Гренландия ороли ва Трансатлантик алоқалар

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Гренландия ороли ва Трансатлантик алоқалар
Гренландия ороли ҳеч қачон ернинг энг чекка шимолидаги шунчаки сукунатга чўмган муз қатлами бўлмаган. Аксинча, у доимо буюк давлатлар ўртасидаги «катта ўйин» марказида бўлиб келган. Бугун АҚШ президенти Трамп ўтган асрдан бери давом этиб келаётган интилишларни яна кун тартибига олиб чиқиб, қутб сукунатини сиёсий шовқин ва иродалар тўқнашуви саҳнасига айлантирмоқда. Давос келишувлари, Хитойнинг кўз олайтиришлари ва «кўҳна қитъа» Европанинг заифлиги манзарасида шундай савол туғилади: Гренландия Дания васийлигидан чиқиб, Американинг навбатдаги штатига айланиш арафасида турибдими, ёки у келаётган янги «совуқ уруш» майдонига айланадими?
Трамп 2026 йил 22 январ куни Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида НАТО бош котиби Марк Рютте билан Гренландия ороли ва бутун Арктика минтақаси бўйича «доиравий келишув»га эришилганини маълум қилди. Европа томони ушбу масала юзасидан ён беришга мойиллик билдирганидан кейин эса, «хайрихоҳлик ишораси» сифатида 1 февралдан Европа давлатларига нисбатан жорий этилиши режалаштирилган қўшимча божларни бекор қилишини эълон қилди.
Зиддиятнинг моҳиятини тўлиқ англаш учун мазкур оролга доир айрим муҳим маълумотларга тўхталиб ўтиш лозим. Гренландия дунёдаги энг катта орол бўлиб, ҳудудининг қарийб 80 фоизини қор қоплами ва музликлар ташкил этади. Муздан холи қисмининг майдони тахминан Швеция ҳудудига тенг бўлса-да, ерларнинг жуда оз қисмигина деҳқончилик учун яроқли ҳисобланади.
- Умумий майдони: 2 166 086 км²;
- Муз қатлами ва ички музликлар майдони: 1 755 637 км²;
- Муздан холи ҳудуд: 410 449 км²;
- Қирғоқ чизиғи узунлиги: 44 087 км;
- Аҳолиси тахминан 56 500 кишини ташкил этади. Уларнинг учдан бир қисми (19 900 киши) пойтахт Нуукда истиқомат қилади.
АҚШнинг Гренландияга бўлган қизиқиши XIX асрдан бошланган. Америка 1917 йилда Данияга қарашли Вест-Индия оролларини сотиб олгани каби, Гренландияни ҳам Даниядан сотиб олиш масаласини бир неча бор кўтарган. Бу мавзу Америка сиёсий доираларида турли даврларда, хусусан 1867, 1910, 1946, 1955, 2019 ва 2025 йилларда алоҳида эътибор маркази бўлди. Оролни қўлга киритиш ғоясини қатор юқори лавозимли шахслар илгари сурган. Жумладан, давлат котиблари Уильям Сьюард ва Жеймс Бирнс, вице-президент Нельсон Рокфеллер ва ниҳоят президент Дональд Трамп. Трамп ўзининг биринчи президентлик даврида, 2019 йилда мазкур масалани кўтарган эди; 2024 йилги сайловлардан сўнг эса АҚШ таъсирини мустаҳкамлаш мақсадида уни яна кун тартибига қайтарди.
Масала фақатгина яқинда аниқланган маъданлар ва нефть захиралари билан боғлиқ эмас. Балки Трамп маъмурияти АҚШ миллий хавфсизлигининг ажралмас ва ҳаётий таркибий қисми деб ҳисоблайдиган Гренландиянинг стратегик географик жойлашуви билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
Американинг мазкур орол билан муносабатларини тўғри англаш учун, аввало, йиллар давомида шаклланган ва мустаҳкамланган ҳарбий ҳамкорликка назар ташлаш лозим. Бу ҳамкорлик Питуффик (Туле) ҳарбий базаси ҳамда эрта огоҳлантириш радарларида намоён бўлади. Ушбу муносабатларнинг илдизи 1941 йилга бориб тақалади. Ана шу йили нацистлар ҳужуми хавфи туфайли «Туле-1» келишуви асосида Гренландияни ҳимоя қилиш мақсадида Америкага ҳарбий ваколат берилган эди. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларига келиб бу жараён янада чуқурлашди: орол ядро қуроллари билан жиҳозланган ҳаво мудофаа тизимлари жойлаштирилган стратегик таянч нуқтага айланди. Натижада Америка мазкур ҳудуднинг қуруқлик, ҳаво ва денгиз йўналишларида деярли чекланмаган ҳаракат эркинлигига эга бўлди.
1951 йил 27 апрелда АҚШ билан «Туле-1» келишуви имзоланди. Мазкур келишув НАТО доирасида Данияга Гренландияни ҳимоя қилишда ёрдам бериш мақсадида тузилган эди. Шу асосда Нарсарсуакдаги ҳарбий-ҳаво базаси Дания ва АҚШ қўшинлари учун қўшма база мақомига ўтказилди. 1953 йил охирида эса АҚШ Кангерлуссуакдаги армия базасидан 140 км масофада метеорология станциясини барпо этди. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу иншоот Даниянинг хабари ва рухсатисиз қурилган. 1954 йил 15 март куни Туле ҳаво базасини кенгайтириш ишлари бошланди; мазкур жараён доирасида ядровий қуроллар билан жиҳозланган янги авлод ҳаво мудофаа тизимини жойлаштириш ҳам кўзда тутилган эди.
