Мақолалар

Қирғизистондаги сиёсий вазият таранглашмоқда

Қирғизистондаги сиёсий вазият таранглашмоқда

Қирғизистонда 30 ноябрь куни парламент сайловлари бўлиб ўтади. Ҳукумат ўзига нолойиқ деб ҳисоблаган номзодларни турли баҳоналар билан сайловларда иштирок этишига тўсқинлик қилмоқда. Бундан ташқари, мамлакатдаги энергетика инқирози, қимматчилик ва Хитой фуқароларининг оммавий тарзда мамлакатга кириб келиши жамоатчилик норозилигини кучайтирди. Бу эса мухолифатдаги сиёсатчиларни бош кўтаришга ундамоқда. Айниқса, президент Садир Жапаров ўзининг Facebook саҳифасида долзарб масалалар бўйича баёнот берганидан кейин вазият янада кескинлашди. У ўз баёнотида собиқ президент Алмазбек Атамбаевни айблаб, давлат тўнтаришига асло йўл қўйилмаслигини таъкидлаган эди.

Ўз навбатида, Атамбаев президент Жапаровнинг мурожаатига жавоб қайтарди. Атамбаев ортидан бир қатор собиқ амалдорлар ҳам иккала тарафни қўллаб-қувватловчи баёнотлар беришди.

22 ноябрь куни эрталаб ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бир қатор мухолифат кайфиятдаги сиёсатчиларнинг уйларига рейд уюштириб, уларни ҳибсга олгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинчалик Ички ишлар вазирлиги ўн киши «оммавий тартибсизликларни қўзғаш» моддаси билан айбланиб, вақтинчалик қамоққа олинганини эълон қилди. Улар орасида Социал-демократик партия етакчиси Темирлан Султанбеков, Атамбаевнинг ўғли Қодир Атамбаев ва депутатликка номзодини қўйиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган Шайлообек Атазов каби сиёсатчилар бор.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, Атамбаевнинг рафиқаси Раиса Атамбаева, «Бутун Қирғизистон» партиясининг етакчиси Адахан Мадумаров ва унинг ўғли билан рафиқаси ҳамда Султанбековнинг синглиси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга чақирилган.

Маълумки, Садир Жапаров 2023 йил 17 феврал куни собиқ президентларни йиғиб, сиёсий мулоқот ўтказгандан сўнг, мамлакатдаги вазиятни назоратга олгандай бўлган эди. Бироқ, Бишкек шаҳар кенгаши учун сайловлар пайтида Атамбаевнинг Социал-демократик партияси сайловлардан четлаштирилди. Партия етакчиси Темирлан Султанбеков ва икки партия аъзоси вақтинчалик ҳибсга олинди. Ўшандан буён Атамбаев ва ҳукумат ўртасидаги кураш парда ортида давом этиб келяпти. Айни пайта, ҳукуматнинг коррупция ва таниш-билишчиликка қарши кураш баҳонасида эски сиёсий муҳитни бузишга уринишлари мухолифат сиёсатчилари сафининг бирлашишига олиб келди.

Маълумки, Атамбаев ва унинг жамоаси 2005, 2010 ва 2020 йиллардаги давлат тўнтаришларида халқни қўллаб-қувватлашга катта ҳисса қўшган эди.

Расмий Кремл эса, ўзининг анъанавий стратегиясига мувофиқ, ички сиёсатда ғолиб томонни ўз сиёсатига бўйсундиришга мажбурлаш позициясини эгаллаб келмоқда. Бироқ, ҳозирги ҳукумат сўнгги йилларда Хитой билан ҳамкорликни анча кучайтирди. Буни Хитой билан стратегик шартномалар тузилиши, мамлакатдаги барча муҳим ресурсларнинг Хитой компанияларига топширилиши ва икки мамлакат ўртасидаги савдо алмашунувининг тез суратда ўсиб бориши тасдиқлаб турибди.

Қирғизистон ҳукуматининг ўзгариши Россия учун устувор масала бўлмаса-да, у мухолифат кучларининг жонланишига ва ҳукуматга босим ўтказиш учун воситалардан фойдаланишга қарши эмас. Хусусан, Атамбаевнинг асосий кадрларидан бири, ҳозирда Кремл ҳимоясида бўлган собиқ бош вазир Сапар Исаковнинг сиёсий воқеалар ҳақидаги баёнотлари ҳам шундан далолат беради.

Атамбаев президентлиги даврида Россия манфаатларига хизмат қилган баъзи лойиҳаларни амалга оширган бўлса-да, уни ва унинг партиясини Россияга тўлиқ боғлиқ деб ҳисоблаш нотўғри бўлади. Чунки у асос солган Социал-демократик партияси дастлаб Европа, хусусан Германия таъсирида шаклланган эди. Шунинг учун, унинг ҳукмронлиги даврида Европа манфаатларига мувофиқ бир қатор ишлар амалга оширилди. Масалан, Атамбаев ҳокимият тепасига келганида қабул қилинган конституция Ғарбга мойил конституция бўлиб, янги жорий этилган парламент бошқарув тизими Кремл қарашларига зид эди. Шунингдек унинг вориси Жеенбеков ҳукмронлиги даврида ички сиёсатдаги зиддиятлар туфайли Россия манфаатларига зид бир қатор ишларни амалга оширди. Масалан, уран қазиб олишга қарши митинглар уюштириш орқали Россиянинг умумий инвестиция манфаатларига зарба берди.

