Аҳмад Шаранинг Вашингтон сафари ҳамда хатарли ён беришлар жарлиги

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Аҳмад Шаранинг Вашингтон сафари ҳамда хатарли ён беришлар жарлиги
Устоз Абду Далий
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Сурия
вилоятидаги матбуот бўлими аъзоси
2024 йилнинг декабр ойида Башар Асаднинг қочиши ва унинг ҳарбий-хавфсизлик тизимининг батамом қулаши ортидан, Сурия жаҳон маъмуриятлари тайёр бўлмаган, кутилмаган ҳодисалар қаторига кирувчи шиддатли сиёсий ўзгаришларга юз тутди. Ўтиш даври раҳбари Аҳмад Шаранинг Америкага сафари ва президент Трамп билан учрашуви мазкур ўзгаришларнинг энг муҳим босқичи сифатида намоён бўлди. Бироқ, ушбу ташриф халқаро эътирофга эришиш ва даъво қилинаётган барқарорлик йўлида мамлакат тўлаши мумкин бўлган сиёсий ва мабдаий бадал хусусида қизғин баҳс-мунозараларни келтириб чиқармоқда.
Мазкур сафардан олдин Риёз ва БМТ томонидан бир қатор сиёсий ҳаракатлар амалга оширилган эди. Шу боис, Аҳмад Шаранинг Вашингтон сафари Сурияни мутлақ тобелик гирдобига етакловчи хатарли жараённинг кульминацион нуқтасига айланди. Бу – мамлакат суверенитетини қурбон қилувчи ва уни сиёсий иродадан маҳрум этувчи мутлақ қарамликдир. Мазкур ҳолат ташқи кучлардан нажот кутишдек алдамчи саробга таянган сиёсатнинг муқаррар оқибати ҳисобланади.
Ушбу ташрифлар қизғин баҳс-мунозаралардан холи бўлмади. Айримлар буни яккаланиб қолиш исканжасидан чиқиш йўлидаги зарурий қадам деб баҳолаган бўлса, бошқалар инқилобни ўз асл мазмунидан маҳрум этувчи ён беришлар занжирининг илк ҳалқаси, дея ҳисобламоқда.
Сиёсий саҳнада бир қанча ҳолатлар ва тафсилотлар кўзга ташланди. Лекин уларнинг энг муҳими норасмий протоколлар билан боғлиқ эмас. Аксинча, асл муҳим жиҳат – Америка маъмурияти томонидан янги Сурия раҳбарияти зиммасига мажбуран юклатилган кун тартибидадир. Жумладан:
«Цезарь» қонуни: У барча масалалар марказида муаллақ турган Американинг босим воситасидир. Ваҳоланки, мазкур қонун аслида тинч аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида жорий этилган эди. Гарчи соғлом сиёсий мантиқ санкцияларга сабаб бўлган Асад режими қулаши биланоқ чекловларнинг дарҳол олиб ташланишини тақозо этса-да, амалда қонун бекор қилинмади, балки вақтинчалик тўхтатиб турилди. Сиёсий таҳлилда ушбу вақтинчалик «музлатиш» ҳолати «Дамокл қиличи» сифатида баҳоланмоқда. Зеро, у янги ҳукумат ўз мажбуриятлари ижросида сусткашликка йўл қўйган тақдирда, дарҳол зарба беришга шай турган таҳдид қуроли ҳисобланади.
Маиший чекловларни қисман олиб ташлаш ҳақида сўз юритилиши билан бир вақтда иқтисодий босимнинг ҳануз сақланиб қолиши – халқ базасини жазолаш (таъзирини бериш) зеҳниятининг ёрқин ифодасидир. Давлатлар қўзғолон йиллари давомида шундай йўл тутиб келишди. Зеро, режимга босим ўтказиш ва уни жазолаш шиори остидаги барча режалардан фақатгина халқ базасини «жиловлаш» ва уларни доимий босим остида ушлаб туриш кўзланган эди. Токи, бу ҳолат уларни кенг қамровли сиёсий лойиҳалар ҳақида фикр юритишдан ёки суверен талаблар билан бош кўтаришга фурсат топишдан тўсиб турсин.
