Янгиликлар

БМТда Ҳурмуз бўғозини куч ишлатиш орқали очиш ташаббуси илгари сурилди

БМТда Ҳурмуз бўғозини куч ишлатиш орқали очиш ташаббуси илгари сурилди

Россия, Хитой ва Франция БМТнинг Ҳурмуз бўғозида кемалар қатновини тиклаш учун куч ишлатишга изн берувчи резолюция лойиҳасига кескин қарши чиқди. Оқибатда, бу борадаги музокаралар боши берк кўчага кириб қолди. Бу ҳақида “The New York Times” нашри хабар тарқатди.

Форс кўрфази давлатлари томонидан дастакланган ушбу ҳужжат Эроннинг бўғозни ёпиб қўйишга бўлган уринишларига чек қўйиш мақсадида «барча зарур чораларни», қўллаш ҳуқуқини беради.

Бироқ дипломатик манбалардан олинган маълумотларга кўра, дунёнинг етакчи давлатлари ўртасидаги мавжуд зиддиятлар туфайли музокаралар тўхтаб қолган. Ёпиқ эшиклар ортида ўтган маслаҳатлашувлар чоғида Франция, Россия ва Хитой қуролли куч ишлатишга йўл очувчи ҳужжатга қатъий эътироз билдиришган.

Бу ерда Франция нафақат Россия ва Хитойнинг позициясини қўллаб-қувватлади, балки резолюциянинг қатъий варианти муаллифларидан бири бўлган Британия билан очиқчасига зиддиятга борди. Франция Президенти бўғозни куч ишлатиш йўли билан очишга бўлган чақириқлар минтақада кенг кўламли қонли тўқнашувларнинг авж олиб кетишига ва вазиятнинг издан чиқишига сабаб бўлишидан огоҳлантирди.

Хитой элчиси эса «Ҳурмуз бўғозини очиш учун ҳарбий куч қўллашга рухсат берилиши ноқонуний куч ишлатиш ҳуқуқини беради, бу эса ўз навбатида можаронинг янада кучайишига олиб келади» дея алоҳида таъкидлади.

Дастлаб жума кунига режалаштирилган овоз бериш жараёни шанба кунига қолдирилди. Бу эса дипломатлар учун ўзаро муросага келиш йўлидаги қўшимча имкониятдир. Бироқ сиёсий таҳлилчилар музокараларнинг натижали бўлишига катта шубҳа билан қарамоқда.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button