Жаннат боғлари

Исломда биринчи халифа Абу Бакр Сиддиқ

Исломда биринчи халифа Абу Бакр Сиддиқ

Абу Бакр Сиддиқнинг насаби Росулуллоҳга Мурра ибн Каъб ибн Луай орқали боғланади. Онаси Уммулхайр Салмо бинт Сахр Таймиядир.

Сиддиқ дея сифатланишлари:

Бу ном кўп далиллар билан исботланган. الصِّدِيق сўзи فِعِّيلٌ вазнида бўлиб, доим тасдиқловчи маъносини англатади. Шунингдек, сўзи амалини тасдиқловчи маъносини ҳам англатади, бу сифатни Набий ﷺ айтганлар: Бухорий ва Муслим саҳиҳидаги ҳадисда Анас ибн Молик ривоят қиладики, Росулуллоҳ ﷺ Уҳуд тоғига кўтарилганларида Абу Бакр, Умар ва Усмонлар бор эди. Шунда Уҳуд улардан силкинди, Муҳаммад ﷺ

«اثْبُتْ أُحُدُ فَإِنَّمَا عَلَيْكَ نَبِيٌّ وَصِدِّيقٌ وَشَهِيدَان»

«Эй Уҳуд собит тур, чунки устингда бир Набий, бир Сиддиқ ва икки шаҳид бор». Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳа ривоят қилади: Мен Росулуллоҳ ﷺдан

وَالَّذِينَ يُؤْتُونَ مَا آتَوا وَقُلُوبُهُمْ وَجِلَةٌ أَنَّهُمْ إِلَى رَبِّهِمْ رَاجِعُونَ

«Улар берган садақаларини Роббиларига қайтгувчи эканликларидан диллари қўрқиб турган ҳолда берадиган кишилардир» [23:60] ояти ҳақида сўраб, «улар хамр ичишармиди, ўғирлик қилишармиди?», дедим. Ул зот бундай дедилар:

«لا يَا بِنْتَ الصِّدِّيقِ وَلَكِنَّهُمْ الَّذِينَ يَصُومُونَ وَيُصَلُّونَ وَيَتَصَدَّقُونَ وَهُمْ يَخَافُونَ أَنْ لَا يُقْبَلَ مِنْهُمْ، أُولَئِكَ الَّذِينَ يُسَارِعُونَ فِي الْخَيْرَاتِ»

«Йўқ, эй Сиддиқнинг қизи, ундай эмас. Аксинча улар амаллари қабул бўлмай қолишидан қўрқиб, рўза тутган, намоз ўқиган ва садақа қилган кишидир. Ана ўшалар ким ўзарга яхши амаллар қилган зотлардир».

Набий нинг Сиддиқнинг жаннати, дея башорат беришлари:

Имом Термизий Саид ибн Зайддан

«النَّبِيُّ فِي الْجَنَّةِ، وَأبُو بَكْرٍ فِي الْجَنَةِ، وَعُمَرَ فِي الْجَنَّةِ»

«Пайғамбар жаннатда, Абу Бакр жаннатда ва Умар жаннатдадир».

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладики, Росулуллоҳ ﷺ

«مَنْ أَصْبَحَ مِنْكُمْ الْيَوْمَ صَائِمًا»

«Кимингиз бугун рўзадор ҳолда тонг оттирди», деб сўрадилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу – мен, дедилар.

«فَمَنْ تَبِعَ مِنْكُمْ الْيَوْمَ جَنَازَةً؟»

«Кимингиз бугун жанозада қатнашди», деб сўрадилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу – мен, дедилар.

«فَمَنْ أَطْعَمَ مِنْكُمْ الْيَوْمَ مِسْكِينًا؟»

«Кимингиз бугун бир мискинни тўйдирди», деб сўрадилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу – мен, дедилар.

