Мақолалар

Автомактабларни монополия қилиш автоҳалокатларни камайтирадими?

Автомактабларни монополия қилиш автоҳалокатларни камайтирадими?

Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Кабар” миллий ахборот агентлигига берган интервьюсида Қирғизистондаги хусусий автомактабларнинг ёпилиши ва ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш учун ўқув муддатининг узайтирилиши ҳақида сўз юритди.

«Биз уларни олдиндан огоҳлантирган эдик. 2026 йилдан кейин хусусий мактабларга лицензия бериш тўхтатилишини ва бу соҳани ислоҳ қилиш кераклигини айтган эдик. Бироқ, уларнинг аксарияти ўша эски тарзда ишлашда давом этди. Бу соҳани бундай масъулиятсиз хатти-ҳаракатлар билан ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмайди», деди президент.

Бир қатор депутатлар ҳам 28 январ куни Жогорку Кенешнинг умумий йиғилишида бу масалани кўтардилар. Уларнинг сўзларига кўра, баъзи автомактабнинг бинолари ёпилган, улар орасида буюмларини олиб чиқа олмаётганлари ҳам бор. Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ўқитишнинг янги қоидалари бўйича кўплаб шикоятлар мавжуд.

Бундан аввал Қирғизистондаги хусусий автомактабларнинг эгалари курсантларни рўйхатга олиш тизими ҳеч қандай огоҳлантиришсиз тўхтатилгани ва бунинг натижасида ўқув жараёни тўхтаб қолгани ҳақида айтиб чиқишган эди. Улар 26-27 январ кунлари давлатга тегишли «Унаа» муассасасида йиғилиб, бу масалага изоҳ беришларини талаб қилишди. Йиғилганлар базанинг ёпилиши туфайли янги курсантларни қабул қила олмаётганликларидан ва бунинг оқибатида 350га яқин автомактабда 5-6 минг киши ишсиз қолганлигидан шикоят қилишди.

Ислоҳотни амалга ошираётган президент администратори Канибек Туманбаев эса бундан буён курсантлар фақат давлат назорати остидаги автомактабларда ўқитилишини ва феврал ойининг ўрталаридан бошлаб курсантлар янги тасдиқланган таълим стандартларига мувофиқ янги ўқув дастури билан қабул қилинишини эълон қилди. У бу соҳада ўказилаётган ислоҳотлар автоҳалокатларни камайтириш ва ҳайдовчилик гувоҳномаларини беришдаги коррупцияни бартараф этишга қаратилганлигини қўшимча қилиди.

Кўриниб турибдики, автомактабларни давлат монополиясига айланиришга уриниш мавжуд. Бироқ, бунга сабаб сифатида кўрсатилган автоҳалокатларнинг кўпайиши автомактаблар билан боғлиқ эканлиги шубҳа уйғотади. Чунки ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш ҳуқуқи давлатнинг «Унаа» муассасасига тегишлидир. Шунинг учун давлат «ислоҳот» ўтказиш баҳонасида ушбу соҳадаги даромад манбаини ўз фойдасига тортишга ҳаракат қилмоқда.

Аслида, давлатнинг вазифаси фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш билан бирга улар учун ҳаётларида қулайлик яратиб беришдир. Агар мақсад автоҳалокатларни камайтириш бўлса, биринчи навбатда уларнинг манбаи бўлган маст қилувчи ичимликларни ишлаб чиқариш ва сотишни ҳамда маст ҳолда машина ҳайдашни тақиқлаш лозим. Бунинг устига, ўн ойлик ҳайдовчилик ўқув дастурини жорий этиш фуқаролар ҳаётини осонлаштириш ўрнига улар учун қўшимча қийинчиликлар келтириб чиқаради.

Шунинг учун биз ҳукуматдан халқнинг манфаатларига зид равишда қабул қилган қарорларини бекор қилишни, аксинча халқнинг манфаатларига мувофиқ ҳаракат олиб боришини талаб қилишимиз керак.

Мумтоз Мавароуннаҳрий

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button