Босқинчи зиндонларидаги асир болалар: улар болаларми ёки катта ёшдаги кишилар?!

Босқинчи зиндонларидаги асир болалар: улар болаларми ёки катта ёшдаги кишилар?!
Фаластиндаги асирлар масалалари билан шуғулланувчи ташкилотлар, хусусан, «Асирлар клуби» тақдим этган маълумотларга кўра, Ғазога қарши уруш бошлангандан буён босқинчи кучлар Ғарбий соҳил ва Қуддусдан 1630 нафардан зиёд, Ғазо секторидан эса ўнлаб болаларни ҳибсга олган. Шунингдек, «Мегидо» қамоқхонасида қўлланилган шафқатсиз қийноқлар, очлик ва маҳрумлик оқибатида бир нафар норасида боланинг шаҳид бўлгани маълум қилинди. Айни пайтда 350 нафар бола, жумладан, икки нафар қиз ҳамон босқинчи зиндонларида вояга етмаганларни ҳимоя қилишга оид барча халқаро меъёрларга тамоман зид бўлган оғир шароитларда сақланмоқда. Ушбу болалар қийноқ, очлик, тиббий ёрдамдан маҳрум қилиш, жинсий тажовуз, якка камераларда изоляция қилиш ҳамда оила аъзолари билан кўришишни ман қилиш каби ваҳшиёна зулмларга дучор бўлмоқдалар.
Ўтган ўн йилликлар давомида босқинчи яҳудий вужуди инсоний қадриятларга тамоман зид бўлган тизимли сиёсатни амалга ошириб, асир болаларга нисбатан жисмоний ва руҳий жиҳатдан синдириш амалиётларини изчил давом эттириб келди. Болалар босқинчи тажовузларидан энг кўп азият чекувчи ҳимоясиз қатламга айланиб қолди. Улар қасддан ўлдириш, майиб қилиш ва таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум этиш жиноятларига нишон бўлмоқдалар. Уйларга ваҳшиёна бостириб кириш ва қуролли тўқнашувлар чоғида, шунингдек, ҳарбий назорат-ўтказиш пунктлари, кўчалар ва ҳатто мактаблардан ўн минглаб болаларнинг зўравонлик билан ҳибсга олиниши – бунинг яққол исботидир. Қолаверса, босқинчи кучлар ўз ҳарбий амалиётлари давомида Ғазо болаларидан кўп ҳолларда «тирик қалқон» сифатида фойдаланиб келди.
Тергов жараёни босқинчи зиндонларидаги болалар ҳаётининг энг шафқатсиз ва оғир босқичи ҳисобланади. Бундан кўзланган ягона мақсад уларни даҳшатга солиш, иродасини синдириш ва қийноқ остида мажбурий иқрорлик кўрсатмаларини олишдан иборатдир. Мазкур жараёнда болалар ёпиқ хоналарда, яқинлари ёки адвокат иштирокисиз узоқ соатлар давомида сўроқ қилинади. Улар уйқу ва дам олишдан маҳрум этилиб, руҳияти ва келажагида ўчмас из қолдирувчи муттасил босимларга дучор этиладилар. Шунингдек, ўзбошимча «маъмурий қамоқ» ҳам босқинчи томонидан Фаластин аҳлига, хусусан, болаларга нисбатан қўлланиладиган энг шафқатсиз қатағон қуролларидан биридир. Ушбу жазо чораси бола ва унинг ҳимоячиси танишиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган «махфий файл»ни рўкач қилиш орқали, ҳеч қандай аниқ айбловсиз ва ҳақиқий суд муҳокамасисиз амалга оширилади.
