Мақолалар

Сохта ҳамдардлик ва ҳақиқий қашшоқлик

Сохта ҳамдардлик ва ҳақиқий қашшоқлик

Қирғизистон Бош вазирининг ўринбосари Эдил Байсалов Қатар пойтахти Доҳада бўлиб ўтган Ижтимоий ривожланиш бўйича Иккинчи Жаҳон саммити доирасида ташкил этилган очлик ва қашшоқликка қарши кураш бўйича Глобал Алянс раҳбарларининг биринчи йиғилишида иштирок этди.

Эдил Байсалов ўз нутқида бутун дунё бўйлаб юз миллионлаб одамлар очлик, қашшоқлик ва маҳрумликда ҳаёт кечаётганини таъкидлади.

“Бу биздан умум инсоний масъулиятни ва муштарак қатъий саъй-ҳаракат қилишни талаб қиладиган фожиадир. Уларнинг азоб-уқубатларини енгиллаштириш учун қўлимиздан келган барча ишни қилиш бизнинг вазифамиздир. Мен Фаластин халқига алоҳида ҳамдардлигимни билдирмоқчиман. Бугун уларнинг барчаси атайин уюштирилган очарчиликка дуч келмоқда. Бу халқаро жиноятчиликнинг бир шаклидир”, деди Байсалов.

У шунингдек, Глобал Алянс билан бирга қашшоқликка барҳам бериш ва ҳар бир инсон учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадларига Қирғизистон ҳам қўшилишини маълум қилди. Байсалов миллионлаган инсонлар яшаш ва озиқ-овқатга бўлган оддий ҳуқуқдан маҳрум бўлиб турган бир пайтда жим қараб турмаслик кераклигини таъкидлади.

Байсаловнинг “ҳамдардлик” ва “бирдамлик” ҳақидаги мурожаатлари сиёсий “пиар”нинг яққол намунасидир. Бир қарашда, бу сўзлар инсонийлик ва юксак қадриятларга чақираётгандек туюлади. Бироқ, бу тантанали ва ёқимли нутқ ортида ҳар доимгидек, сиёсий ўйин яширинган. Барча мамлакатлар Фаластиндаги қирғин ва очарчиликни ҳеч нарса қилмасдан томоша қилиб турган бир пайтда, баъзи амалдорларнинг Фаластин халқи билан бирдамлик ҳақида берган кескин баёнотлари ўринсиздир. Айни пайтда, бу амалдорнинг ўз халқи ҳам қашшоқликда кун кечирмоқда. Қирғизистонда миллионлаган одамлар ҳозиргача оғир ижтимоий шароитларда кун кечириб, ўзларининг асосий эҳтиёжларини қондира олмаяпти. Бу ерда гап “кимнинг муаммоси муҳимроқ” эканлигида эмас.

Албатта, Фаластин халқининг бошига тушган синов Қирғизистонга келган синов билан бир хил эмас. Бироқ, амалдорнинг бундай баёноти, ўз мамлакатидаги муаммоларни ҳал қила олмай туриб, бошқа камбағал халқларга ёрдам қўлини чўзаётгандек туюлади.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда Қирғизистон аҳолисининг чорак қисми, тахминан 1,8 миллион киши, қашшоқлик чегарасидан паст даражада ҳаёт кечиради. Тақрибан 2,5 миллион фуқаро етарли овқатланиш имкониятига эга эмас. Қишлоқ жойларда ишсизлар сони жуда юқори. Оилалар мавсумий даромадларга суяниб қолган ва уларнинг кўпчилиги зўрға кун кечиради. Озиқ-овқат нархлари кундан-кунга кўратилаётган бир пайтда, даромадлар камайиб бормоқда. Давлатнинг ижтимоий дастурлари эса, чекланган ва самарасизлигича қолмоқда.

Амалдорларнинг гўё ўз халқини очликдан қутқариб қолгандек кўрсатиб, бошқаларга ҳамдардлик билдириши уларнинг иккиюзламачилигини кўрсатади. Қирғизистон аҳолисининг чорак қисми оғир шароитларда яшаётган бир пайтда, ички муаммоларни ҳал қилмай туриб, ташқи “миссиялар” билан шуғулланишга ва глобал инсонпарварлик ҳақида гапиришга амалдорларнинг ҳаққи йўқ.

Қирғизистондаги ҳозирги вазиятни тўғри тушуниш учун статистик маълуматларни келтирсак:

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йилда аҳоли орасида қашшоқлик даражаси 25,7%ни ташкил этган. Аниқроғи, Қирғизистонда жами 1 миллион 871 минг киши қашшоқлик чегарасидан паст даражада кун кечиради, уларнинг 62% қишлоқ жойларда яшайди. Агар истеъмол саватчаси атиги 5%га (ойига 300 сўм) ошса, камбағаллар улуши 29,3%га етади. Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) маълумотларига кўра, Қирғизистонда тахминан 2,6 миллион киши етарли овқатланиш имкониятига эга эмас.

Миллионлаган инсонлар  очликдан азият чекаётган давлатнинг мулозимлари очликка қарши курашиш бўйича “глобал миссия” ҳақида сенсацион баёнотлар беришмоқда. Улар ўз мамлакатларида қашшоқликка қарши курашиш ўрнига, жамоатчилик эътиборини жалб қилиш учун БМТ ва Г20 ҳомийлигидаги глобал лойиҳаларга қўшилмоқда. Бу ташкилотлар эса аллақачон сиёсий пияр ва дипломатик таъсир ўтказиш майдонига айланиб бўлган.

