Ўсмирлар орасида руҳий касалликлар кўпаймоқда

Ўсмирлар орасида руҳий касалликлар кўпаймоқда
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти болалар ва ўсмирларнинг руҳий саломатлиги ҳақидаги янги ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботга кўра, болалар ва ўсмирлар орасида руҳиятнинг бузилиши тобора кенг тарқалиб бораётган касалликлар сафидан ўрин олган. Европа ва Марказий Осиёни ўз ичига олган бу тадқиқот шуни кўрсатадики, минтақадаги ҳар етти бола ва ўсмирнинг бирида руҳий касаллик мавжуд. Ўсмир қизларнинг ҳолати яна-да оғирроқ. 15-19 ёшдаги ҳар тўрт қизнинг бирида руҳий саломатлик муаммоси бор. Ўз жонига қасд қилиш 15-29 ёшдаги ўсмирлар орасида ўлимнинг асосий сабабига айланган. Сўнгги 15 йил ичида болалар ва ўсмирлар ўртасида руҳий касалликлар уч бараварга ортгани айтилмоқда.
Бугунги кунда болалар ва ўсмирларнинг аҳволи жуда оғир. Чунки хозирги пайтда болалар соф капитализм тарбиясини олиб улғаймоқда. Бошқача қилиб айтганда, ўсмирлар капитализм “бахт” деб таърифлаган нарсани онгига жойлаб олмоқда. Капитализм тақдим этаётган “бахт” эса моддий жиҳатдан бой бўлиш ва имкон қадар жисмоний истакларини қондиришдан иборатдир. Бугунги интернет ривожланган даврда қайси платформага қараманг, ҳаммаси шу нарсага чақиради ва доимо шунга тарғиб қилади. Инсоннинг даражаси ёки муваффақияти унинг моддий аҳволи, миниб юрган машинаси, қўлидаги телефони билан ўлчанадиган бўлиб қолди. Айнан шу ўлчов муваффақият сифатида тақдим этилиб, ижтимоий тармоқларда ва кундалик ҳаётда ютуқ сифатида талқин қилинмоқда.
Бундай тушунчалар фақат ўзини ўйлайдиган худбин одамларни ва бошқаларни писанд қилмайдиган такаббур одамларни тарбиялаб етиштиради. Агар унинг моддий даражаси кўтарилиб қолса, моддий жиҳатдан ўзидан паст бўлганларга паст назар билан қарайди, ҳатто уни камситишгача боради. Афсуски, бу ҳолат фарзандларимиз орасида ҳам ривожланиб бормоқда. Фарзандларимизнинг орзуси – энг сўнгги русумдаги телефонларни олиб юриш ва бошқа энг янги, энг сўнги, энг жозибали нарсалардан фойдаланиш бўлиб қолмоқда. Болаларнинг ғам-ташвиши ҳам хурсандчилиги ҳам шунга боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Албатта, биз капитализм тузуми остида яшаётганимиз учун камбағаллар сони кўпчиликни ташкил этиши табиий ҳол. Чунки капитализм шундай тузумки, унда бойликлар бир ҳовуч инсонларнинг қўлида тўпланиб, қолганлар қашшоқликда кун кечиришга маҳкум бўлади. Бу ҳақиқат жаҳон таҳлилий марказлари томонидан ва ҳатто БМТ томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижасида ҳам ўз тасдиғини топган. Унга кўра, дунё аҳолисининг 1 фоизи дунё бойлигининг деярли 90 фоизига эгалик қилади. Қолган 99 фоиз аҳоли эса дунё бойлигининг атиги 10 фоизига эгалик қилади. Бу адолатсиз тузум туфайли ҳамма болалар ҳам энг охирги русумдаги нарсаларга эга бўла олмайди. Шундай экан, капитализм тушунчаларига эга бўлган фарзандларимиз норозиликларга ва руҳий касалликларга дуч келиши табиий.
Қолаверса, бу дунёда яратилишдан кўзланган мақсад фарзандларимиз онгида тиниқ шаклланмагани сабабли, яъни бу дунёга қаердан келганлиги, нима учун келганлиги, бу дунёдан кейин қаерга боришлиги ҳақида аниқ тасаввурга эга эмаслиги сабабли фарзандларимиз капитализм тушунчаларини қабул қилишмоқда. Бошқача айтганда, уларнинг олдида фақат капитализм тушунчалари турибди. Чунки бугунги кунда болалар боғчасидан бошлаб уларга капитализм тушунчалари сингдирилмоқда. Бинобарин, бу дунёда яратилишдан мақсадини билмаган, фақат моддий манфаатни кўзлайдиган бола руҳиятининг бузилиши турган гап. Шунинг учун, агар биз фарзандларимизни қутқариб қолмасак, бу масала болалар ва ўсмирлар орасида долзарблигича қолаверади. Уларни қутқаришнинг ягона йўли Исломдир. Уларга Исломий таълим-тарбия беришимиз ва уларнинг онгига Исломий тушунчаларни сингдиришимиз лозим. Исломда барча саволларнинг жавоблари ва барча муаммоларнинг ечимлари мавжуд бўлиб, Ислом берган ечимлар ақлни қоноатлантириб, қалбларни хотиржам қилади.
Аммо масжидларни ёпиб қўйиш, болаларга масжидга боришни тақиқлаш, Исломий таълимни ман қилиш, қолаверса даъватни чеклаб қўйиш фарзандларимизнинг Исломий таълим олишига тўсқинлик қилади. Оқибатда фарзандларимиз шафқатсиз капитализм қаршисида ёлғиз қолиб, ўзидан бошқани ўйламайдиган, фақат моддий манфаатни кўзлайдиган худбин болалар бўлиб етишиб чиқади.
Ҳорун Абдулҳак




