Роя газетаси

Трамп режаси – Ғазога қарши уруш тўхтаган тақдирда ҳам – жиддий хавф ва шармандаликдир

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Трамп режаси – Ғазога қарши уруш тўхтаган тақдирда ҳам – жиддий хавф ва шармандаликдир

Устоз Абдуллоҳ Ҳамдул Водий

Муборак Фаластин замини

АҚШ президенти Дональд Трамп 3 октябр куни кечки пайт яҳудий давлатига: «Асирларни тез ва хавфсиз чиқара олишимиз учун (Исроил) Ғазони бомбардимон қилишни дарҳол тўхтатсин», деб буйруқ берди.

Ушбу буйруқ Ҳамас ҳаракати Трампнинг урушни тўхтатиш бўйича режасига «қисман» розилик билдирганидан сўнг эълон қилинди.

Гарчи яҳудий вужуди шанба кунини (шабатни) якунига етказмаган бўлса-да, унинг сиёсий раҳбарияти армияга ҳарбий фаолиятни «мудофаа миссиясига» чеклаш ҳақида буйруқ берганини дарҳол эълон қилди. Гарчи бу эълондан кейин Ғазо секторида юзлаб инсон шаҳид қилинган бўлса-да, ушбу эълон, баёнот ва жавоблар Трампнинг Ғазодаги урушни тугатиш, у ерда ва бутун минтақада «тинчлик ўрнатиш» бўйича 20 бандлик режасини амалга оширишнинг бошланиши сифатида кўрилди.

Трамп режаси бандларини шунчаки ўқиб чиқиш Ғазо аҳолиси ва мужоҳидлари қабул қилиши исталаётган бу режанинг капитуляция режаси сифатида қанчалик хавфли эканини очиқ-ойдин кўрсатади. Бу яна шуни кўрсатадики, режа Америка ва яҳудийлар қирғин содир этишганига, вайронагарчилик ва очарчилик келтириб чиқаришганига қарамай икки йил давомида эриша олмаган мақсадларига эришиш имконини берадиган тарзда тузилган.

Режа бандлари яҳудийларга қуйидагиларни кафолатлайди:

  • Асирларни «айирбошлаш» номи остида тирик ва ўлик асирларини дарҳол қайтариб олиш;
  • Ғазони «терроризмдан тозалаш» номи остида яҳудий вужудига хавф ёки ноқулайлик туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай қуролни, ҳатто ҳар қандай инсон ёки фикрни йўқ қилиш.
  • Қуролсизлантириш ва инфратузилмани вайрон қилиш учун буни «мустақил кузатувчилар» деб аталган араб, исломий ва халқаро қўллар билан амалга ошириш.
  • «Босқичма-босқич чиқиб кетиш», буфер зоналар ва хавфсизлик периметри номлари остида (Исроил)нинг Ғазо секторида номаълум узоқ муддат давомида қолишини таъминлаш.
  • «Ўтиш даври ҳукумати» номи остида халқаро «Тинчлик кенгаши» ҳукмронлигида Ғазо устидан Ғазо аҳлининг назорати бўлмаслиги.
  • Яҳудийлар учун «муваққат халқаро барқарорлик кучлари» номи остида уларнинг вужуди қўриқланиши ва хавфсизлиги таъминланиши.

Бунинг акси ўлароқ, режа Ғазо аҳлига БМТ орқали ёрдамлар киритишни ваъда қилишдан бошқа нарса тақдим этмайди. Ҳолбуки, БМТ аслида мустамлакачилик қуролларидан бошқа нарса эмас. Шунингдек, режада, белгиланган муддат кўрсатилмаган ҳолда, қайта қуриш ва ривожлантириш режаси тузилиши ваъда қилинди.

Ушбу режани амалга ошириш учун кўрилган шайтоний чора-тадбирлардан бири шу бўлдики, Америка араб ва араб бўлмаган баъзи рувайбиза ҳукмдорларни тўплади. Улар урушни тугатишга қаратилган режага эришиш учун «ижобий» саъй-ҳаракатлар олиб боришаётганини биргаликда ҳам, алоҳида-алоҳида ҳам маълум қилишди. Лекин режа яҳудийлар, Трамп, унинг куёви ва давлат котиби томонидан тайёрланиб эълон қилингач, ҳукмдорлар Трампнинг урушни тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатлари учун мақтов ва миннатдорлик баёнотларини беришга шошилишди. Бу билан ушбу саъй-ҳаракатлар ва ушбу режанинг ҳақиқати ва хатарини кўздан яширишни ирода қилишди. Бундан ташқари, бу ҳукмдорлар орасида айримлари Америкага бўлган садоқат ва тобеликда янада масхарали ҳолатга тушишди. Покистон ташқи ишлар вазири Трамп эълон қилган режа Покистон, араб ва исломий давлатлар бир неча кун аввал Трамп билан ўтказган учрашувда кўрган ҳужжатдан фарқ қилади, деб маълум қилганида, гўё бошқа бир режа бордек бўлди. Гўё бу режимларнинг Вашингтондаги хўжайинлари кўрсатгандан бошқа қарор ёки фикрга эга бўлиши мумкиндек!

