Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг сермазмун хутбаси

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг сермазмун хутбаси
Ибн Абуд Дунё «ал-Ҳазар» китобида, ибн Асокир эса Мусо ибн Уқбадан ривоят қилишича, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу хутба ўқиб шундай деди: «Ал ҳамду лиллаҳи Раббил оламин (бутун оламлар Раббиси бўлмиш Аллоҳга ҳамдлар бўлсин), унга ҳамдлар айтаман, Ундан ёрдам сўраймиз, ўлимдан кейинги нарсалар хусусида азизу мукаррам қилишини сўраймиз. Зеро, менинг ажалим ҳам, сизларнинг ажалингиз ҳам яқинлашиб қолди. Гувоҳлик бериб айтаманки, яккаю ягона, ҳеч шериги бўлмаган Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқ ва Муҳаммад У зотнинг бандаси ва элчисидир. Аллоҳ уни тирик бўлган кишиларни огоҳлантириши учун ва кофирлар устига сўз-азоб ҳақ бўлиши учун ҳақ билан пайғамбар қилиб, хушхабар элтувчи ва огоҳлантирувчи қилиб, нур таратувчи чироқ қилиб юборди. Кимки Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат этса, тўғри йўлни топибди, кимки осийлик қилса, йўлдан аниқ адашибди. Мен сизларга Аллоҳдан тақво қилишни, Аллоҳнинг сизга нозил қилган ва сизнинг ҳидоят топишингизга сабаб бўлган амр-фармонларига маҳкам ёпишиб амал қилишни васият қиламан. Ихлос калимасидан кейин Ислом кўрсатган тўғри йўл Аллоҳ ишингизга бошлиқ қилиб қўйган кишига қулоқ солиб, итоат қилишдир. Зеро, кимки амри маъруф ва наҳий мункар қилувчи валиюл амрга (бошлиққа) итоат этса, нажот топибди ва устидаги ҳақни адо этибди. Ҳавойи хоҳишга эргашишдан сақланинглар. Кимки ҳавойи хоҳишдан, тамаъдан ва ғазабдан сақланса, аниқ нажот топибди. Фахрланиб гердайишдан сақланинг. Ахир тупроқдан яралиб, яна тупроққа қайтадиган, сўнг қуртлар еб ташлайдиган, бугун тирик бўлса, эртага ўлик бўладиган кимсанинг фахрланиб гердайиши нима бўларди. Кунма кун, соатма соат амал қилиб боринглар. Мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўлинглар. Ўзингизни ўликлар қаторида деб сананглар. Сабрли бўлинглар. Зеро, барча амал-иш сабр билан бўлади.
Эҳтиёт бўлинглар, эҳтиёткорлик фойда қилади. Амал қилинглар, амал мақбул (қабул) бўлади. Аллоҳ сизларни Ўзининг азобидан огоҳлантирди. Унинг азобидан эҳтиёт бўлинглар. Аллоҳ сизларга Ўз раҳматини ваъда қилди. Унинг раҳматига шошилинглар. Фаҳм-фаросатли бўлинг, шунда яхши фаҳмловчи бўлурсизлар, тақволи бўлинг, шунда сақланувчи бўлурсизлар. Аллоҳ Ўз Китобида сизларга нимани ҳалол ва нимани ҳаром қилганини, қайси амалларни яхши кўришини ва қайсиларини яхши кўрмаслигини баён қилди. Мен албатта сизларга ўз нафсимни кўзлаб сиёсат юргизмайман. Ёрдам сўраб илтижо қилинадиган зот фақат Аллоҳдир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким, ҳеч нарсада ҳеч қандай куч ва қувват йўқ. Шуни билингларки, холис Аллоҳ учун нима амал қилган бўлсангиз, демак Раббингизга итоат этибсиз, ўз улуш-насибангизни сақлаб қолибсиз, шодлигу роҳатга эришибсиз, ўз ихтиёрингиз билан қилган тоатингизни ўзингиздан олдин бориб турадиган нафл ибодат деб ҳисобланг, берган «қарзингиз» сизга тўла қайтарилади ва муҳтож бўлган пайтингизда сизларга мукофотингиз берилади.
Эй Аллоҳнинг бандалари, дунёдан ўтиб кетган ёру биродарларингиз ҳақида ўйлаб, фикр юритиб кўринглар. Улар охиратга нимани юборган бўлсалар, ўлимдан кейин ўша нарсани топиб, ё бадбахтликка дучор бўлдилар ёки саодатга эришдилар. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир шериги йўқ зотдир, У билан банда ўртасида – бандага яхшилик ато қилишига ёки ундан ёмонликни буриб юборишига сабаб бўладиган насаб (қариндошчилик риштаси) йўқ. Банда фақат Аллоҳга итоат қилиб, Унинг амрига эргашсагина яхшиликка эришади ва ёмонликдан паноҳ топади. Ортида дўзах бўлган яхшилик яхшилик эмас, ортида жаннат бўлган ёмонлик ёмонлик эмас. Бу сўзларни айтар эканман, ўзимга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраб қоламан. Пайғамбарингизга салоту саломлар йўлланглар. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу».