2008 йил 25 ноябр куни Гренландияда мухторият тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказилди ва аҳолининг салмоқли қисми – 75,5 фоизи кенгайтирилган мухторият учун овоз берди. Мазкур қонун келгусида Даниядан тўлиқ мустақил бўлиш сари ташланган қадам сифатида баҳоланади. 2009 йил 21 июндан кенгайтирилган мухторият тўғрисидаги келишув расман кучга кирди. Унга кўра, фақат ташқи сиёсат ва мудофаа соҳалари Дания ихтиёрида қолган бўлса, Гренландия ҳукумати полиция, адлия ҳамда қирғоқларни қўриқлаш каби қатор асосий вазифаларни ўз зиммасига олди. Хусусан, денгиз таъминотига дахлдор ўзгаришлар қуйидагилардан иборат:
- Гренландия ҳукумати ташқи алоқаларини белгилаш ва юритишда кенгроқ мустақил ваколатларга эга бўлади;
- Ташқи сиёсатнинг қатор йўналишлари энди Дания сиёсатига бевосита боғланмайди;
- Қирғоқларни ҳарбий-хавфсизлик нуқтаи назаридан назорат қилиш ваколати Гренландия ҳукумати ихтиёрига ўтади.
Мазкур чора-тадбирлар оролнинг Дания билан боғлиқлигини сезиларли даражада сусайтириб, минтақани «янги стратегик ҳудуд» деб баҳолаган Хитой каби бошқа кучларни ҳам фаол равишда жалб этди. Хитой илмий тадқиқотлар ниқоби остида Арктикадаги халқаро қоидаларни шакллантиришга интилмоқда. Мутахассислар буни узоқ муддатли хавфсизлик манфаатларини яширишга хизмат қиладиган «парда» сифатида баҳоламоқда.
- Берлинда фаолият юритувчи Хитой тадқиқотлари бўйича Меркатор институти (MERICS) таҳлилчиси Елена Легарда бу масалага муносабат билдириб, бундай деди: «Хитойнинг иқтисодий манфаатларини унинг стратегик ёки хавфсизлик манфаатларидан ажратиб кўрсатиш жуда қийин. Чунки бу манфаатларнинг барчаси ўзаро узвий боғланган»;
- Хельсинкидаги Финляндия Миллий мудофаа университети доценти Матти Пуранен бу ҳақда шундай деди: «Улар дастлаб иқтисодий, илмий ва дипломатик воситалар орқали минтақага кириб бориб, кейинчалик ана шу манфаатларни ҳимоя қилиш баҳонаси остида минтақада ҳарбий таъсирларини кенгайтириш зарурлигини даъво қилишлари мумкин».
Хитойнинг интилишлари билан бир қаторда, Россия атом муз ёрар кемаларнинг энг йирик флотига эгалиги туфайли Арктикада ҳукмрон қутбий ўйинчи сифатида майдонга чиқмоқда. Трамп маъмурияти бу ҳолатни тўғридан-тўғри таҳдид сифатида баҳолайди. Бу эса Гренландия устидан назорат ўрнатишни Арктикадаги Россия ҳукмронлигини синдириш учун ҳарбий заруратга айлантирмоқда.
Демак, масаланинг туб моҳияти Трампнинг куч орқали таъсир ўтказиб, гегемонликни мустаҳкамлаш стратегиясига бориб тақалади. Агар у бугунги айрим ён беришларни вақтинчалик, тактик мақсадлар доирасида қабул қилаётган бўлса, демак, у кейинги босқичда Европа Иттифоқининг заиф нуқталаридан фойдаланиб, тўлиқ назорат ўрнатишни режалаштирмоқда. Зотан, Иттифоқнинг мустақил мудофаа қобилияти нечоғли ожиз эканини Украина тажрибаси ҳам исботлади. АҚШнинг ўзида эса 2026 йил ноябр ойида Конгресс учун бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлар яқинлашаётган бир пайтда, Трамп ўз сайловчиларини руҳлантириш учун кўзга кўринадиган муҳим «ғалабалар»га муҳтож. Унинг тарафдорлари эса ўз етакчисини Американинг мутлақ қудратини қайта тиклаётган, тарихий «келишувлар устаси» сифатида кўришдан мамнун бўлишади.
Хулоса шуки, афтидан, Гренландия энди шунчаки бир орол эмас, балки халқаро кучлар мувозанатини белгилайдиган мезонга айланиб бормоқда. Агар Трамп ўз қарашларини мажбурлаб ўтказишга муваффақ бўлса, бу нафақат минтақанинг географиясини ўзгартиради, балки анъанавий трансатлантик ҳамкорлик даври якунланганини, Шимол бойликлари ва ўтиш йўллари устидан эса Америка гегемонлиги даври бошланганини расман билдиради.
Роя газетаси сайтидан олинди




