Қирғизистонда Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг саммити бўлиб ўтди

Қирғизистонда Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг саммити бўлиб ўтди
Қирғизистон президенти Садир Жапаров 18 сентябрь куни Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларини қабул қилди. Бу ҳақда президентнинг расмий сайти хабар тарқатди.
Хабарларга кўра, Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг учрашуви биринчи марта бўлиб ўтмоқда. Мазкур саммит Туркий Давлатлар Ташкилоти доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим босқич экани айтилмоқда.
Учрашувда президент Жапаров “Сиёсий ирода билан қўллаб-қувватланган амалий қадамлар ташкилотимиз нуфузини янада мустаҳкамлаш ва юксалтиришга хизмат қилади”, деди. Унинг қўшимча қилишича, кўплаб иқтисодий, инфратузилмавий ва гуманитар масалаларни ҳукумат раҳбарлари даражасида муваффақиятли ҳал этиш мумкин.
Изоҳ:
Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо ва кузатувчи мамлакатларнинг Кипр ва “Исроил” бўйича позициялари қарама-қарши бўлишига қарамай, ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Яъни ташкилотга оғалик қилаётган Туркия Шимолий Кипрнинг халқаро миқёсда тан олинишини истайди, бироқ Европа Иттифоқининг босими ва иқтисодий босимлар туфайли Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо мамлакатлар Кипрни тан олишдан тийилмоқда. Шунингдек, Қозоғистон ва Озарбайжон ҳамда кузатувчи мақомига эга бўлган Венгрия “Исроил” билан тижоратларини очиқ давом эттирмоқда. Қолган давлатлар эса, оғзаки тарзда бўлса-да, яҳудий вужудининг тажовузкорлигини қоралаб келяпти.
Бироқ Туркий Давлатлар Ташкилотини тузишдан мақсад халқаро майдонда ягона позицияни ушлаш ёки бирликни сақлаб қолиш эмас. Бу ташкилотнинг мақсади Марказий Осиёдаги мусулмонлар орасида миллатчилик туйғуларини қўзаш орқали уларни Россия ва Хитой таъсиридан узоқлаштиришдир. Чунки 175 миллион аҳолига ва 4,5 миллион квадрат километр майдонга ҳамда 2,1 триллион ялпи ички маҳсулотга эга Турк дунёси мустамлакачиларнинг манфаатлари кесишган нуқтаси ҳисобланади.
Бу ташкилотни мусулмон олами учун қутқарувчи куч деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор. Бироқ, ҳақиқат бунинг аксини кўрсатмоқда. Узоққа бормай, 7 октабр воқеасидан кейинги вазиятга назар ташлайдиган бўлсак, Озарбайжон ва Қозоғистон Туркия орқали босқинчи яҳудий вужудини нефт ва газ билан таъминлаб келмоқда. Ғазога бир қултум сув етказиб бера олмайдиган бу ҳукуматлар яҳудий вужудига озиқ-овқат ва кийим-кечак ҳам экспорт қилмоқда. Мана шундан ҳам кўриниб турибдики, Туркий Давлатлар Ташкилоти ҳеч қачон мусулмонлар ҳақида қайғурмайди ва уларни ҳимоя қилмайди. Бу ташкилот Хитойда зулм чекаётган уйғурлар масаласида ҳам заиф позицияни эгаллаб: “Бу Хитойнинг ички масаласи, биз бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаймиз”, деди. Бинобарин, Туркий Давлатлар Ташкилоти Американинг қўғирчоқ қуроли бўлиб, Вашингтон Эрдоған орқали минтақа давлатларига таъсир ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун Туркий Давлатлар Ташкилоти фаолиятига АҚШ стратегиясининг бир қисми сифатида қарашимиз керак.
Нурдин Асаналиев