«فَمَنْ عَادَ مِنْكُمْ الْيَوْمَ مَرِيضًا؟»

«Кимингиз бугун бир беморни кўргани борди», деб сўрадилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу – мен, дедилар. Шунда Росулуллоҳ ﷺ бундай марҳамат қилдилар:

«مَا اجْتَمَعْنَ فِي امْرِئٍ إِلاَّ دَخَلَ الْجَنَّةَ»

«Бирор кишида шуларнинг ҳаммаси жамланса, албатта жаннатга киради».

Дарҳақиқат, Абу Бакр розияллоҳу анҳу Набий ﷺ билан Исломга киргандан бошлаб, ул зот вафот этгунларига қадар бирга бўлган, сафарда ҳам, муқимликда ҳам айрилмади. Фақат Росулуллоҳ у кишига ҳаж қилгани ёки бирор ғазотга боргани рухсат берган пайтдагина ажралдилар. Ул зот билан ҳамма нарсани гувоҳи бўлди. Аллоҳ ва Росулининг ризосини истаб, молу давлати ва оиласини ташлаб, ул зот билан ҳижрат қилди. Ғорда ҳамроҳ бўлди, буни Аллоҳ Таолонинг ушбу каломи тасдиқлайди:

إِلَّا تَنصُرُوهُ فَقَدْ نَصَرَهُ اللَّهُ إِذْ أَخْرَجَهُ الَّذِينَ كَفَرُوا ثَانِيَ اثْنَيْنِ إِذْ هُمَا فِي الْغَارِ إِذْ يَقُولُ لِصَاحِبِهِ لَا تَحْزَنْ إِنَّ اللَّهَ مَعَنَا

»Агар сизлар унга (Росулуллоҳга) нусрат-ёрдам бермасангиз (Аллоҳнинг Ўзи унга нусрат-ёрдам беради), уни кофирлар икки кишининг бири бўлган ҳолида (Абу Бакрни ҳамроҳлигида Маккадан) ҳайдаб чиқарганларида, унга Аллоҳ нусрат-ёрдам берди-ку, ўшанда икковлон ғорда бўлган пайтларида (Росулуллоҳ) ҳамроҳига: «Ғамгин бўлманг, шубҳасиз, Аллоҳ биз билан биргадир», деди» [Тавба 40]

Ҳунайн куни ва Уҳуд куни Росулуллоҳ ﷺ олдиларидан Абу Бакрдан бошқа одамлар қочиб кетгани тўғрисида собит ривоят бор. Лайс ибн Саъд – анбиёларга Абу Бакрчалик дўстлик қилган киши топилмайди, деган.

Умар Абу Бакр билан ўзларини хавф остига қўяётганларида, Набий ﷺ бундай деганлар:

«هَلْ أَنْتُمْ تَارِكُو لِي صَاحِبِي، هَلْ أنْتُمْ تَارِكُو لِي صَاحِبِي؟ إنِّي قُلْتُ يَا أيُّهَا النَّاسُ إنِّي رَسُولُ اللهِ إلَيْكُمْ فَقُلْتُمْ كَذِبْتَ وَقَالَ أبُو بَكْرٍ صَدَقْتَ»

«Сизлар менга дўстимни (хавф остида) қолдирасизми, сизлар менга дўстимни (хавф остида) қолдирасизми? Ахир, мен – эй инсонлар, мен сизларга юборилган Аллоҳнинг росулиман, деганимда – ёлғон айтяпсан, дедингиз. Абу Бакр эса – рост сўзладингиз, деган».

Абу Бакрнинг хулқ-атвори:

Оиша розияллоҳу анҳа отасини бундай сифатлайди: «… Жоҳилиятда ҳам мақтовли ахлоқи ва илиқ муомаласи билан, маст қилувчи ичимликлардан тийилганлиги билан танилган. Қурайшнинг Қурайшга нисбатан энг насаблиси ҳамда муваффақиятли савдогар эди. Росулуллоҳ ﷺ даъватлари бошланганда Исломга киришга биринчи шошган, молию жонини даъватга ва дўстига фидо қилган инсон эди. Ҳаёси ўткир, тақвоси кучли, жуда раҳмдил эди».