Аҳолини кундалик тирикчилик ташвишлари гирдобида – худди берк доира ичида айлантириб – ушлаб туриш мустақил қарорга эга давлат барпо этиш йўлидаги ҳар қандай интилишни барбод қилишга қаратилган Ғарб стратегияси ҳисобланади.
Халқаро коалиция: Босқинчиликни қонунийлаштиришми ёки зарурат?
Муҳокамадаги энг хатарли нуқта – Сурияни Америка етакчилигидаги терроризмга қарши кураш бўйича халқаро коалиция сафига қўшиш мақсадида ўтказилаётган босимдир. Ваҳоланки, кўпчилик уламолар ва мужоҳидлар бу тузилмани «ИШИД»га қарши кураш баҳонасида Исломга қарши уруш эълон қилган салибчилик коалицияси деб биладилар.
Сурияга ҳарбий аралашувининг тарихи 2014 йилга бориб тақалувчи ушбу коалиция, ўзининг «терроризмга қарши кураш» шиори остидаги расмий мақсадларидан мутлақо йироқ бўлиб, амалда халқ базасининг таянчини нишонга олган қирғинларга тўла рўйхатга эгадир. Ушбу тузилмага қўшилишга розилик бериш эса, аслида Американинг Сурия ҳудудидаги ҳарбий мавжудлиги, базалари ва унинг назорати остидаги минтақаларга қонунийлик тусини беришни англатади.
Авваллари хорижий кучларнинг мавжудлиги ноқонуний ёки вақтинчалик характерга эга бўлиб, Сурия Демократик кучлари ҳудудлари ёхуд «ИШИД»га қарши жанг билан боғлиқ эди. Энди эса, коалиция келишувининг имзоланиши хорижий кучларнинг мавжудлигига қонуний тус беради. Натижада унга нисбатан ҳар қандай қаршилик ёки танқид «халқаро алоқаларга путур етказиш» айблови билан суд таъқибига сабаб бўлувчи жиноятга айланади!
Ушбу ён бериш – инқилобнинг асосий таянчи бўлган суверенитет ва қарор қабул қилиш мустақиллигини тиклаш тамойилини барбод қилувчи туб бурилиш нуқтасидир. Бу қадам Суриянинг хавфсизлик ва ҳарбий соҳаларига нисбатан бевосита аралашув учун кенг дарвоза очади.
Яҳудий вужуди билан муносабатларни нормаллаштириш ва мабдаий тўқнашув:
Дамашққа яҳудий вужуди билан, худди «Иброҳим келишувлари» андозасидаги хавфсизлик битимларини тузиш борасида жиддий босим ўтказилмоқда. Бу ҳолат янги ҳукуматни халқ базасининг аксарият қисми қатъий амал қиладиган мабдаий ва ўзгармас тамойиллар билан бевосита тўқнашувга рўбарў қилмоқда. Зеро, масаланинг моҳияти шунчаки чегараларни белгилаш ёки Жўлон тепаликларидан чекинишда эмас, балки Фаластин заминидаги ушбу ношаръий вужудни расман тан олишдан иборатдир.
Америка ушбу хатти-ҳаракатлари орқали бир нечта мақсадларни кўзламоқда. Биринчидан: «Сиёсий Ислом давлат бошқарувига лаёқатсиз», деган қарашни мустаҳкамлаш ҳамда шу орқали сиёсий Исломга барҳам бериш ёхуд халқаро ҳамжамият учун мақбул ва «прагматик» раҳбарни олиб келиш учун замин ҳозирлаш. Иккинчидан: Муҳожир ва мужоҳидлардан иборат айрим жамоаларни нишонга олиш. Бу жараён янги ҳукуматни Ғарб талқинидаги «экстремизм»га қарши курашни давом эттиришга мажбурлаш орқали амалга оширилади. Бу йўлда ҳатто Башар режимини ағдаришда елкадош бўлган оқимларга қарши курашишга тўғри келса ҳам, бундан қайтмаслик кўзда тутилган. Оқибатда, «давлатчиликни сақлаб қолиш» ниқоби остида кечаги сафдошлар ўртасида қонли ички низо ва ўзаро уруш олови ёқилиши мумкин.