Бу ҳукмдорлар Трампнинг режасига нафақат ягона, балки миннатдорлик ва мақтовга лойиқ режа сифатида қарашди. Улар бу билан Умматнинг ғазабини босишга уриниб, урушни тўхтатиш, ёрдамларни киритиш ва қайта қуриш ишларида ўзларининг саъй-ҳаракатлари самарасини берганига Ғазо аҳлини ишонтиришмоқчи бўлишди. Ҳақиқат шуки, урушнинг шу тарзда тўхташи – агар тўхтаса – бу режимларни хиёнат, яҳудий вужуди билан тил бириктириш ва уни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ғазони қамал қилиш ва халқларни ўз биродарларига ёрдам беришдан тўсиш шармандалигидан халос қилмайди. Ҳатто Ғазодаги уруш тўхтаса ҳам тез орада Уммат уларни қулатади. Чунки Уммат биладики, унда нафақат Ғазодаги урушни тугатиш, балки бутун Фаластинни озод қилиш учун ҳам ҳақиқий режа мавжуд ва у майдонларда шу чақириқни олға сурмоқда, аммо анави ҳукмдорлар буни хоҳлашмайди.

Трамп режаси мусулмон армиялардаги куч эгалари учун ҳам шармандаликдир. Юқорида айтиб ўтилганидек, агар уруш айнан шу тарзда тўхтаса, бу уларнинг шармандалигини ювмайди. Чунки улар нафақат Ғазони, балки бутун Фаластинни озод этиш учун қўлларидаги кучни ишлатишда лоқайдлик қилишди. Ҳатто Ғазо аҳлига сув, озиқ-овқат ёки дори-дармон олиб кириш учун ҳам ўз имкониятларидаги кучдан фойдаланишмади. Ғазодаги уруш тўхтаган тақдирда ҳам уларнинг катталарига нисбатан (Аллоҳнинг итоатсиз қавм ўрнига бошқа бир қавмни) «алмаштириш» қонуни жорий бўлади.

Урушнинг бу тарзда тўхташи Ислом Умматини ўз бурчини адо этишдан озод қилмайди. Уммат ўз биродарларига ёрдам беришда сусткашлик қилди ҳамда Ғазо, Фаластин ва унинг аҳли, Исро замини олдидаги бурчини адо этмади. Ҳатто ўз олдидаги бурчини ҳам адо этмади ва режимларни мазлумлар фарёдига жавоб беришга мажбур қила олмади.

Уммат шуни англаши лозимки, ҳатто уруш тўхтаб, Ғазо аввалгидан ҳам яхшироқ ҳолатда қайта қурилса ва яралар шифо топиб, аввалгидан яхшироқ ҳолга қайтса ҳам, у ҳамон босиб олинган ҳолда қолмоқда. Шунингдек, бутун Фаластин босиб олинган ҳолда қолмоқда ва Ақсо масжиди яҳудийлар томонидан ҳанузгача булғанмоқда. Буларнинг барчаси Умматнинг бўйнидаги вазифасидир.

Уммат шуни англаши лозимки, урушнинг шу тарзда тугаши, душманларимиз қўйган ва бу борада уларга ҳукмдорларимиз ёрдам берган шартларга рози бўлишдан бошқа нарса эмас. Ғазо аҳли ўзи бошлаган ҳамда унда жиҳод, шаҳидлик, сабр ва матонатнинг юксак намунасини намоён этган ушбу жангда Умматнинг бор кучи билан иштирок этишини, бу жангнинг кенг қамровли тўлиқ озодлик жангига айланишини кутган эди. Аммо Уммат Ғазо аҳлининг чақириғига жавоб беришга лоқайдлик қилди. Ғазодаги уруш тўхтаган тақдирда ҳам, Уммат ўз йўлида давом этиши керак. Токи у Ғазодаги биродарларига ёрдам берсин, Исро заминини озод этишидан ман қилган тахтларни қулатсин, кишанлаб турган занжирларни узсин ва тўсган тўсиқларни ёриб ўтсин.

Ғазодаги биродарларимиз Умматнинг энг буюк жангларидан бири бўлган жангни бошладилар. Тўлиқ икки йил давом этган ушбу жангда 70 мингдан зиёд одам шаҳид бўлди, юз минглаб одам яраланиб ногиронга айланди. Бу жангнинг Уммат қарори билан эмас, балки Америка президенти қарори билан тугаши Уммат учун шармандаликдир. Ғазодаги уруш тўхтаган тақдирда ҳам, ғазабга келиб сафарбарлик эълон қилиш Умматнинг бурчидир. Чунки Ғазони ва бутун Фаластинни яҳудийлардан озод этиш бизнинг бўйнимиздаги долзарб фарздир.

Роя газетасининг 2025 йил 8 октябр, чоршанба кунги 568-сонидан

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button