Жаҳон иқтисодий форуми жиддий баёнотлар билан бошланди

Жаҳон иқтисодий форуми жиддий баёнотлар билан бошланди
АҚШ президентининг Гренландияга нисбатан тобора кучайиб бораётган тажовузкор риторикаси трансатлантик кескинликни кучайтирди. Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумида Франция президенти Эммануел Макрон «тартибсиз дунё» хавфи ҳақида огоҳлантириб, «тажовузкорлар»ни қоралади, аммо Трампнинг исмини аниқ тилга олмади.
Канада бош вазири Марк Карни эса сешанба куни Давосда «эски тартиб қайтиб келмайди», дея «носталгия – бу стратегия эмас»лигидан огоҳлантирди. Карнининг сўзларига кўра, янги тартиб – бу «буюк давлатлар ўртасида рақобат кучайган тизим бўлиб, унда энг кучлилар ўз манфаатларини рўёбга чиқариш мақсадида иқтисодий интеграциядан мажбурлаш воситаси сифатида фойдаланади».
Трамп Карнининг сўзларига қўшилмаслигини билдирди. «Айтганча, Канада биздан кўп нарсаларни бекорга олади. Улар хурсанд бўлишлари керак эди, лекин ундай бўлмади», деди Оқ уй раҳбари.
АҚШ президенти Доналд Трамп Гренландияни эгаллаб олиш учун ҳарбий куч ишлатмасликка ваъда берди. “Мен Гренландияни сотиб олиш бўйича музокара олиб боришни истардим. Менинг Гренландияга ва Дания халқига ҳурматим чексиз. Лекин ҳар бир иттифоқчи ўз ҳудудини ҳимоя қилишдан масъулдир. Шу билан бирга, ҳеч бир мамлакат Гренландия хавфсизлигини таъминлай олмайди. Бу фақат Қўшма Штатларнинг қўлидан келади. Биз буни икки ҳафта олдин Венесуэлада кўрдик”, деди АҚШ президенти. У Вашингтон “Иккинчи жаҳон уруши пайтида Гренландияни сақлаб қолган”лигини қўшимча қилди.
Трамп Греландия ҳақида гапирар экан, бутун Ғарбий ярим шарни “Америка ҳудуди” деб атади. “Бу ҳимоясиз катта орол аслида Шимолий Американинг бир қисмидир, Ғарбий ярим шарнинг шимолий чегарасида жойлашган. Бу бизнинг ҳудудимиз. Мен кўп мамлакатларни яраштириб қўйдим ва бунинг учун кўп нарса сўраганим йўқ. АҚШга шунчаки Гренландия керак. Агар сиз “ҳа” десангиз, биз хурсанд бўламиз. Агар сиз “йўқ” десангиз, биз буни асло унутаймиз”, деди у.
Шунингдек, Трамп “Канада АҚШ туфайли оёқда турибди”, “Исландияда мени “буюк инсон” деб аташади” дея қўшимча қилди. Оқ уй раҳбари Қўшма Штатларда “ҳаммасини” битта ракета билан йўқ қила оладиган қурол борлигини ҳам айтиб ўтди.