Кутилаётган ички портлаш:
Иқтисодий босим («Цезарь» қонуни), суверенитет масаласидаги ён беришлар (Коалиция) ва мабдаий тўқнашув (муносабатларни нормаллаштириш)дан иборат ушбу портловчи қоришма ички портлаш юзага келиши борасида жиддий хавотирларни уйғотмоқда. Аллоҳ нозил қилган аҳкомлар билан ҳукм юритувчи давлатни барпо этиш йўлида курашган мужоҳидлар – хоҳ сурияликлар, хоҳ муҳожирлар бўлсин – мазкур йўналишни қатъий рад этмоқдалар. Улар Ғарб шартларига бўйсунишни берилган улкан қурбонликларга нисбатан очиқ хиёнат, деб баҳоламоқдалар.
Ушбу норозилик кайфияти Сурияни фақатгина ташқи кучлар манфаатига хизмат қилувчи кенг кўламли қонли ички тўқнашув хавфига дучор қилмоқда. Гарчи Сурия халқи айни дамда янги тартибсизликлар домига тушиб қолиш хавотири сабабли ҳозирча ўзини оммавий ғалаёнлардан тийиб турган бўлса-да, иқтисодий босимнинг суверенитет борасидаги ён беришлар билан параллел равишда давом этаётгани халқнинг сабр косасини тўлдирмоқда.
Хулоса: прагматизмдан кейин:
Ўтиш даври маъмурияти раҳбари Аҳмад Шара ва Трамп ўртасидаги учрашув Суриядаги сиёсий ўтиш жараёнининг осон ва бадалсиз кечмаслигини яққол намоён этди. Бу – янги раҳбарият учун жиддий имтиҳон палласидир. У айни дамда халқаро миқёсда тан олиниш учун талаб этилаётган прагматизм ҳамда қўзғолоннинг асл моҳияти ва ўзгармас тамойилларини сақлаб қолиш ўртасидаги қалтис чорраҳада турибди. Макр-ҳийла ва режалар тузаётган Американинг иродаси билан, Роббисига илтижо қилаётган халқ иродаси ўртасидаги кураш авж палласига кирган ушбу дамларда, вазиятга кутиш кайфияти ҳукмронлик қилмоқда.
Сўзимиз якунида шуни айтамизки, нафақат минтақа, балки бутун дунё улкан сиёсий ларзалар остонасида турибди. Бу – икки қарама-қарши мабда ўртасидаги муқаррар тўқнашув натижасидир: Бири – инсониятни эксплуатация қилиш, халқлар бойлигини талон-торож этиш ва уларни қул қилиш зеҳниятига асосланган капиталистик мабда бўлса; Иккинчиси – шариат аҳкомлари асосида ғамхўрлик кўрсатиш ва фуқароларни ҳимоя қилишга таянган Исломий мабдадир. Мазкур кураш, пировардида, Аллоҳ Азза ва Жалланинг мўминларга берган ваъдаси ҳамда Унинг Росули ﷺ башорат қилган буюк ғалабанинг рўёбга чиқишига етаклайди. Токи, берилган қурбонликлар – гегемон кучларнинг қоида ва шартларидан холи равишда – кўзланган нусрат учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилсин. Зеро, биз гўзал оқибат фақат тақводорларники эканига қатъий ишонамиз.
Роя газетасининг 2025 йил 26 ноябр, чоршанба кунги 575-сонидан