Умар ибн Хаттобнинг бундай деганлари собит бўлган: «Абу Бакр бизнинг саййидимиз, энг яхшимиз ва ҳаммамиздан Росулуллоҳ ﷺга муҳаббатли инсондир». Имом Аҳмад қилган ривоятда Ибн Масруқ «Абу Бакр билан Умарнинг муҳаббат ва фазллари суннатдандир», деган экан. Дарҳақиқат, салафлар фарзандларини худди Қуръондан бир сурани севишни ўргатганлари каби, Абу Бакр ва Умарни ҳам худди шундай севишни таълим берганлар. (Буни Ибн Жавзий айтган).

Шуни алоҳида таъкидламоқ лозимки, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳеч қачон бутларга сажда қилган эмас. Набий ﷺнинг асҳоблари олдида унинг ўзи бундай деган: «Мен ҳеч қачон бутга сажда қилмадим. Чунки мен балоғат ёшига етганимда Абу Қаҳофа қўлимдан тутиб, бутхонага олиб борган ва булар сенинг илоҳларинг, деган ва ўзи қайтиб кетган. Бир бутга яқинлашиб, қорним очди, мени тўйғазгин, дедим, у бўлса жавоб бермади, мен яланғочман, кийдиргин, дегандим, яна жавоб бермади. Шунда тош олиб, бир ургандим, ерга юз тубан йиқилди».

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг тақвоси:

Оиша розияллоҳу анҳа отасининг ўлимга олиб борган касаллик пайти ҳақида ҳикоя қилади: Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бундай деди: «Биз мусулмонларга раҳбарлик қилган вақтимизда уларнинг на битта динорини едик, на битта дирҳамини. Балки қорнимизга уларнинг толқонини едик, эгнимизга дағал либосларини кийдик. Мусулмонлар ўлжасидан кўпига ҳам, озига ҳам қўл текизмадик. Фақат шу ҳабаш қул, боғини суғорувчи туя ва юнли кийим ўлжа олдик, холос. Ўлсам, шуларни Умарга бериб юбориб, буларнинг ҳаммасидан халос бўлинг». Мен шундай қилдим. Ўшанда Умарнинг вакили келгач, бу ҳолда шундай йиғладики, ёшлари ерда оқди ва «Аллоҳ Абу Бакрни раҳмат қилсин, ўзидан кейин бизга қийин қилиб кетди, Аллоҳ Абу Бакрни раҳмат қилсин, ўзидан кейин бизга қийин қилиб кетди, ҳой ғулом буларни кўтар», деди. Абдурраҳмон ибн Авф «Субҳаналлоҳ, ҳабаш қул, боғини суғорувчи туя ва беш дирҳам турадиган юнли кийимни тортиб оласизми?», деди. Нима қил, дейсиз? деди. Уларни оиласига қайтариб беринг. Шунда Умар, деди: «Йўқ, Муҳаммадни ҳақ ила юборган Аллоҳ ҳаққи ёки унинг ўзи онт ичгани каби, бу менинг волийлигим пайтида асло бўлмайди. Абу Бакр вафот этаётиб ҳам уларни соқит қилган бўлсаю, мен оиласига қайтараманми, мен учун бундан ўлим яқинроқ».

Муртадларга ва закотни тақиқлаганларга қарши кураши:

