Роя газетаси

Босиб олинган Кашмирдан аламли фарёд!

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Босиб олинган Кашмирдан аламли фарёд!

Устоз Муҳаммад Абдуллоҳ

Босиб олинган Кашмир

Покистон 5 феврал куни нишонланадиган «Кашмир билан бирдамлик куни»  деб аталган навбатдаги саҳна кўринишига ҳозирлик кўриб, мадҳияларни такрорлаш ва «бирдамлик маршлари»ни намойиш қилиш билан овора бўлган бир пайтда, аслида ушбу намойишкорона шовқин-суронлардан юз ўгириб, Кашмир водийсини бўғиб турган сукунатга қулоқ тутиши лозим. Оммавий ахборот воситалари ва разведка ҳисоботларида тасвирланаётган бу хабарлар асло тинчлик эмас. Балки бу – халқнинг вужуди, онги ва иймонини нишонга олиб келаётган жиноий маъмурият бошқаруви остидаги қамоқхона бўлимида ҳукм сурган мажбурий сукунатдир. Покистон раҳбарлари Кашмирни «шоҳ томир» дея мадҳ этиб турган бир пайтда, воқеликдаги тизимли маҳв этиш жараёни давом этмоқда. Бу ерда марҳумлар ўз қабрларидан, тириклар эса ўз овозларидан маҳрум этилмоқда. Кашмир аҳли энди қуруқ бирдамлик намойишларини эмас, балки Қуролли Кучларнинг ҳарбий аралашувини ва амалий ҳаракатга киришини кутмоқда.

Кашмирда «барқарорлик» ва «нормал ҳаёт» деб аталаётган манзара, аслида, қабрлар сукунатидан ўзга нарса эмас. Бу – янги тарихдаги энг шафқатсиз маъмурий қамал орқали зўрлаб ўрнатилган сукунатдир. Чунки Ҳинд давлати ерни босиб олиш билан чекланмай, мусулмон зотини қуритиш сиёсатини юритмоқда: мусулмоннинг жисми, фикри, иқтисоди ва динини нишонга олмоқда. 2019 йил 5 август куни Кашмир бир томонлама қўшиб олингани ва Покистон раҳбарияти таслим бўлганидан бери, «Янги Кашмир» деб аталган лойиҳа ҳеч қачон тараққиёт дастури бўлмади. Аксинча, у Кашмир водийсининг исломий ўзлигини йўқ қилишга қаратилган келгиндилар мустамлакачилигига айланди. Рақамлар ёлғон гапирмайди. Бироқ Покистон раҳбарияти бу рақамлардан ё кўз юммоқда, ёки уларни тор сиёсий манфаатлар йўлида суиистеъмол қилмоқда. 2019 йилдаги хиёнатдан бери Кашмир тиканли симлар ортида, ҳар бир нафасни назорат қиладиган 900 минг аскар назорати остида қолмоқда. Қабрлар мухолифларни ютиб юбормоқда. Қамоқхоналар эса қийноқлар акс-садосига тўлмоқда. Ўтган асрнинг 90-йилларидан буён ўн минглаб инсон шаҳид қилинди. Кунан ва Пушпурада номуслар топталди, мажбурий йўқотиш зиндонларида бутун бошли оилалар йўқ қилинди. Тўкилган қонлар аҳамиятсиз статистик рақамларга айланиб қолди. Чунки бу мусулмонлар қонидир, дунё эса уларнинг фожиасидан юз ўгирмоқда.

2019 йилги аннексиядан сўнг, Кашмир аҳли халқнинг қаршилик руҳини синдиришга қаратилган «оммавий жазо» сифатида, 550 кундан ортиқ вақт давомида мутлақ алоқа блокадасида яшади. Суд тизими эса доимий жазолаш қуролига айлантирилди. «Ноқонуний фаолиятнинг олдини олиш тўғрисида»ги қонуннинг ўзи жазо механизмидек ишламоқда: айбдор деб топиш кўрсаткичи 0,6 фоиздан ҳам паст бўлишига қарамай, минглаб инсонлар иродасини синдириш мақсадида йиллаб қамоқхоналарда чиритилмоқда. «Жамоат хавфсизлиги тўғрисидаги қонун» эса гўё «айланма эшик»га айланди: ҳибсга олинганлар йиллар ўтиб озод қилинса ҳам, қамоқхона дарвозаси олдидаёқ янги қарор билан қайта ҳибсга олинмоқда. Бу зиндонларда қийноқлар фақат айбни бўйнига қўйиш учун эмас, балки аввало иродани синдириш учун мунтазам қўлланмоқда. Мусулмон ёшларнинг таналари электр токи ва пармалар билан тешилмоқда. Улар қийноқлар остида ёки орден-медал ҳамда лавозим олиш учун уюштирилган сохта «тўқнашувлар»да ўлдирилмоқда. Бу ҳолатлар шунчаки қонунбузарликлар эмас, балки ўз аъзоларига тўлиқ дахлсизлик ҳуқуқини берган «Махсус ваколатлар тўғрисидаги қонун» билан ҳимояланган миллатчи армиянинг кундалик амалиётига айланиб қолган.

