Хабар ва изоҳ

Депутат сайловда қатнашмаганлар учун жазо белгилашни таклиф қилди

Депутат сайловда қатнашмаганлар учун жазо белгилашни таклиф қилди

Қирғизистонда Жогорку Кеңеш депутати Марлен Маматалиев сайловларда иштирок этишни барчага мажбурий қилиб қўйишни ва қонунни бузганганлар учун жазо белгилашни таклиф қилди. Бу ҳақда Спутник агентлиги хабар тарқатди.

Хабарга кўра, сайловда овоз берганлар учун лотерея ўйинларини ташкил этиш ва давлат имтиёзларини фақат овоз берганларга бериш таклиф қилинмоқда. Сабабсиз сайловда овоз бермаганлар эса огоҳлантирилиши, кейин эса жаримага тортилиши кўриб чиқилмоқда. Агар фуқаро уч марта сайловларда қатнашмаса, у беш йилгача сайланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

Сўнгги парламент сайловларида иштирок этганлар сони атиги халқнинг 36,9%ини ташкил этди. Мамлакатда жами 4 миллион 294 минг сайловчи мавжуд.

Изоҳ:

Расмий ҳукуматнинг навбатдаги парламент сайловида халқнинг иштирокини кўпайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари фойда бермади. Аниқроғи, сайловчиларга истаган сайлов участкасига бориб овоз бериш имконияти берилди. Амалдорлар ҳам халқни овоз беришга доимий равишда чақириб туришди. Бироқ қирғиз жамоатчилиги сайловларни бойкот қилиш орқали амалдаги ҳукумат вакилларига ҳам, мухолифат вакилларига ҳам, яъни деярли барчасига ишончини йўқотганликларини амалда кўрсатди. Президент Садир Жапаровнинг ўзи ҳам буни тан олиб, Қурултойда сўзлаган нутқида сайлов қонунларига ўзгартириш киритиш зарурлигига ва сайловларда қатнашмаганларга жарима солиш кераклигига ишора қилди.

Жамоатчилик демократик тузумга нисбатан ишончини йўқотганлигини аввалги сайлов статистикалари ҳам тасдиқлаб турибди. Масалан, 1995 йилги парламент сайловида сайловчиларнинг 76 фоизи иштирок этган бўлса, 2000 йилда 58 фоиз, 2005 йилда 60 фоиз ва 2007 йилда эса 74 фоиз сайловчилар иштирок этди. 2010 йилда бу кўрсаткич 59%, 2015 йилда 58% ва 2020 йилда 56%ни ташкил этди. 2021 йилги сайловда эса халқнинг 34% овоз берди. Кўриниб турибдики, халқнинг сайловларда иштирок этиши кундан-кунга камайиб бормоқда.

Аслида, сайловларда иштирок этган одамлар сони халқнинг демократик тузумга бўлган ишончининг кўрсаткичидир. Аниқроғи, бу Қирғизистондаги сайловчиларнинг аксарияти сайловларни бойкот қилганини англатади! Чунки халқ демократиядан ҳам, бир-биридан фарқ қилмайдиган ҳукуматдан ҳам, фақат амалдорлар ва пулдорларнинг манфаатларига хизмат қиладиган сайловлардан ҳам безор бўлди. Бунинг сабаби, Қирғизистон «мустақил» бўлганидан бери ҳокимият тепасига келганлар фақат мамлакатни заифлаштириш ва халқни қашшоқлаштириш учун бир-бири билан мусобақалашди. Сайловлар ёки давлат тўнтаришлари орқали ҳокимият тепасига келган ҳукмдорлар бу борада бир-биридан асло фарқ қилмайди. Бундан ташқари, коррупция, адолатсизлик ва ахлоқсизлик кенг тарқалган. Шубҳасизки, бунинг асосий сабаби, улар халқни бошқаришда қўллаётган демократик тузумдир. Чунки капитализмда қонунлар фақат бир ҳовуч кишилар манфаати учунгина ишлайди.

Демократик тузум тарафдорлари кўпчиликнинг овози ҳал қилувчи кучга эга, деб даъво қилишади. Бироқ, Қирғизистонда ўтган сайловлар бу даъво шунчаки оғизда қолган қуруқ гап эканлигини исботлади. Агар «кўпчилик»нинг фикри инобатга олинганида, улар айтганидек, сайловчиларнинг 60-70 фоизи қатнашмаган сайлов натижалари бекор қилиниши керак эди.

Аслида, бугунги демократик тузум Исломга мутлақо зид бўлиб, Исломда инсоннинг қонун чиқаришлиги асло жоиз эмас. Аллоҳ Таоло айтади:

فَلَا وَرَبِّكَ لَا يُؤْمِنُونَ حَتَّى يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ لَا يَجِدُوا فِي أَنفُسِهِمْ حَرَجًا مِمَّا قَضَيْتَ وَيُسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

“Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича-бўйинсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар”. (4:65).

Сайлов ва танлов масаласида Ислом шариатининг ўз ҳукмлари бор, улар Ғарб услубидаги сайловлардан ҳам, Исломий ўлкаларда қўлланиладиган коррупциялашган тизимлардан ҳам фарқ қилади. Ислом шариатида сайловлар ҳеч қандай мажбурлов ёки босимларсиз эркин ўтказилади. Ҳар бир инсон – агар у ўзини қобилиятли деб ҳисобласа ёки бошқа мусулмонлар уларни қобилиятли деб билса – ўз номзодини қўйиш ва сайланиш ҳуқуқига эга. Фақат у ўзининг барча дастурларига Исломни асос қилиб олган бўлиши шартдир.

Хулоса қилиб айтганда, биз мусулмонлар демократик сайлов, деган ёлғонга алданмаслигимиз керак. Шунингдек, бу сайловларга жалб қилишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатларга ҳам қатъий қарши туришимиз керак. Чунки жиноятчи режимнинг парламентига ёки ҳукуматига қўшилиш жиноятчиларнинг умрини узайтиради. Сабаби, сайловлар бизни буюк мақсаддан чалғитадиган ўйиндир. Буюк мақсад бу – ҳозирги бузуқ ва коррупцияга ботган режимларни қўллаб-қувватлаб келаётган империалистик тузумни қулатиб, унинг ўрнига Исломни ҳаётга қайтаришдир.

Нурдин Асаналиев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button