Араб Ярим ороли Росулуллоҳ ﷺнинг вафотларини эшитибоқ, муртад бўлишга шошилди, Исломда Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунаввара, Тоиф ва Баҳрайндаги Жуваса қишлоғи қолди, холос. Лекин Аллоҳ ушбу Умматни мушриклар ва муртадлар фитнасини йўқ қилишга қодир Абу Бакр Сиддиқ билан сийлади. Араб Ярим оролининг Исломдан чиқиши турли даражада бўлди: айрим араблар закотни тақиқлаш билан муртад бўлган бўлса, айримлари Исломни ташлаб, қайта бутпарастга айланишди. Айрим араблар эса пайғамбарлик даъво қилишга шошилди. Уларнинг энг машҳурлари каззоб Мусайлама Ҳанафий, Асвад Анасий, Тулайҳа ибн Хувайлид ва Сажоҳлар эди. Ушбу муртадлик воқеасининг пайдо бўлишига сабаб, араблар Росулуллоҳнинг ҳақиқатларини ва рисола-пайғамбарлик ҳақиқатини билмасликлари бўлди. Чунки бу арабларнинг кўпчилиги Росулуллоҳнинг тирик пайтларида мусулмонларнинг Араб Ярим оролини ўз назоратларига олганларини кўриб, кўзлари қамашган ҳолда Исломга киришганди. Яъни баъзилари мол-давлат ва ўлжаларга қизиқиб мусулмон бўлган бўлсалар, баъзилари мусулмонларнинг қудратидан қўрқиб, Исломга кирган эди. Айримларининг Исломга киришида ҳеч нарсага қизиқиш ҳам, қўрқиш ҳам бўлган эмасди, фақат хўжайинлари ва етакчиларига тақлидан-эргашиб мусулмон бўлишганди. Кейин, қабилачилик ўша пайтда бир ниқоб бўлиб, бу ниқобдан Исломга қарши уруш қилишга тиш қайраб турган душманлар фойдаланишди, уларнинг ҳаммасида Ислом давлати уни тиккалаган шахснинг ўлиши билан вайрон бўлди, дея ишонишди. Мана шундай қалтис бир вақтда Абу Бакр Сиддиқ Усома ибн Зайд қўшинини румликларга қарши жангга юборишга қаттиқ турди. Чунки бу Росулуллоҳ ﷺнинг вафотларидан олдинги васиятлари эди. Ҳақиқатдан ҳам, Усома қўшини Шом томонга чиқди ва айни минтақадаги румликлар қўшинлари ортларига қочиб қолди. Шунда Усома айни минтақадаги баъзи қабилаларни муртад ҳолда топиб, уларга қарши жанг қилди ва битта қўймай қириб ташлади. Кейин зум ўтмай, шу жангдан ўлжаларни қўлга киритган ҳолда, Абу Бакр Сиддиқ олдига Мадинага қайтди. Ушбу қўшин Араб Ярим ороли шимолига чиқиши билан шу минтақадаги мавжуд араб қабилалари қалбига қўрқув солди, мусулмонлардан ҳайбатлантирди, оқибатда ҳаммалари мусулмонлар Мадинада йирик қудратга эга экан, деган ўйга бориб қолишди.

Абу Бакр Сиддиқ айрим қабилалар таклифини, яъни намоз ўқиш, аммо закот бермаслик таклифини рад этди ва намоз билан закотни бир-биридан ажратган бундай кимсаларга қарши жанг қилди. Шунингдек, муртадларга қарши ҳам жанг қилди. Шундан сўнг Мадинаи Мунавварани тинимсиз қўриқлашга буюрди. Сўнг Исломда қолган қабилаларнинг Исломларини Мадинаи Мунавварада камолига етказиш борасида улар билан мактуб ёзишди. Кейин эса барча муртад қабилаларга қайта Исломга киришларига даъват қилиб, қаттиқ сўзлар билан мактуб юборди ва уларга таҳдиду дўқ-пўписалар қилди. Буни қалбларига қўрқув солиш учун шундай қилди.

Абу Бакр Сиддиқ ўн бир нафар мукаммал қўшин тайёрлади ва уларнинг ҳаммаси билан бир вақтнинг ўзида уруш бошлашни режалади. Шундай бўлса-да, ушбу мусулмонлар қўшинлари унчалик катта эмасди. Аммо ҳаммалари Аллоҳ йўлида жиҳод қилишга рағбат қилиб, тартиб-интизомли қўшин эдилар. Ўн битта қўшиннинг ҳар бирига ўз ҳаракат йўналишини белгилаб берди. Уларни Араб Ярим оролига шундай диққат билан тарқатдики, у ердаги ҳар бир районни муртадлардан бутунлай супуриб ташлади, на бирор минтақа қолди, на қабила. Фақат мусулмонлар мавжуд бўлган минтақа ва қабила қолди, холос. Аллоҳнинг фазлу карами ила, ҳар бир жанг мусулмонлар нусрати билан тугади ва Араб Ярим Оролида битта ҳам муртад қолдирилмади.

