Туркий давлатлар ташкилоти дин пешволарининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

Туркий давлатлар ташкилоти дин пешволарининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
Қирғизистон президенти Садир Жапаров 11 сентябрь куни Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг дин пешволаридан иборат делегацияни қабул қилди.
Йиғилишда Садир Жапаров Қирғизистон халқининг 90 фоизи мусулмонлардан иборатлиги, шу боис сўнгги йилларда Қирғизистонда бир қатор диний ислоҳотлар амалга оширилганини билдирди. Шунингдек, айни пайтда турли диний оқимлар кучайиб бораётгани ва ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар уларнинг таъсирига тушиб қолаётганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.
Изоҳ:
Садир Жапаров ҳокимиятга келишидан олдин мусулмонларнинг Исломий туйғуларидан фойдаланиб, катта қўллаб-қувватловни қўлга киритган эди. Одамлар унга “бу иймонли раҳбар, Ислом ва мусулмонларни қўллаб-қувватлайди” дея, умид боғлаган эди. Бироқ, вақт ўтиши билан мусулмонларнинг умиди пучга чиқиб, алданганликларини англашди, баъзилар эса ҳали ҳам англаб етгани йўқ.
Хусусан, давлат раҳбарининг қиморхона масаласига доир баёнотлари ва қарорлари унинг энг ашаддий тарафдорларини ҳам ҳайратга солди. Одамлар бу очиқ ҳаром қилинган нарсанинг тақиқланишига аниқ ишонган эди. Бироқ, бундай бўлмади, аксинча, казино даромад манбаи деб топилиб, унга рухсат берилди.
Бундан ташқари, мусулмонлар фақат иккита байрамни, яъни Рамазон ва Қурбон байрамларини нишонлашлари азалдан маълум. Бу кунларда мусулмонлар Исломий маросимларни бажарадилар ва бир-бирларини табриклаб, байрамларни шодлик билан ўтказадилар. Бироқ хавфсизлик баҳонасида бу байрамларнинг асосий маросими ҳисобланган – ҳайит намозини пойтахт майдонида ўқиш тақиқланди. Айни пайтда майдонда турли ахлоқсиз байрамлар, маросимлар ва кечалар ҳеч қандай чекловсиз ўтказилмоқда. Қисқа муддатли жамоат намози майдонда ўқиш эса тақиқланган. Албатта бу “хавфсизлик” баҳонаси шунчаки чалғитиш эканлигини кўрсатади.
Шу билан бирга, халқининг 90 фоизи мусулмонлардан иборат бўлган мамлакатимизда кейинги йилларда диний соҳада бир қанча “ислоҳот”лар амалга оширилди. Бу ислоҳотлар дин эркинлигининг янги концепцияси асосида қабул қилинди. Натижада динни қўллаб-қувватловчи қарорлар эмас, аксинча уни чекловчи қарорлар қабул қилинди. Масалан, уйма-уй юриб даъват қилиш ҳамда кўчаларда ниқоб кийиб юриш тақиқланди. Бу масалалар халқ орасида танқидларга учраганлиги боис, ҳукумат Исломга қарши қабул қилган қарорларини оқлашга мажбур бўлди. Шов-шувларга сабаб бўлган бу масалалар диний эркинлик концепциясидаги чекловларнинг фақат бир қисми холос. Концепцияда яна кўплаб диний фаолиятларни тақиқлаш учун йўл очалиган кўрсатмалар мавжуд. Келажакда мусулмонларни бундан ҳам қаттиқроқ “ислоҳот”лар (чекловлар) кутмоқда.
Яъни, бу концепция орқали диний соҳа тўлиқ назоратга олинади ҳамда масжидлардан чиқадиган ҳар бир овоз Диний комиссия орқали бевосита президент томонидан назорат қилинади. Бу эса, Туркий Давлатлар Ташкилотининг етакчиси бўлган Туркия моделидаги мўтадил Ислом лойиҳасининг амалга ошаётганидан дарак беради. Аниқроғи, Исломнинг фақат ибодат каби индивидуал кўринишлари сақланиб, жамият ҳаёти ва бошқарувга оид ҳукмлари бекор қилинади. Туркий давлатлар ташкилоти ҳам айнан мана шу лойиҳани ҳамкорликда амалга оширадиган ташкилот ҳисобланади.
Бу йўл жамиятни ҳалокатга етаклаши аниқ. Чунки шахсни ёки жамиятни ҳар қандай бузғунчи ишлардан тўсадиган нарса диндир. Бошқа ҳеч бир тушунча, фикр ёки ғоя бундай кучга эга эмас. Бинобарин, Исломни чекламасдан, бузиб кўрсатмасдан, соф ҳолида одамларга етказиш уларни ижтимоий ҳалокат ва таназзулдан қутқаради.
Шундай экан, жамиятни ислоҳ қилиш ва мусулмонлар ўртасида бирликни юзага чиқариш учун Исломни турли сиёсат ва анъаналарга мослаштириш ва уни ҳар томонлама чеклаш ўрнига, сиёсат ва анъаналарни Исломга мослаштиришимиз керак. Шундагина жамият муваффақияти ва мусулмонлар бирлиги кафолатланади.
Ҳорун Абдулҳак