АҚШнинг халқаро ташкилотлардан чиқиши халқаро тизимнинг қулашидан далолат беради

АҚШнинг халқаро ташкилотлардан чиқиши халқаро тизимнинг қулашидан далолат беради
Хабар:
Президент Доналд Трамп Американинг 66та халқаро ташкилотдан чиқишини тасдиқлаган меморандумни имзолади. Ушбу қарор БМТга қарашли 31та ташкилот ва унга алоқадор бўлмаган 35та ташкилотни ўз ичига олади. Мазкур ташкилотлар Америка манфаатларига хизмат қила олмай қолганлиги сабабли АҚШ улардан чиқиш ҳақида қарор қабул қилди. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио меморандумга шундай изоҳ берди: “Президент Трамп бугун Америкага душманлик қилаётган, самарасиз ёки ресурсларни исроф қилувчи 66та халқаро ташкилотдан АҚШнинг чиқишини эълон қилди. Айни пайтда, бошқа халқаро ташкилотларни кўриб чиқиш давом этмоқда”.
АҚШ чиқиб кетган халқаро ташкилотлар қаторига иқлим, энергетика ва атроф-муҳит масалалари билан шуғулланувчи ташкилотлардан тортиб, аёллар ва аҳоли масалалари билан шуғулланувчи ташкилотлар (масалан, БМТнинг Аёллар бўйича ташкилоти ва БМТ Аҳолишунослик Жамғармаси) ҳамда Халқаро тараққиёт ҳуқуқи ташкилоти каби юридик ташкилотлар, шунингдек, Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси каби қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ва бошқа кўплаб турли халқаро ташкилотлар киради.
CNN агентлиги Оқ уйдаги манбаларга таяниб хабар қилишича, бу қарор америкалик солиқ тўловчиларнинг маблағларини тежаб қолишга ва уларнинг глобализация кун тартибини Америка устуворликларидан устун қўядиган тузилмаларда иштирок этишини тўхтатиб қолишга олиб келади. Шунингдек, қарорда солиқ тўловчиларнинг маблағларини бошқа йўллар билан йўналтириш афзалроқ эканлиги таъкидланган. Трамп ушбу қадам орқали америкаликларга берган асосий ваъдасини амалга оширмоқда, яъни давлат манфаатларига зид ҳаракат қиладиган глобал бюрократларни қўллаб-қувватлашни тўхтатишни кўзламоқда. Трамп маъмурияти бундан буён «Америка ва америкаликлар ҳар доим биринчи ўринда» шиорига амал қилишда давом этади.
Изоҳ:
АҚШнинг ўнлаб халқаро ташкилотлардан тўсатдан ва оммавий равишда чиқиб кетиши аслида мавжуд халқаро институтларнинг амалий жиҳатдан инқирозга юз тута бошлаганини англатади. Бу эса, янги асосларга таянган халқаро ташкилотларни тузишга реал тайёргарлик сифатида баҳоланади.
Масалан, Трамп чиқиб кетган ташкилотлар орасида Европалик ҳамкорларига алоқадор ташкилотлар ҳам бор. Буларга қуйидагилар киради: Гибрид таҳдидларга қарши кураш бўйича Европа маркази, Европа миллий автомагистрал тадқиқотлар лабораториялари форуми, Атлантика ҳамкорлиги мақсадида шериклик, Европа Кенгаши қошидаги Венеция комиссияси ва бошқалар. Буларнинг барчаси АҚШ ва Европа ўртасида аниқ тафовут вужудга келганини кўрсатади.
АҚШ шунингдек, глобаллашувга, оламий ҳамкорликка ва халқаро муносабатларга боғлиқ барча тузилмалардан чиқиб кетди. Булар қаторига қуйидагилар киради: Жаҳон савдо ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Савдо ва Тараққиёт бўйича конференцияси, Интернет эркинлиги коалициялари, Глобал ҳамжамият иштироки ва барқарорлик жамғармаси, Терроризмга қарши кураш бўйича глобал форум, Киберхавфсизлик бўйича глобал форум, Миграция ва тараққиёт бўйича глобал форум, Кончилик, минераллар, металлар ва барқарор ривожланиш бўйича ҳукуматлараро форум, Биохилма-хиллик ва экотизим хизматлари бўйича фан ва сиёсат бўйича ҳукуматлараро платформа ва Маданий меросни сақлаш ва тиклаш бўйича халқаро марказ ва ҳоказо.
Натижасида, АҚШ халқаро тизим билан барча ҳамкорлик алоқаларини узиб, бунинг ўрнига халқаро муносабатларда бир томонлама ёки икки томонлама форматга эътибор қаратди. АҚШнинг бу ҳаракатлари давлатлар ва жамиятлар ўртасида глобал яқинлашишга олиб келган барча саъй-ҳаракатларни менсимаслик сифатида кўрилмоқда.
АҚШ шунингдек, Лотин Америкаси, Африка ва Осиё билан боғлиқ халқаро ташкилотлардан ҳам чиқиб кетди. Булар қаторига Африка бўйича иқтисодий комиссия, Лотин Америкаси ва Кариб денгизи бўйича иқтисодий комиссия, Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссия ва Ғарбий Осиё учун иқтисодий ва ижтимоий комиссия киради. Ушбу ташкилотлардан чиқиш Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларига тааллуқлидир, чунки АҚШ бу мамлакатлар билан халқаро эмас, фақат икки томонлама муносабатлар юритишни хоҳлайди.
АҚШ ҳатто Ғарб цивилизациясига тегишли ва универсал бўлишга лойиқ ҳисобланган умумий тушунчаларни ҳам ҳисобдан чиқариб ташлади. У халқаро демократия ва сайловга ёрдам кўрсатиш институти, Халқаро адолат институти, БМТнинг демократия жамғармаси, БМТнинг цивилизациялар алянси, Қонун устуворлиги ташкилотлари ва Халқаро ҳуқуқ комиссиясидан чиқиб кетди.
Бу билан БМТ ташкилотлари, уларнинг қонунлари, муносабатлари ва уларга риоя қилиш АҚШ учун муҳим бўлмай қолди, натижада булар дунёнинг бошқа мамлакатлари учун ҳам мажбурий бўлмай қолди. АҚШ улардаги мажбурийлик хусусиятни олиб ташлаб, уларнинг қадр-қимматини туширди, суверенитетига доғ туширди ва уларнинг таянч ролини йўқ қилди.
Бундан буён дунё давлатлари ўзлари учун янги танчлар, янги анъаналар ва янги ташкилотларни излашлари мумкин. Чунки дунёнинг етакчи кучи сифатида ҳозирги халқаро тартибни ҳимоя қилиши керак бўлган АҚШ ўзининг юқоридаги ҳаракатлари билан дунёга, яъни бутун давлатларга ва жамиятларга янги муқобиллар ва янги цивилизация ва ҳуқуқий асосларни излаш учун йўл очди.
Бугунги кунда дунё давлатлари ва халқлари учун бу бўшлиқни тўлдириши мумкин бўлган ягона муқобил Исломдир. Чунки у самарали ечимларни таклиф қилиш ва ер юзидаги барча халқлар учун мақбул хазорий ва ҳуқуқий таянч бўлиш имкониятига эгадир.
Аҳмад ал-Ҳатвони