Агар Аллоҳ Таоло Умматга ўша пайтда буюк чексиз неъматни, яъни Сиддиқни ато этмаганида, бундай улкан фитнанинг оқибати жуда ёмон бўларди. Чунки шу инсон билан Умматни қўллади, шу инсон билан динни, Қуръонни ҳифзу ҳимоясида асради, мушригу муртадларни ер тишлатди. Ушбу кескин вазиятни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бундай сифатлаган: «Валлоҳу ла илаҳа илла ҳува, агар Абу Бакр халифа бўлмаганда эди, Аллоҳга ибодат қилинмай қолур эди». Биз айни муртадлик мусибати энг катта мусибат ортиданоқ келганини ҳам унутмаймиз, албатта. Бу Росулуллоҳ ﷺнинг вафоти мусибати эди. Шубҳасиз, бу Сиддиқ учун катта мусибат бўлди, чунки ул зотга энг яқин инсон ҳам, фироқидан энг қаттиқ қайғурган ҳам шу киши эди. Лекин Аллоҳ унга сабот неъмати билан ризқлантирди. Зотан, сабот улуғ неъмат бўлиб, у чин мўмин бўлган зотларгагина инъом этилади.

Сиддиқ нинг замонида қўлга киритилган фатҳлар:

Румликлар «Писан»да қақшатқич мағлубиятга учраб, қочиб қолишлари ортидан, мусулмонлар Иордания ва Фаластин минтақасини ўз назоратларига олдилар. Румликлардан жанг қилмаганлари таслим бўлиб, мусулмонларга жизя тўлашга рози бўлишди. Фақат уч шаҳар: Қуддус, Акка ва Ҳайфо шаҳарлари таслим бўлмади. Қуддуснинг жуда баланд деворлари бор эди, мусулмонларнинг киришига катта тўсиқ бўлди… Мусулмонлар ғоят сабот билан уч ой турдилар. Яъни ҳижрий 14 йил зул-қаъдадаги ғалабаларидан бошлаб рабиул-аввалнинг ярмигача сабру сабот билан турдилар.

Айни минтақа қўлга киритилгандан сўнг, мусулмонлар кейинги босқич ҳақида фикрладилар. Олдиларида Дамашқ шаҳридан ўзга тўсиқ йўқ эди. Бу шаҳарда катта қисмдаги румликлар жойлашиб олиб уни ҳимоя қиларди. Шу боис исломий қўшин Дамашқдаги румликларга қарши уруш очиш сари йўлга тушди. Шу ерда бир нарсани таъкидлаб ўтмоқ лозим. Мусулмонлар Ақсо масжиди жойлашган, Росулуллоҳнинг Исро ўрни бўлган Қуддус (ўша пайтдаги Илиё шаҳри)ни фатҳ этмоқ ўрнига, Дамашққа ҳаракат бошладилар. Ваҳоланки, улар биринчи Қуддусни фатҳ этишлари кутилган эди. Бироқ мусулмонлар Ақсо масжиди буюклигини қалбан чуқур ҳис этишларига қарамай, асосий эътиборларини Дамашққа қаратдилар. Бунинг боиси, асосий эътиборлари Аллоҳнинг даъватини ер юзига етказиш бўлди, чунки Қуддусда аҳоли сони оз эди, Дамашқда эса аҳоли анча кўп эди. Шунингдек, ўша пайтда бу шаҳар қалъа-қўрғон билан ўралиб, катта сонли румликлар томонидан мудофаа қилинган эди. Шунинг учун мусулмонлар Қуддусни қўйиб, Дамашқ томон ҳаракат қилишни ва шу орқали ўша ердаги румликлар шавкатини синдиришни, айни минтақада Исломни кенг ёйишни афзал билдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг вафоти:

Унинг касаллиги ўн беш кун давом этди. Яъни, ҳижратнинг ўн учинчи йили жумодус-сонийнинг йигирма иккинчи душанбадан сешанбага ўтар кечасига қадар давом этди. Оиша розияллоҳу анҳа бундай дейди: Абу Бакр мендан – Росулуллоҳ ﷺ қайси куни вафот этгандилар, деб сўради. Душанба куни, дедим. Мен ҳам ўша куни кечаси вафот этишни умид қиламан, мени нимага кафанлайсизлар? деб сўради. Мен – кўйлак ва салла бўлмаган учта суҳулий ямоний мато-кафанга, дедим. У – мана бу кўйлагимга қара, заъфарон ёки қизил ранга бўялган, уни ювиб, шундан менга икки мато-кафан ясагин. Унга – Аллоҳ сизнинг ризқингизни улуғ қилган, янги матога кафанлаймиз, дейишди. У эса – янгига маййитдан кўра маҳалладагилар муҳтожроқ, ўзларига ишлатадилар, маййит эса эскириб-чиришга маҳкумдир, деди. У – мени аёлим Асмо ювсин, Росулуллоҳ ﷺнинг ёнларига дафн қилинглар, дея васият қилди. Абу Бакр Сиддиқнинг бу дунёда энг сўнгги айтган сўзлари Аллоҳ Таолонинг

تَوَفَّنِي مُسْلِمًا وَأَلْحِقْنِي بِالصَّالِحِينَ

«Мени мусулмон ҳолимда жонимни олгин ва мени ҳам солиҳ бандаларинг қаторига қўшгин» [Юсуф 101]

деган каломи бўлди. Унинг вафотидан бутун Мадина ларзага келди, бу шаҳар Росулуллоҳ ﷺнинг вафотидан бери бунчалик кўп йиғлаганларни, бунчалик серйиғи кечани гувоҳи бўлмаганди. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу

إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ

«Албатта биз Аллоҳнинг бандаларимиз ва албатта Ўзига қайтажакмиз» [Бақара 156]

дея йиғлаб югуриб келди. Абу Бакр ётган уй олдида тўхтаб, бундай сўзларни айтди: «Аллоҳ сизни раҳмат қилсин, эй Абу Бакр, сиз Росулуллоҳ ﷺнинг суянадиган тоғи, суҳбатдоши, дардларининг малҳами, ишонган кишиси, сирдош ва маслаҳатдоши эдингиз. Қавмнинг Исломни энг аввал қабул қилгани, энг холис ишончлиси, Аллоҳга энг ишонгани, Аллоҳ Азза ва Жалла динини энг улуғловчиси, Росулуллоҳ ﷺга энг жонкуяри сиз эдингиз. Қавмнинг Исломни энг қўллаб-қувватловчиси, асҳобларнинг энг яхшиси, энг улуғ сифатлиси, ўтганларининг энг афзали ва энг ҳурматлиси сиз эдингиз. Шуларнинг барчаси учун Аллоҳ Сизга Росулуллоҳдан ва Исломдан энг яхши мукофот ила тақдирласин. Росулуллоҳнинг одамлар ёлғончига чиқаришганда, сиз тасдиқ этдингиз, ул зотнинг кўрадиган кўзи, эшитадиган қулоғи бўлдингиз, Аллоҳ Ўз каломида

وَالَّذِي جَاءَ بِالصِّدْقِ وَصَدَّقَ بِهِ أُوْلَئِكَ هُمْ الْمُتَّقُونَ

«Рост Қуръонни келтирган зот (яъни, Муҳаммад алайҳис-салом) ва уни тасдиқ этган (киши) – ана ўшалар тақводор зотлардир» [Зумар 33]