Босқинчи Ҳинд давлати ҳатто ўликларга қарши «жанг» олиб бормоқда. Чунки у тирик мужоҳиддан кўра шаҳиддан кўпроқ қўрқади. Шу боис 2020 йилдан бери шаҳидларнинг жасадлари яқинларига топширилмай, аксинча, туғилиб ўсган юртларидан йироқда – Бонийёр атрофидаги чекка ва белгиланмаган қабристонларга кўмиб юборилмоқда. «Бедарак йўқолганлар ота-оналари уюшмаси» асосчиси Парвина Оҳангар каби оналар бедарак кетганларни ҳужжатлаштиришга уринаётганида, уларнинг идораларига бостириб кирилиб, ҳужжатлари мусодара қилинмоқда. «Янги Кашмир» деб аталган тизимда ҳатто ўликларни хотирлаш ҳам жазога сабаб бўладиган «жиноят»га айлантирилди. Даргоҳи Ҳазратбал масжиди шариф тепасига Ҳиндистон давлат гербини ўрнатиш – мусулмонларни камситишга қаратилган тажовузкор ҳаракатдир. Айни пайтда Сринагардаги Жомеъ масжиди жума кунлари ёпиб қўйилмоқда, имом-хатиблар ва даъватни етказувчиларнинг овозлари бўғилмоқда, улар доимий кузатув ва таъқиб остига олинмоқда. Бу шунчаки исёнга қарши кампания эмас, бу Исломга қарши урушдир!

«Бажва ақидаси» ва тинчлик сароби: Кашмир резидентлик қонунлари орқали бўғилаётган, муқаддасотлар топталаётган бир пайтда, Покистон раҳбарияти йўлдан оғди. 2021 йил март ойида генерал Бажва «геосиёсатдан геоиқтисодга ўтиш»ни эълон қилиб, савдо эшикларини очиш учун «ўтмишни кўмиш» лозимлигини айтди. Аммо у «кўмиш»ни кўзлаган ўтмиш – Кашмирнинг ўзидир. Бу давлатчилик масъулияти эмас, балки мусулмонларнинг жасадлари устида савдо қилиб, молини сотишга уринган мунофиқ савдогарлар менталитетидир. Кашмир масаласи FATF (Молиявий чоралар кўриш бўйича тезкор гуруҳ)нинг «кулранг рўйхати» шартлари ва Халқаро Валюта Фонди босимларига гаровга айлантирилди. Оқибатда озодлик даъвоси «молиявий барқарорлик» деб аталган баҳона эвазига сотиб юборилди.

Покистон ўзини ядровий давлат сифатида қанчалик фахр билан тилга олмасин, бу омил Ҳиндистонни Кашмирни тўла назоратига олишдан тўхтата олмади. Покистон эса бунга «30 дақиқалик норозилик» масхарабозлиги билан, яъни ҳеч қандай амалий қадам ташламасдан, фақат халқ ғазабини юмшатиш учун саҳналаштирилган сиёсий ўйин билан жавоб қайтарди. Баёнотлар чиқарилди, Ислом ҳамкорлик ташкилоти йиғинлар ўтказди, кейин эса ҳамма яна ўз дастурхонига қайтди. Кашмир мусулмонлари эса бу «сценарий»ни зиндонлар, қамоқхоналар ва сукутга кўмилган қабристонлардан туриб, ўқлардан тешилган кўзлари билан томоша қилмоқда. Бугун, 5 феврал – Кашмир билан бирдамлик куни ҳам фақатгина нашидалар янграб, «бирдамлик маршлари» намойиш қилинадиган шунчаки миллий расмиятчиликка айланиб қолди.

Ёрдамсиз қолдирилган маҳбуснинг матонати: Ёрдамсиз қолдириш ва босқинчининг зулмига қарамай, Кашмир мусулмонининг руҳи босиб олинган заминдаги ягона озод унсур бўлиб қолмоқда. Ҳинд режими 370-моддани бекор қилиш, минтақани ҳинд бюрократиясига ботириш орқали бу заминнинг ўзлигини ҳиндлаштиришга уринди. Аммо у ўз эътирофлари билан мағлуб бўлди. Зеро, 2025 йил май ойида Покистон кучлари билан Ҳинд армияси ўртасидаги қисқа тўқнашув даврида Кашмир оммаси босқинчининг «ўзлигини» рад этди. Улар гўё стадионлардаги ғалабадан қувонгандек, жанговар ҳаракатлардан суюниб, Покистон самолётларига зафар тилаб дуога қўл очди. Бироқ 2026 йил 5 феврал куни ҳам, аввалгиларидан деярли фарқ қилмайди. Шунга қарамай, Умматнинг содиқ фарзандлари орасида Аллоҳ олдидаги масъулиятини ҳис қилаётганлар бор; ҳарбий куч эгалари орасида қуруқ гап эмас, амал ниятини қалбида сақлаб келаётганлар ҳам бор. Бу даъват ғарблик дипломатлар билан гольф ўйнайдиган генералга эмас, балки тунлари саждага бош қўядиган, аҳд-паймонни ва жиҳодни унутмаган зобитларгадир.

