Мақолалар

Хитой кўрсатмаси ва Марказий Осиёдаги рақамли ўзгаришлар

Хитой кўрсатмаси ва Марказий Осиёдаги рақамли ўзгаришлар

2025 йил 3 сентябр куни Қирғизистон президентининг администрациясида cунъий интеллектни ривожлантириш бўйича миллий кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишга вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдил Байсалов раҳбарлик қилди. Сунъий интеллектни ривожлантириш концепцияси лойиҳасини муҳокама қилиш куннинг долзарб масаласига айланди. Расмий маълумотга кўра, ушбу стратегик ҳужжат рақамлаштиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва мамлакатнинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга қаратилган. Шунингдек мазкур концепция ҳам замонавий рақамли инфратузилмани яратишга қаратилган бўлиб, фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланишини осонлаштириши ва тадбиркорлик соҳасида янги имкониятлар яратиши айтилмоқда.

Орадан икки кун ўтиб, яъни 2025 йил 5 сентябрь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев пойтахтидаги парламент биносида йиллик баёнот берди. У ўз баёнотида сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлигини ташкил этиш учун ҳаракат олиб борилаётганлигини маълум қилди. У бунинг учун янги вазирлик ташкил этилиши ва унга бош вазир ўринбосари даражасидаги мутахассис раҳбарлик қилиши лозимлигини таъкидлади. Вазирликнинг асосий вазифаси сунъий интеллект, платформа иқтисодиёти, кенг кўламли маълумотлар ва рақамли бошқарувни ўз ичига оладиган “рақамли кодекс”ни тез орада қабул қилишдан иборатдир. Тўқаев ўз нутқида “Бундан бошқа йўл йўқ” деган маънода баёнот берди ва рақамли трансформациянинг муқобили йўқлигини таъкидлади.

Юзаки қараганда бу ташаббуслар модернизация, сунъий интеллектдан фойдаланиш, халққа қулайлик яратиш ва шаффофликни ошириш каби ривожланиш ва тараққиётга йўл очаётгандек кўриниши мумкин. Бироқ яхшироқ назар солинса, Қирғизистон ва Қозоғистон ҳаракатларининг ҳамоҳанглиги ва уларнинг “муқобили йўқ” деган риторикаси бу ерда ички сиёсатдан ташқари яна нимадир борлигини кўрсатади. Бу воқеалар Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 2 сентябрда бўлиб ўтган саммитидан сўнг содир бўлди. Саммитнинг асосий мавзулари: минтақавий хавфсизлик, рақамли суверенитет, технологик ҳамкорлик ва кибер хавфсизлик эди.

Хитой узоқ вақтдан буён Марказий Осиёга технологик ва рақамли каналлар орқали ўз таъсирини кенгайтиришнинг стратегик йўналиши сифатида қараб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Минтақадаги энг юқори даражада эълон қилинган рақамлаштириш ташаббуслари асосан Пекин жорий этаётган моделларга мос келади.

Марказлаштирилган рақамли бошқарув, давлат хизматларини автоматлаштириш, халқнинг хатти-ҳаракатлари бўйича кенг кўламли маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш – бу Пекиннинг изчил сиёсатидир. Буларнинг барчаси “ривожланиш” сифатида кўрсатилса-да, аслида “очиқ фуқаролар – ёпиқ давлат” тизимидан даракдир.

Қозоғистон “cунъий интеллектни барча соҳаларга тўлиқ жорий этиш” ва “бутун давлат бошқарув тизимини ислоҳ қилиш” зарурлигини очиқ эълон қилмоқда. Қирғизистон эса ҳали бу йўлнинг дастлабки босқичида, бироқ унинг ҳам расмий мурожаатларида “муқобилсиз инфратузилма”, “ягона йўл”, “стратегик янгиланиш” каби унсурлар пайдо бўла бошлади.

Дарҳақиқат, бу сўзлар шунчаки фақат техник янгиланишни эмас, балки давлат ва жамият ўртасидаги мувозанатни сифат жиҳатидан ўзгартиришни ҳам ўз ичига олади. Давлат фуқароларнинг хатти-ҳаракатларини кузатиш ва таҳлил қилиш, ахборот оқимини бошқариш ва қарши фикрларни тезда бостириш учун мисли кўрилмаган имкониятларга эга бўлмоқда. Фуқаролар эса тўлиқ назорат остида кузатиб туриладиган объектга айланиб бормоқда.

Уларнинг сиёсий мантиғи очиқ-ойдин кўриниб турибди. Ички беқарорлик ва ташқи таҳдидлар орасида қолган минтақа раҳбарлари замонавий технологиялардан тараққиёт мақсадида эмас, балки назорат мақсадида фойдаланмоқчи. Буни билган Пекин уларга нафақат жиҳозлар (Huawei, ZTE, Hikvision), балки рақамли авторитаризм мафкурасини ҳам таклиф қилмоқда. Шунга кўра, ШҲТ ўзини фақатгина ҳарбий ёки иқтисодий иттифоқ эмас, балки Евроосиёни Хитой моделида қайта шакллантирадиган структура сифатида кўрсатмоқда.

“Мустамлакачилар” ва давлат ичидаги компанияларнинг ҳақиқий эгалари ушбу моделдан фойдаланмоқда. Хитой бу таклифлар билан стратегик минтақа бўлмиш Марказий Осиёда инфратузилма ва рақамли қарамликни кучайтирмоқда. Айни пайтда минтақадаги элита осон бошқариладиган янги экотизимларни яратмоқда. Бундай назорат янги экотизимлар, алгоритмлар, репрессия ва метамаълумотлар орқали амалга оширилмоқда. Фуқаролар ўзларининг шахсий ҳаёти ва сиёсий субъективлигини “қулайлик” ва “тезкор хизмат” билан алмаштиришга мажбур бўлмоқдалар.

Буларнинг барчаси, Марказий Осиё Хитойнинг кўрсатмалари билан янги рақамли ҳуқуқий давлат сари интилаётганини кўрсатади.

Хулоса қилиб айтганда, бу рақамли трансформация технологик ўсишни эмас, балки иқтидор учун ўзини ҳимоя қилиш имкониятини кучайтиради. Ким уни бошқарса, келажакни назорат остига олган бўлади. Ҳозирги тенденцияларга қараганда, Марказий Осиёнинг келажаги Хитой сиёсатига бевосита боғлиқдир. Чунки маҳаллий раҳбарлар интеграция ва модернизация баҳонасида рақамли стандартлар тузувчи хитойлик мутахассисларга қарамликни кучайтирмоқда.

Ҳужжат Жамия

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button