Роя газетаси

Америка ва яҳудий вужудининг Эронга қарши уруши: Гегемонликнинг завол топаётгани борасидаги сабоқ ва ибратлар

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Америка ва яҳудий вужудининг Эронга қарши уруши:

Гегемонликнинг завол топаётгани борасидаги сабоқ ва ибратлар

Муҳандис Али Абдураҳмон

Ҳизб ут-Таҳрирнинг Сурия вилоятидаги

марказий алоқалар қўмитаси

Ушбу урушнинг оқибатларини чуқурроқ таҳлил қилишдан олдин, унда иштирок этаётган давлатларнинг ҳолати, мафкуравий асослари ҳамда уларни бошқараётган мабдани кўриб чиқиш лозим.

Буни, аввало, капиталистик мабданинг инқирози ва ахлоқий таназзулидан бошлаймиз. Чунки капитализм сўнгги асрлар давомида ўзининг назарий асосларидан руҳий жиҳатни сиқиб чиқариб, динни ҳаётдан ажратиш – яъни секуляризм – асосида майдонга чиқди. Ана шу ажратиш оқибатида инсонийликни йўқ қилган моддий ваҳшийлик юзага келди ва у ўз эгаларини ҳатто ҳайвонлардан ҳам паст даражага тушириб юборди. Эпштейн ва унга ўхшаш бошқа можаролар лаззат ва манфаатни гўё ибодат қилинадиган илоҳ даражасига кўтарган ҳазоратдаги структуравий иллатнинг бир кўринишидир. Бугун Яқин Шарқда аланга олаётган урушларни ҳам айнан мана шу моддий манфаат нуқтаи назаридан тушунишимиз лозим.

Биринчи: «Ақсо тўфони» амалиёти ва «Янги Яқин Шарқ» лойиҳасини барбод қилиш:

«Ақсо тўфони» амалиёти золим режимлар амалга оширишга киришган жиноий нормаллаштириш лойиҳаларининг йўлини маълум даражада тўсиб қўйган кўринади. Зеро, Трамп ва унинг оқими тимсолидаги Америка маъмурияти кибр-ҳаво билан ҳаракат қилиб, «Янги Яқин Шарқ»ни барпо этишга киришган эди. Бу лойиҳа динни сиёсатдан четлатиш билан чекланиб қолмай, балки «Иброҳимий келишувлар» орқали ҳар қандай асл диний кўринишга ҳам барҳам беришни кўзлайди.

Эрон ва минтақа кучларига қарши ҳозирги эскалациядан кўзланган стратегик мақсад демократияни ёйиш эмас. Балки ракета арсенали ёки ядровий амбицияларга эга бўлган яҳудий вужуди минтақада рақобатсиз ягона кучга айланиши учун майдонни бўшатишдир. Бундан кўзланган мақсад Қуръонда ҳаётга энг ҳарис одамлар деб сифатланган халқни ҳимоя қилишдир.

Иккинчи: Қўғирчоқлик иллюзияси ва салфетканинг умри

Воқелик шуни кўрсатадики, Эрон режими Афғонистон, Ироқ, Яман ва Сурияда ёвузлик боши бўлмиш Америкага беқиёс хизматлар кўрсатди. Буни Эрон сиёсатчилари ўзлари ҳам фахр билан эътироф этишган. Зеро, Эрон Ғарб томонидан Ислом Уммати ичидаги ҳар қандай холис ҳаракатни бостириш, исломий юртларни эса талон-торож, зўравонлик ва зулм майдонига айлантирган фасодкор режимларни мустаҳкамлаш йўлида ишга солинган жинояткор қўл вазифасини бажарди. Бироқ, бу ердаги энг муҳим сабоқ шундаки, бундай режимларнинг яроқлилик муддати ниҳоятда қисқа бўлади. Чунки капиталистик урфда улар иттифоқчи сифатида эмас, балки вазифаси тугагач дарҳол ахлат қутисига улоқтириладиган бир марталик салфетка ва вақтинчалик восита сифатида кўрилади. Шу боис, бу юртларда заррача ақли қолган кимсаларга насиҳат қиламизки, нажот Ғарб қучоғига ўзини отишда эмас. Аксинча, нажот куфр режимлари билан барча алоқаларни узишда, юртни Аллоҳнинг шариати асосида бошқаришда ҳамда диёрларимизда фасод тарқатган кучларга нисбатан душманликни табиий ҳолат деб билишдадир.

