етишмаётган ва фаоллар шафқатсиз босимга учраёиган бир пайтда ҳақиқий муҳокама ҳақида гапириш жуда қийин. Онгли фуқаролар бу техник ислоҳот эмас, балки ҳукуматнинг жамиятни назорат қилиш йўлидаги навбатдаги қадами эканлигини тушунишлари керак! Агар бугун бу қонун “фирибгарлик билан шуғулланувчиларга қарши” қўлланилса, эртага у сиёсий фаолларга, ўз қарашларига эга бўлган дин арбобларига, кейин эса ҳукуматга қарши гапирмоқчи бўлган ҳар қандай фуқарога нисбатан қўлланилиши мумкин.

Абду Шукур

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button