Хабар ва изоҳ

Б5+1 йиғилишида Марказий Осиё ва Америка ўртасида иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласи муҳокама қилинди

Б5+1 йиғилишида Марказий Осиё ва Америка ўртасида иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласи муҳокама қилинди

4-5 феврал кунлари Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Б5+1 йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Марказий Осиёнинг бешта мамлакати ва Америкадан вакиллар иштирок этди. Йиғилиш икки томон ўртасидаги иқтисодий ва тижорий ҳамкорликни мустаҳкамлаш доирасида бўлиб ўтди.

Марказий Осиё ва Америка бизнес ҳамжамиятлари ўртасидаги мулоқот платформаси ҳисобланган Б5+1 формати иқтисодий шерикликни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни рағбатлантириш ҳамда савдо, энергетика, транспорт, логистика, рақамли технологиялар ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришни кўзда тутади.

Марказий Осиё мамлакатлардан вакиллар, Американинг йирик компанияларидан делегациялар ҳамда икки томондан ишбилармонлар ва инвесторлар иштирок этган учрашувда инвестиция муҳитини яхшилаш, савдони осонлаштириш ва минтақавий иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлаш йўллари муҳокама қилинди.

Иштирокчилар хусусий секторнинг ролини кучайтириш, минтақада барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилар экан, Америка билан иқтисодий шерикликни кенгайтириш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар. Бу Марказий Осиё мамлакатларининг савдо алоқаларини диверсификация қилиш ва халқаро иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

Б5+1 йиғилиши Марказий Осиё ва Америка ўртасидаги сиёсий ва дипломатик мулоқотга қаратилган C5+1 саммитининг иқтисодий йўналиши ҳисобланади. Бу эса икки томон ўртасидаги муносабатларда иқтисодий ҳамкорликни асосий устун сифатида ривожлантиришга қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради. (24 kg)

Изоҳ:

Молиялаштириш, инвестиция ва савдога урғу бериш – бу асосий мақсадни яширадиган пардадир. Учрашувдан кўзланган мақсад Америка геосиёсий таъсирини чуқурлаштириш, Марказий Осиёнинг қоқ марказида стратегик иттифоқларни тузиш ва бу минтақадаги Россиянинг анъанавий таъсирини камайтириш ҳамда Хитойнинг минтақада тез суръатлар билан кенгайиб бораётган иқтисодий ва стратегик соҳаларига қарши туришдир. Бундан ташқари, минтақада Америка ҳукмронлигини мустаҳкамлаш учун Европа компанияларининг ва Европа дипломатиясининг кириб келишига чекловлар қўйишга уринишлар ҳам сезилмоқда. Шу тарзда, стратегик минтақада жойлашган ва табиий ресурсларга бой бўлган Марказий Осиё минтақаси йирик давлатлар учун осонгина ўлжага айланиб қолмоқда.

Бундай шароитда Марказий Осиё давлатларини бирлаштира оладиган, минтақавий интеграцияни мустаҳкамлайдиган ва уларнинг табиий ресурслари ва бойликларидан ташқи кучлар томонидан эксплуатация қилинишига йўл қўймай, ўз халқлари манфаати учун йўллантира оладиган доно раҳбарга бўлган эҳтиёж кундан-кунга ортиб бормоқда.

Аҳмад Ҳоди

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button