Эй Покистон армиясидаги холис зобитлар! Сизлар мустамлакачилик чизган сунъий чегараларни тан олмаган зотларнинг авлодисиз. Муҳаммад ибн Қосим Синд соҳилларида турганида тоғут кенгашининг қарорига қараб ўтирмаган эди. Шундай экан, сизлар нега БМТ Хавфсизлик Кенгашидан «изн» кутяпсиз?! Муҳаммад ибн Қосим иқтисодий кўрсаткичларни ҳисоб-китоб қилиб ўтирмади. Аксинча, Рожа Даҳир зулми остида нола қилган муслимага ёрдам бериш учун ҳаракатга келди. Бугун эса Кашмирда тўрт миллион муслима опа-синглимиз фарёд чекмоқда! Аллоҳ Таоло айтади:

وَمَا لَكُمۡ لَا تُقَٰتِلُونَ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ وَٱلۡمُسۡتَضۡعَفِينَ مِنَ ٱلرِّجَالِ وَٱلنِّسَآءِ وَٱلۡوِلۡدَٰنِ ٱلَّذِينَ يَقُولُونَ رَبَّنَآ أَخۡرِجۡنَا مِنۡ هَٰذِهِ ٱلۡقَرۡيَةِ ٱلظَّالِمِ أَهۡلُهَا

«(Эй мўминлар), сизларга нима бўлдики, Аллоҳ йўлида ва «Роббано, бизни эгалари золим бўлган бу шаҳардан озод қил», деяётган эркаклар, аёллар ҳамда болалардан иборат бечоралар(ни озод қилиш) йўлида жанг қилмаяпсиз?!» [Нисо 75]

Сизга рувайбиза қўмондонларингиз хиёнат қилди, улар Вашингтон буйруқларига бўйин эгди, Аллоҳдан қўрқишдан кўра санкциялар рўйхатидан кўпроқ қўрқди. Улар сизни мустамлакачилик чизган чегараларнинг соқчисига айлантирди, «Ислом қиличи»ни эса Американинг қалқонига айлантириб қўйди. Етмиш йилдан бери «Кашмир – Покистоннинг шоҳтомири» деган шиор такрорланади. Бироқ буни ҳақиқат сифатида эмас, шунчаки қуруқ шиор сифатида айтишяпти. 2025 йил Паҳалгомдаги кескинлашувдан сўнг Нью-Деҳли Синд сувлари шартномасини тўхтатганида, бунинг ҳаёт-мамот масаласи экани яна бир бор ойдинлашди. Улар тижорий «шоҳтомир»ни ҳақиқий ҳаётий вена эвазига сотиб юборди, томирсиз жасад савдо қилмаслигини, у қон оқизиб ҳалок бўлишини унутди.

Эй ростгўй зобитлар!

Барқарорлик ҳақидаги даъволар ёлғон; «тинчлик жараёни» тузоқ; улар таклиф қилаётган «тинчлик» эса қабрлар сукунатидан ўзга нарса эмас. Тарих Покистон Кашмирни жанг майдонида бой берди, деб ёзмайди. Аксинча, уни ёпиқ эшиклар ортида кредитлар ва дипломатик хушомадлар эвазига топширганини муҳрлаб қўяди. Роббингиз ҳузурида турганингизда, ҳеч бирингиздан унвони ёки маоши ҳақида сўралмайди. Сиздан биродарларингиз ёрдам сўраб нидо қилганида нега сукут сақлаганингиз ҳақида сўралади. Ҳарбий кийимингизга боқинг: у намойишлар учун кийиладиган либос эмас, Умматни ҳимоя қилиш йўлидаги кафандир. Тарих сиз ҳақингизда «шоҳтомир кесилган пайтда жаллодга эҳтиром кўрсатиб турганлар» деб ёзишига йўл қўйманг. Вашингтон сиёсатини рад этинг, савдони қондан устун қўйган «Бажва ақидаси»ни эса парчалаб ташланг! Сизда куч-қувват бор, сизда дин бор, зиммангизда эса шаръий бурч бор. Аллоҳнинг ҳузурига сиёсий қоғозлар билан эмас, балки Унинг йўлида жиҳод чанги қўнган мужоҳид қадамлар билан боринг!

Қўғирчоқ раҳбарлар Умматни занжирбанд қилиб қўйдилар. Ҳизб ут-Таҳрир эса сизларни ана шу занжирларни парчалашга, Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифаликни барпо этиш учун унинг холис етакчилигига нусрат беришга қайта-қайта чақирмоқда. Зеро, куч калити сизнинг қўлингизда. Уни Умматни қамоқда ушлаб туриш учун эмас, балки нусрат эшикларини очиш учун ишлатинг. Шу асрнинг ансорлари бўлинг ва Росулуллоҳ ﷺ башорат қилган Халифалик қалқонини қайта барпо этинг.

Бу босиб олинган исломий заминдан янграган аламли фарёддир.

Роя газетасининг 2026 йил 11 феврал, чоршанба кунги 586-сонидан 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button