дея мадҳ этди. Одамлар ул зотга бахиллик қилганда кўнглини олган, улар ўтириб олишганда хафаликларига шерик бўлган, оғир кунларда энг яқин суҳбатдош бўлган, Ғордаги икки кишининг иккинчиси бўлиб, кўнглига хотиржамлик солган, ҳижратда ҳамроҳлик қилган, Аллоҳнинг дини ва Умматига халифа бўлган сиз эдингиз. Одамлар муртад бўлишганда яхши халифалик қилиб, ҳеч бир пайғамбар халифаси қилолмаган ишларни қилдингиз, ул зотнинг асҳоблари ҳолсизланганларида жонлантирдингиз, сусткашлик қилганларида олдиларига ўтиб, пешқадамлик қилдингиз, заифлашганларида уларга қувват бўлдингиз, кучсизлашганларида Росулуллоҳ ﷺнинг минҳожларини тутдингиз ва Росулуллоҳ ﷺ айтганларидек инсон бўлдингиз: жисмонан заиф, аммо Аллоҳ Таолонинг амрини бажаришга кучли, соддадил, аммо Аллоҳ Таоло олдида буюк, одамлар кўзида улуғ, одамлардан бирортаси сизда камчиликни кўрмаган ва сиз ҳақингизда ёмонликни гапирмаган. Одамлардан бирортасига нисбатан сизда на туҳмат қилиш бўлсин, на «гап-сўз» қилиш бўлсин, ҳеч кимга кўнгилчанлик қилмадингиз. Хор заиф киши, ўз ҳаққини олиш учун сизнинг олдингизда кучли ҳурматли кишига айланди, сизнинг наздингизда узоқдаги киши ҳам, яқиндаги киши ҳам бир хил эди, одамлар ичида ўзингизга энг яқини, Аллоҳ Азза ва Жаллага энг итоатгўйи ва ундан энг тақволиси эди,… шаънингиз ҳақиқат, ростгўйлик ва мурувват, сўзингиз ҳукм ва қарор, раъйингиз илму азм эди. Сиз туфайли дин янада барқарорлашди, имон кучли бўлди. Аллоҳнинг амри келганда эса, Аллоҳ ҳаққи, ҳаммадан ўзиб, доғда қолдирдингиз, ўзингиздан сўнг (бизга) анча қийин қилдингиз. Эзгуликни очиқ қўлга киритдингиз, зотан, барчамиз Аллоҳнинг бандаларимиз ва албатта Ўзига қайтажакмиз, Аллоҳ Азза ва Жалланинг тақдир-қазосига розимиз, бу ишларига таслиммиз. Аллоҳ ҳаққи, одамлар – Росулуллоҳдан кейин – сиздан ажралиш мусибатидек мусибат кўрмадилар. Сиз динимиз учун куч-қувват, истеҳком ва тоғ эдингиз. Шундай экан, Аллоҳ Азза ва Жалла Сизни Набийингиз Муҳаммад ﷺ билан бирга қилсин, бизни ҳам сиз олган ажрдан маҳрум қилмасин, сиздан сўнг адаштирмасин».

Одамлар Али розияллоҳу анҳунинг сўзларини чурқ этмай тингладилар, сўзи тугагач, йиғлаб юбордилар, ҳамма ёққа йиғи кўтарилди. Улар Али розияллоҳу анҳуга «ҳақ-рост сўзларни айтдингиз», дедилар. Бир ривоятда келишича, Али кафанланган Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига келиб, «Мен учун Аллоҳ саҳифасини очган кишилар ичида ушбу кафанланган кишидек маҳбуб киши йўқ», деган экан.

Шуни таъкидламоқ лозимки, барча ривоятлар ижмосига кўра, Абу Бакр Сиддиқ вафот этганда олтмиш уч ёш, яъни Росулуллоҳ ﷺнинг вафот топган ёшларида эди. Уни – ўзи васият қилганидек – жуфти ҳалоли Асмо бинт Амис ғусл қилди ва Росулуллоҳ ﷺнинг олдиларига дафн этилди. Бошини Росулуллоҳнинг елкалари билан тенг қилиб қўйилди. Жанозасини халифаси Умар ибн Хаттоб ўқиди. Қабрга Умар, Усмон, Талҳа, Ибн Абдураҳмонлар тушдилар. Лаҳади Росулуллоҳ ﷺнинг қабрлари билан ёнма-ён қилинди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button