АҚШдаги сайлов: «Исроил» масаласи сайловчиларга таъсир қилмоқда

АҚШдаги сайлов: «Исроил» масаласи сайловчиларга таъсир қилмоқда
АҚШда «Исроил» сиёсати атрофидаги баҳс-мунозаралар, айниқса, Конгресс сайловлари олдидан тобора кескин тус олмоқда. «Исроил»ни қўллаб-қувватловчи гуруҳлар ўз таъсир доирасини кенгайтириш мақсадида сайловолди жараёнларига миллионлаб доллар маблағ сарфламоқда. Бунга асосий сабаб — «Исроил»нинг Ғазодаги геноциди ва Эронга қарши зарбалари туфайли Америка жамиятида ушбу давлатни ёқлаш кайфияти минимум даражасига тушиб қолганидир. Бу ҳолат АҚШ тарихида кузатилмаган.
Илк жиддий синов Иллинойс штатидаги овоз бериш жараёнида кузатилиши кутилмоқда. Бу ерда AIPAC (Америка-Исроил жамоатчилик билан алоқалар қўмитаси)га алоқадор гуруҳлар сайловолди кампаниясининг энг йирик ҳомийлари қаторидан жой олди. AIPAC янги сиёсий қўмиталар ва «маблағ манбаси номаълум» деб аталувчи усуллардан фойдаланган ҳолда ўзларига маъқул айрим номзодларни қўллаб-қувватламоқда. Суриштирув маълумотларига кўра, биргина Иллинойсдаги сайлов кампаниясининг ўзига ҳозирга қадар 13,7 миллион доллар сарфлаб бўлинган.
Изоҳ: AIPAC деб аталувчи ушбу ташкилот АҚШдаги энг нуфузли лоббистик гуруҳлардан бири ҳисобланади. Унинг асосий мақсадлари: АҚШ ва «Исроил» ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, Вашингтон сиёсатини «Исроил» манфаатларига мослаштириш ҳамда Конгресс ва сиёсатчиларга таъсир ўтказишдан иборат. AIPAC номзодларга тўғридан-тўғри пул бермайди, ўзига қарашли сиёсий қўмиталар орқали сайловларга улкан молиявий кўмак беради. Содда қилиб айтганда, бу ташкилот АҚШ сиёсатида «Исроил» манфаатларини ҳимоя қиладиган ва илгари сурадиган ва бу йўлда номзодларни «сотиб олиб», сайлов йўналишини ўзгартириш учун миллионлаб маблағ сарфлайдиган ташкилотдир.
Бу ҳолат икки муҳим жиҳатни ойдинлаштирмоқда. Биринчидан, АҚШда «Исроил»ни қўллаб-қувватлаш даражаси тарихда кузатилмаган даражада энг паст кўрсаткичга тушиб қолган. Иккинчидан, АҚШ ўзини дунёга демократия намунаси сифатида кўрсатса-да, амалда сайловлар катта пулдорлар қўлида қолмоқда. Миллионлаб долларлар реклама, медиа кампаниялар ва рақибларни қоралашга сарфланмоқда. Натижада, сайлов жараёни ғоялар беллашувидан молиявий имкониятлар курашига айланиб қолган. Оддий номзодлар учун имкониятлар деярли йўқ: миллионлаб доллари бўлмаган шахснинг овози на медиага, на халққа етиб боради. Йирик молиявий ҳомийлари бор номзодлар эса реклама, ахборот кампаниялари ва жамоатчилик фикрини бошқаришда мутлақ устунликка эга бўлмоқда.
Ҳорун Абдулҳақ