2014 йилда АҚШ авиабазасининг Қирғизистондан чиқарилиши ва 2015 йилда Қирғизистоннинг Россия таъсиридаги Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) қўшилиши эса, ҳокимиятни сақлаб қолиш учун Россияни рози қилиш жараёнининг бир қисми эди. Чунки ўша пайтда Россиянинг мамлакатдаги сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий таъсири жуда кучли эди.

Демак, мамлакатдаги сўнгги воқеалар ва ички сиёсатдаги зиддиятлар Россиянинг бунга эшикларни очиши ва ҳукуматнинг ҳаддан ташқари хавотири туфайли кескинлашиб бормоқда.

Мухолифатнинг деярли барча вакиллари Қирғиз жамоатчилиги олдида ўз ишончини йўқотди. Буни сайлов статистикасидан ҳам кўриш мумкин. 1995 йилги парламент сайловларида сайловчиларнинг 76 фоизи иштирок этган бўлса, 2000 йилда 58 фоиз, 2005 йилда 60 фоиз ва 2007 йилда 74 фоиз сайловчилар иштирок этди. У пайт Бакиев даври бўлиб, сайловдаги фирибгарлик энг юқори чўққисига чиққан эди. 2010 йилда сайловчиларнинг 59,19 фоизи, 2015 йилда 58,85 фоизи ва 2020 йилда 56,5 фоизи  иштирок этди. Сўнг юзага келган норозилик намойишлари президент Жеенбековнинг қулашига олиб келди. 2021 йилда сайловчиларнинг 34,61 фоизи иштирок этди. Булардан сайловчиларнинг камайиб бораётганини кўриш мумкин.

Президентлик сайловлари ҳам худди шундай бўлди. Масалан, 1991 йилда сайловчиларнинг 89 фоизи, 1995 йилда 86 фоизи, 2000 йилда 78 фоизи, 2005 йилда 74 фоизи, 2011 йилда  58 фоизи, 2017 йилда 56 фоизи, 2021 йилда 39 фоизи иштирок этди.

Аслида, сайловларда иштирок этган одамлар сони халқнинг демократик тузумга бўлган ишончининг кўрсаткичидир. Аниқроғи, бу Қирғизистондаги сайловчиларнинг аксарияти сайловларни бойкот қилганини англатади! Чунки халқ демократиядан ҳам, бир-биридан фарқ қилмайдиган ҳукуматдан ҳам, фақат амалдорлар ва пулдорларнинг манфаатларига хизмат қиладиган сайловлардан ҳам чарчади. Бунинг сабаби, Қирғизистон «мустақил» бўлганидан бери ҳокимият тепасига келганлар фақат мамлакатни заифлаштириш ва халқни қашшоқлаштириш учун бир-бири билан мусобақалашди. Сайловлар ёки давлат тўнтаришлари орқали ҳокимият тепасига келган ҳукмдорлар бу борада бир-биридан асло фарқ қилмади. Ҳар бир соҳа ортда қолиб кетгани етмагандай, коррупция, адолатсизлик ва ахлоқсизлик кенг тарқалди. Бунинг асосий сабаби, шубҳасиз, улар бошқараётган демократик тизимдир. Кўпчилик коррупциянинг манбаи капитализм эканлигини билмайди. Шунинг учун улар қайта-қайта унинг тузоғига тушиб, яна-яна «демократик» васвасага алданиб қолишмоқда.

Эслатиб ўтиш лозимки, бу курашда Ислом ва мусулмонлар учун ҳеч қандай фойда йўқ! Бу кураш куфр тизимидаги етакчи гуруҳлар ўртасидаги манфаатлар учун бўлган курашдир. Улар бир-бирига қарши курашда Исломда ҳаром бўлган барча куфр қуролларидан фойдаланишдан тап тортмайди. Шунинг учун биз Қирғизистон мусулмонларини охиратимиз учун зарарли бўлган бундай ифлос курашларга қатнашмасликка чақирамиз! Албатта, биз атрофимизда содир бўлаётган бундай жараёнларга бефарқ қарамаймиз! Чунки улар талашиб-тортишаётган манфаатлар, аслида Умматнинг манфаатларидир! Шунинг учун бизнинг ҳар бир ишимиз, сиёсий курашларимиз ва ҳаракатларимиз фикрий етакчиликка асосланган бўлиши керак. Биз куфрнинг Исломга зид бўлган режаларидан ва уларнинг мусулмонларни чалғитиш учун қилаётган ҳаракатларидан Умматни доимо огоҳлантириб туришимиз лозим.

Умар (Аллоҳ ундан рози бўлсин) бундай деган эди: «Мусулмон алдамайди ҳам, алданмайди ҳам».

Расулуллоҳ ﷺ шундай дедилар:

«لَا يُلْدَغُ الْمُؤْمِنُ مِنْ جُحْرٍ وَاحِدٍ مَرَّتَيْنِ»

«Мўмин бир тешикдан икки марта чақилмайди».

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button