Хабар ва изоҳ

Арманистон ЕОИИ ва КХШТни тарк этишини маълум қилди

Арманистон ЕОИИ ва КХШТни тарк этишини маълум қилди

Хабар:

Агар Россия табиий газ нархини оширадиган бўлса, Арманистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳамда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) сафидан чиқиши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда парламент спикери Ален Симонян баёнот берди. Унинг таъкидлашича, бу каби муҳокамалар кеча ёки бугун бошлангани йўқ; бу масалалар арман товарлари экспортига ҳам, газ етказиб бериш шартларига ҳам бевосита дахлдордир. Симонян агар тегишли қарор қабул қилинса, Арманистон мазкур интеграцион иттифоқлардан «узил-кесил чиқиб кетишини» алоҳида қайд этди.

Ушбу кескин баёнот Бош вазир Никол Пашинян ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасида яқиндагина бўлиб ўтган учрашувдан сўнг янгради. Маълум бўлишича, мазкур музокаралар анча таранг ва зиддиятли руҳда ўтган. Мулоқот давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича жиддий келишмовчиликлар юзага келгани кузатилган. Бу эса томонлар ўртасидаги муносабатлар тобора совуқлашиб бораётганини яна бир бор тасдиқламоқда.

Изоҳ:

Агар тенг ҳуқуқли иттифоқчилик тамойилларига таянадиган бўлсак, Арманистоннинг бу позициясини тўлақонли ўринли деб ҳисоблаш мумкин. Айниқса, Кремлнинг собиқ шўро республикаларига нисбатан ҳануз давом этаётган мустамлакачилик муносабатини инобатга олсак, ушбу баёнот Москванинг иккиюзламчи сиёсатини фош этади. ЕОИИ ва КХШТ каби интеграцион иттифоқлар доирасида, хусусан, ўта муҳим иқтисодий масалаларда, манфаатлар уйғунлиги ва тенглик тамойили бош мезон бўлиши шарт.

Иттифоқнинг бошқа аъзолари бундай очиқ ва қатъий позицияни намойиш эта олмаяпти. Бу ҳолат уларнинг Кремль сиёсатига қарам эканини ҳамда ўз давлати манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр эмаслигини яна бир бор исботламоқда. Бундан кўриниб турибдики, Арманистон томонининг баёнотини вазиятни чигаллаштириш эмас, балки аксинча, шаффоф ва мувозанатли мулоқот ўрнатишга бўлган интилиш сифатида баҳолаш мумкин.

Агар бундай ёндашув бошқа аъзо давлатлар учун ҳам ўрнак бўлганида эди, бу мазкур иттифоқларнинг фақат мустаҳкамланишига хизмат қилган бўлар эди. Ўз манфаатларини очиқ ва фаол тарзда ифода этиш иттифоқ доирасидаги ҳамкорликни адолатли, барқарор ва ҳақиқий тенг ҳуқуқлиликка асосланган юксак босқичга олиб чиққан бўларди. Бу эса яширин мустамлакачилик қарамлиги хавфини камайтириб, ҳозирда етишмаётган ҳақиқий ўзаро ишонч муҳитини шакллантирарди. Афсуски, бугунги манзара минтақа давлатларининг сиёсий иродаси заифлиги туфайли шу кўринишга келиб қолди. Айнан шу сабабдан ҳам улар ўз манфаатлари оёқости қилинаётганини очиқ айтишга журъат этолмай, уни хаспўшлашга мажбур бўлмоқдалар.

Ҳужжат Жамиа

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button