Учинчи: Халқаро парокандалик ва ҳайбатнинг синиши:

Замонамиз воқеалари шуни очиқ кўрсатмоқдаки, моддий қудрат ҳали ҳамма нарса дегани эмас:

  • Россия: Украина масаласини бир неча кунда ҳал этишни режалаштирган эди, аммо йиллар давомида ҳолдан тойдирувчи ботқоққа ботиб қолди.
  • Яҳудий вужуди: Мутлақ халқаро қўллаб-қувватлов ва араб режимларининг Ғазо аҳлини шармандаларча ташлаб қўйишларига қарамай, узоқ ойлар ўтишига қарамасдан асирларининг асосий қисмини ҳарбий йўл билан озод этишда муваффақиятсизликка учради. Бирор натижага эришган бўлса ҳам, буни фақат макр, ҳийла ва найранг орқали қўлга киритди.

Бу парокандалик сабабли Ғарб лагери ичидан дарз кетди. Зеро, Американинг урушга бевосита тортилишини аҳмоқлик деб баҳолаган сенатор Крис Ван Холлен, урушнинг ўта катта харажатларини танқид қилган сенатор Рэнд Пол, шунингдек, уни ахлоқсизликда айблаган «J Street» ва «JVP» каби яҳудий ташкилотларининг овозлари тобора баландроқ эшитила бошлади. Гарчи бу эътирозлар прагматик мақсадлар ёки ўз фаровонликларига нисбатан хавотир туфайли юзага келган бўлса-да, улар капиталистик мабданинг ички фронти парчаланиб бораётганини тасдиқлайди.

Тўртинчи: Янги Буос жанги ва Халифалик башорати:

Мусулмонлар бугунги тўқнашувларга – хусусан, Россия-Украина уруши ҳамда минтақавий кучлар ўртасидаги парокандаликка – Пайғамбар ﷺ юборилган даврда юз берган, Қуръоннинг «Рум» сурасида зикр этилган Рум ва Форс тўқнашувини эслатувчи янги Буос жанги сифатида қарашлари лозим. Йирик кучларнинг бир-бирини ҳолдан тойдириб бориши империялар қулаши учун илоҳий тайёргарлик ҳамда мусулмонлар ташаббус тизгинини қўлга олишлари учун яратилаётган қулай заминдир. Шом ва Ироқдаги тоғутларнинг қулаши, шунингдек, минтақавий ва халқаро кучлар тахтларининг ларзага келиши Аллоҳнинг шариатини қоим қилиш йўлида фаолият юритаётган мўминлар учун Роббоний ишоралардир. Бугунги дунё Ғарб ҳазорати зулмати остида инграмоқда. Бу ваҳшийликка чек қўядиган, инсониятни ҳалокатдан қутқарадиган ягона нажот эса Ислом ҳазоратидир.

Хотима: Аллоҳнинг ваъдаси албатта рўёбга чиқади:

Бугун биз тиш-тирноғигача қуролланган ҳолда кўраётган бу вужудлар, аслида, Аллоҳнинг қудрати қаршисида ўргимчак уясидан ҳам заифроқдир. Қадимдаги ва бугунги золимларни ҳалок қилган Зот, албатта, Ўз фазлини комил қилиб, Росулуллоҳ ﷺнинг пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик барпо бўлиши ҳақида берган хушхабарини рўёбга чиқаришга қодирдир.

إِنَّا لَنَنصُرُ رُسُلَنَا وَٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ فِي ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَا وَيَوۡمَ يَقُومُ ٱلۡأَشۡهَٰدُ

«Албатта Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда нусрат-ёрдам берурмиз». [Ғофир 51]

Роя газетасининг 2026 йил 11 март, чоршанба кунги 590-сонидан

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button