Ақлли киши бир уядан икки марта чақтирмайди

Ақлли киши бир уядан икки марта чақтирмайди
Рус босқинидан олдин Марказий Осиё учга бўлинган эди: Қўқон хонлиги, Хива хонлиги ва Бухоро амирлиги. Бу хонликлар доимий равишда ўзаро низолашиб, бир-бирларига қарши уруш олиб боришарди. Бундан ташқари, ҳар бир хонликнинг ичида ҳам тахт учун курашлар давом этарди. Ҳар бир томон бошқасининг заифлашишини истар ва ўз рақибига қарши ёрдам берадиган иттифоқчи «дўст» қидирарди. Ўша пайтда Россия уларнинг ҳар бирини диққат билан кузатиб борар ва бу хонликларни босиб олиб, бойликларига эга чиқишни кўзларди.
Ҳар бир хон иккинчисига қарши Россиядан ёрдам сўраб, уни ўзига «ёрдамчи дўст» деб биларди. Россия эса ҳар бирига ўзини бетараф дўст қилиб кўрсатиб, у билан бирга бўлса, янада фаровонликка эришишига ишонтирарди. Шу билан бирга, уларнинг ўртасида бир-бирига нисбатан адоватни янада авж олдириб борарди. Россиянинг асл мақсади — Марказий Осиёни истило қилиш ва унинг бойликларини талон-торож қилиш ҳамда ўзининг жанубий чегараларини мустаҳкамлаб, ҳимоя қилиш эди.
Ниҳоят, Россия кутган имконият туғилиб, Марказий Осиё хонликлари унга эшикларни бирин-кетин очиб беришди. Россия дастлаб дўст сифатида кирди, лекин қисқа вақт ичида ҳар учала хонликни ҳам босиб олди. Сўнгра халққа қарши қирғинлар уюштириб, асрлар давомида тўпланган бойликларни талон-торож қилди. Кейин минтақани доимий равишда ўзаро бир-бири билан жанжаллашиб турадиган бешта заиф давлатга бўлиб ташлади.
Бугунги кунда Марказий Осиё илгари ҳеч учрамаган катта геосиёсий ва геоиқтисодий аҳамиятга эга бўлиб турибди. Бу минтақа Европани Осиё билан, шунингдек, Европани Осиё ва жанубий давлатлар билан боғлаб турадиган стратегик марказ ҳисобланади. Бундан ташқари, у табиий ресурслар ва энергия манбаларига жуда бой минтақадир.
Ҳозирда Россия ўзининг аввалги «дўстлигини» эслатишга ҳаракат қилмоқда. Хитой, Америка ва Европа эса «янгича дўстлик» таклиф қилмоқда. Шу билан бирга, Афғонистон каби баъзи қўшни давлатлар, айниқса Исломга чақирувчи даъватчилар жуда эҳтиёт бўлиш лозим бўлган «душман» сифатида кўрсатилмоқда.
Бу кучларнинг ҳар бири Марказий Осиёдаги бешта давлат раҳбарларини ўз мамлакатига таклиф қилишга ёки ўзлари Марказий Осиёга келиб улар билан учрашишга интилмоқда. Мақсад — уларни турли иттифоқлар ва шерикликлар тузишга ундаш, яъни «5+1» формати орқали Россиянинг аввалги «дўстлигига» ўхшаш янги «дўстлик» ўрнатишдир. Бу кучларнинг барчаси минтақанинг стратегик геосиёсий ва геоиқтисодий мавқеини назорат қилишни ҳамда битмас-туганмас бойликларини эгаллашни кўзлашади. Россия бугунги кунда Украина ботқоғига ботиб турган бир шароитда, Марказий Осиё учун эски «дўстликдан» халос бўлиш ва янги «дўстликлар» алдовига учмаслик учун олтин фурсат туғилди.
Бугун Марказий Осиё раҳбарлари ва онгли элитаси олдида ҳақиқий синов турибди. Бу синов — шунчаки бўлинган ва заиф бешта давлатлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш эмас, балки уларнинг барчасини бирлаштирадиган кучли ва онгли бир давлатни барпо этишдир. Бу давлат ким дўст ва ким душман эканлигини аниқ англай оладиган давлат бўлиши керак.
Яқин тарихда улар бир «дўстни» танлаб, қаттиқ зарба ейишди. Бугунги кунда эса, Марказий Осиё учун олтин фурсат вужудга келган пайтда бир савол туғилади: улар яна янги «дўст»ни танлаб, ўша уядан иккинчи марта чақтиришадими ёки йўқми? Зеро, ақлли киши бир уядан икки марта чақтирмайди.
Аҳмад Ҳоди




