Мақолалар

Хитойнинг кириб келиш сиёсати – Марказий Осиё учун кураш қуроли

Хитойнинг кириб келиш сиёсати – Марказий Осиё учун кураш қуроли

  1. Хитой ўз навбатини кутди

Марказий Осиё фаол дипломатик рақобат майдонига айлангани сўнгги ҳафталарда яна бир бор яққол кўзга ташланди. Дастлаб АҚШ, ундан кейин Россия бу минтақа устида иш олиб борди. Кейин эса ўз навбатини кутиб турган Пекин минтақага расмий сафарини бошлади. Хитой ташқи ишлар вазири Ван Ининг Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга ташрифи ташқи ташаббусларга шунчаки жавоб қайтариш эмас, балки сиёсий ташаббусни қўлга киритишга қаратилган демонстратив ҳаракат бўлди.

Хитой гўё Вашингтон ва Москва ўзларининг асосий сиёсий баёнотларини бериб бўлгунча кутиб, кейин: «Бошқалар нимани таклиф қилганини кўрдингизми? Энди бизга қулоқ солинг», демоқчидек юмшоқ, аммо айни пайтда кескин ҳукмронликни эгаллашга қаратилган сиёсатини бошлади.

  1. Иқтисодий асос

Ван Ининг минтақадаги музокаралари иқтисод «сиёсатнинг ўзагидир» ва «ким пул сарфласа, ўйин қоидаларини ўша белгилайди» деган Хитойнинг асосий таъсир формуласи асосида қурилди. Бу тамойил Марказий Осиё мамлакатлари учун оддий ва ишонарли ҳисобланади.

Хитой инвестицияларни кўпайтириб, инфратузилмани кенгайтираётган ҳамда ​​транспорт, юқори технология ва энергетика соҳаларидаги лойиҳаларни узайтиришга қаратилган «энг яхши» таклифларни тақдим этаётган бир пайтда, Россиянинг чекланган имкониятлари ва АҚШнинг бўш ваъдалардан иборат таклифлари минтақадаги мамлакатлар учун жозибасиз кўринмоқда. Чунки Марказий Осиё мамлакатлари нуқтаи назарида Хитой сиёсий ҳамкорлик доирасида таклиф қилаётган лойиҳалар амалда аниқ ташаббуслар ва реал рақамлар билан ўз тасдиғини топмоқда.

  1. Мақтовлар ва кафиллик дипломатияси

Ван И давлат ташрифи чоғида ҳар бир давлат раҳбарига алоҳида муносабат билдирди. Си Цзиньпиннинг тўғридан-тўғри саломлари, президентларнинг ютуқларига урғу бериши ва уларнинг бошқарув усулларига очиқ ҳурмат билдириши – буларнинг барчаси Хитойнинг дипломатик стратегиясининг ажралмас элементлари ҳисобланади.

Хитой ўзи билан ҳамкорлик қилаётган мамлакатларга қулай муҳит яратади. Шунингдек, у Қўшма Штатлар каби мамлакат раҳбарларини очиқ танқид қилмайди ва Россия каби очиқ ҳукмронлик ҳам қилмайди.

  1. Мажбуриятсиз хавфсизлик

Пекин хавфсизлик соҳасида, хусусан Тожикистонда Россиянинг таклифларидан фарқли равишда ўз фаолиятини кучайтирмоқда. Хитой технология, инфратузилма ва таҳлилий тизимларни тақдим этар экан, ундан ҳарбий базалар ва сиёсий садоқат талаб қилмайди.

Американинг сиёсий босими ва Россиянинг қарамликка тортувчи сунъий хавфсизлиги фонида, Хитойнинг бу ёндашуви, албатта, Марказий Осиё мамлакатлари учун жозибадор кўринади.

  1. Минтақавий доира

Ван И ўтказган барча учрашувларда Хитой марказий куч ҳисобланган, Россия эса фақат иштирокчи мақомига эга бўлган ва Қўшма Штатларнинг ҳеч ўрни бўлмаган дипломатик механизмларни тақдим этди.

Шундай қилиб, Пекин ўзининг минтақавий архитектурасини тузмоқда. Аниқроқ айтганда, ШҲТдан тортиб «Марказий Осиё-Хитой» форматигача бўлган лойиҳалар орқали Пекин ўзининг узоқ муддатли таъсирини институционал даражада кучайтиришни режалаштирган.

Хулоса

Ван Ининг ташрифи шуни аниқ кўрсатдики, Хитой Марказий Осиёни ўзининг стратегик таъсир доираси остига олиш ниятида ҳаракат олиб бормоқда. Пекин бу мақсадга эришиш учун «маблағ, инфратузилма, сиёсий назорат» каби усуллардан фойдаланмоқда. Минтақа Вашингтон ва Москва ўртасидаги мувозанатни сақлаб қолиш учун курашаётган бир пайтда, Хитой энг самарали, аммо айни пайтда мафкуравий жиҳатдан ажратилган ҳамкорликни таклиф қилмоқда.

Демак, «пулни ким тўласа, мусиқани ўша танлайди» деган капиталистик тамойилга мувофиқ, Марказий Осиё борган сайин Хитойнинг мустамлакачилик сиёсати таъсирига тушиб қолмоқда.

Абду Шукур

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button