Қамоқхоналарда эса болалар инсонийликнинг энг оддий мезонларидан ҳам маҳрум этилган, тоқат қилиб бўлмас даражадаги оғир шароитларда сақланмоқда. Улар бу ерда мунтазам равишда калтаклаш, электр токи ёрдамида қийноққа солиш, «диско хонаси» (ўта баланд овозли мусиқа остида)да уйқудан маҳрум қилиш, узлуксиз кишанбанд этиш, итлар воситасидаги тажовузлар, ҳақоратлаш, якка камерада изоляция қилиш, жинсий таҳқирлаш ва жамоавий жазолаш каби ғайриинсоний зулмларга дучор қилинмоқда. Бундан ташқари, қамоқхоналарда оч қолдириш, санитария шароитларининг мутлақо йўқлиги, ҳаддан зиёд тиқилинчлик, ҳашаротларнинг урчиши, шамоллатиш ва ёритиш тизими мавжуд бўлмаган зах хоналарда сақлаш, шунингдек, турли касалликларнинг авж олишига олиб келувчи тиббий ёрдамнинг қасддан кўрсатилмаслиги каби аянчли ҳолатлар ҳукм сурмоқда. Болалар кийим-кечак тақчиллиги ва оила аъзолари билан учрашиш ҳуқуқидан маҳрум этилиш азобини тортмоқдалар. Устига-устак, уларни руҳий ва жисмоний жиҳатдан тизимли синдириш сиёсати доирасида, жиноят содир этган вояга етмаган яҳудий маҳбуслар билан бир камераларда сақлаш амалиёти қўлланилмоқда.
Бошқа томондан, Шаҳидлар жасадларини қайтариб олиш миллий кампанияси тақдим этган маълумотларда, жасадларни ушлаб туриш сиёсати давом этиши билан бир қаторда, болаларни қасддан ўлдириш жиноятлари хатарли тус олаётгани маълум қилинди. Жорий ноябр ойининг бошидан буён босқинчи вужуд олти нафар болани совуққонлик билан ўлдириб, уларнинг жасадларини олиб қолди. Шу тариқа, жасади қайтарилмаган шаҳид болалар сони 73 нафарга етди. Ушбу болалар — Миллий кампания томонидан ҳужжатлаштирилган, босқинчининг музлаткичлари ва «Рақамлар қабристони»да сақланаётган жами 752 нафар шаҳид рўйхатидан ўрин олган.
Мазкур статистик маълумотлар асирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари томонидан — бутун дунё болаларининг ҳаётнинг барча жабҳаларида қўлга киритаётган ютуқлари ҳамда уларнинг ўсиб-улғайиши ва камолоти нишонланадиган «Халқаро болалар куни» деб аталмиш сана муносабати билан эълон қилинди. Ваҳоланки, айни дамда Фаластин болалари — уларни атайлаб нишонга олувчи, ҳуқуқ ва қадр-қимматларини янчиб ташловчи шафқатсиз қатағон машинасига рўбарў келмоқдалар. Улар ваҳшийларча ўлдирилмоқда, оммавий ҳибсга олинмоқда ва энг оддий қонуний меъёрлар ҳам оёқ ости қилинадиган ҳарбий маҳкамаларда суд қилинмоқда. Уларга нисбатан Ғарб даъво қилаётган «инсон ва бола ҳуқуқлари»дан мутлақо йироқ бўлган энг оғир жазо чоралари қўлланилмоқда. Бироқ, шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг жазоси муқаррардир:
لَا يَغُرَّنَّكَ تَقَلُّبُ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ فِي ٱلۡبِلَٰدِ + مَتَٰعٞ قَلِيلٞ ثُمَّ مَأۡوَىٰهُمۡ جَهَنَّمُۖ وَبِئۡسَ ٱلۡمِهَادُ
«Сизни кофирларнинг шаҳарларда кезишлари алдаб қўймасин! (Бу елиб-югуриш, ғолибона кезишлар) озгина матодир. Сўнгра жойлари жаҳаннам бўлгай! Нақадар ёмон жой у!» [Оли Имрон: 196-197]
Ҳизб ут-Таҳрирнинг марказий матбуот бўлими аёллар қаноти