Очликни йўқ қилишга қаратилган глобал иттифоқлар кўпинча халқаро бюрократияга хизмат қилади. Улар фақат “ёрдам кўрсатиш” ва жамоат ишларида иштирок этиш тасаввуринигина пайдо қилади. Бироқ, ҳақиқий ёрдам кўрсатишнинг механизмлари расмиятчилик бўйича қолиб, камбағал мамлакатлар тобора кўпроқ хорижий ёрдамга қарам бўлиб қолади ва уларнинг халқаро тузилмаларга бўлган эҳтиёжлари кундан-кунга ортиб бораверади. “Бирдамлик” сўзининг ортида сиёсий манфаат, инсонпарварлик масалаларида иштирок этиш тасаввурини пайдо қилиш ҳамда халқаро шериклар назарида ижобий имиджни сақлаб қолиш схемаси яширинган.

Аслида, фаластинликлар икки йил эмас, балки ўнлаб йиллар давомида инсонийлик тамойилларини “устун қўядиган” давлатлардан, айниқса мусулмон мамлакатларидан ҳарбий ҳаракатларни кутиб келишди. Эътиборли жойи шундаки, очлик муаммоси оммавий қирғин олдида иккинчи даражали масала ҳисобланади. Бу ташкилотлар фақат очликка эътибор қаратиш орқали сионистларнинг ва бутун дунё ҳамжамиятининг жиноятларини яширишга ҳаракат қилмоқда.

Шунинг учун, Байсаловнинг нутқи шунчаки дипломатик баёнот бўлиб, инсонпарварлик чақириғи ҳисобланмайди. Мақсад Қирғизистонни “глобал сиёсатда иштирок этаётган”, “халқаро институтлар билан бирдамликда” ҳаракат олиб бораётган давлат сифатида талқин қилишдир. Бу сўзлар ортида ҳеч қандай реал ҳаракатлар мавжуд эмас. Бошқа ўлкалардаги муаммолар у ёқда турсин, ички қашшоқликка қарши тизимли ислоҳотлар ёки самарали қўллаб-қувватлаш дастурлари амалга оширилмаяпти.

Шунинг учун, расмийлар минбардан Фаластинни қўллаб-қувватлаш ҳақида гапирганда, бу сўзларни инсонийлик ифодаси сифатида эмас, балки ўзларининг масъулиятсизлигини яширадиган сиёсий имо-ишора сифатида тушуниш керак. Чунки бошқа мамлакатлардаги оч одамларга оғизда ёрдам бериш осон иш. Бу иш ташқи томондан чиройли кўринади ва халқаро саммитларда иштирок этишдан бошқа ҳеч қандай харажатларни талаб қилмайди. Бироқ, ҳақиқий ёрдам кўрсатиш қийин, чунки у ҳалоллик, меҳнат ва сунъий инсонийликни рад этишни талаб қилади.

Қирғизистонда миллионлаган инсонлар қашшоқликда, совуқ уйларда, озиқ-овқатсиз кун кечираётган бир пайтда, давлат мулозимларининг “глобал қашшоқликка қарши кураш” ҳақидаги баёнотлари ҳамдардлик, бирдамлик ифодаси эмас, балки масхара каби эшитилади. Инсонпарварлик фақат саммитлар ўтказиш билан чекланиб қолмайди. Инсон ўз нонини ўзи сотиб олишга имкон ярата олгандагина инсонпарварлик ҳақида гапириши мумкин. Ваҳолангки мамлакатдаги ички вазият жуда оғир. Аҳолининг чорак қисми қашшоқлик чегарасидан паст даражда яшайди. Кўпчилик одамларнинг тўйиб овқатланишга имкони йўқ.

Бундан ташқари, баёнотда ички ислоҳотлар ёки инвестицияларга боғлиқ муаммолар, шунингдек, инсонпарварлик ёрдами ва фаластинликлар муаммосини қандай ҳал қилиши ҳақида аниқ айтилган эмас.

Глобал иттифоқда иштирок этиш муаммоларни ҳал қилиш сари ташланган стратегик қадам эмас. Бу кўпроқ халқаро обрў ва ташқи сиёсат учун ташланган қадамдир. Ёрдам кўрсатиш ва глобал иттифоқлар тузиш глобал таъсир ўтказиш  воситаларидандир. Чунки ёрдам олувчи давлатлар ривожланишдан кўра кўпроқ қарам бўлиб қолади. Демак, бу ердаги масалани Фаластиндаги қашшоқлик ва очарчиликка қарши кураш сифатида эмас, балки сиёсий маневр, глобал кун тартибида иштирок этиш ва инсонларни ички вазиятлардан чалғитиш сифатида тушуниш тўғрироқ бўлади. Ташқи ёрдам ва халқаро иттифоқларга урғу берилиб, лекин ички модернизация ва қашшоқлик сабабларини бартараф этиш эътиборсиз қолдирилган пайтда, бундай қадамларни фақат танқид билан қабул қилиш шарт.

Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда шундай дейди:

قُلْ هَلْ نُنَبِّئُكُمْ بِالْأَخْسَرِينَ أَعْمَالًا ۩ الَّذِينَ ضَلَّ سَعْيُهُمْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَهُمْ يَحْسَبُونَ أَنَّهُمْ يُحْسِنُونَ صُنْعًا

“(Эй Муҳаммад), айтинг: «Сизларга қилган иш-амалларидан энг кўп зиён кўргувчи кимсаларнинг хабарини берайликми?! Улар (кофир бўлганлари сабабли) қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо (нодонликлари сабабли) ўзларини чиройли — яхши амал қилаётган кишилар, деб ҳисоблайдиган кимсалардир!”. [18:103-104]

Латифул Расих

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button