Ислом оилавий фаровон ҳаётнинг гаровидир

Рамазон рукни
Ижтимоий низом
Ислом оилавий фаровон ҳаётнинг гаровидир
Оила – жамиятнинг энг асосий ва энг муҳим бўғини ҳисобланади. Ҳар қандай жамиятнинг мустаҳкамлиги ва келажаги бевосита мана шу оиланинг ҳолатига боғлиқдир. Агар оила мустаҳкам бўлса, жамият барқарор бўлади. Инсоннинг тарбияси, одоб-ахлоқи ва дунёқараши, аввало, оилада шаклланади. Шу боис, оила жамиятнинг пойдевори саналади.
Бироқ, бугунги капиталистик даврда дунёнинг кўплаб нуқталарида оила институти жиддий инқирозга юз тутмоқда. Кўплаб оилалар эрта дарз кетмоқда, эр-хотин ўртасидаги тушунмовчиликлар кучайиб, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатлар ҳам мураккаблашиб бормоқда. Ажримлар сони орган сари ортиб, оилалардаги иноқлик йўқолмоқда, ҳатто оилада зўравонлик ҳолатлари тез-тез учрамоқда.
Бундай аянчли ҳолатларнинг асосий сабабларидан бири — оилавий ҳаётда аниқ қоидалари йўқлиги ва инсонларнинг ўз масъулиятини тўлиқ англаб етмаслигидир. Қолаверса, бугунги кунда ҳукмрон бўлиб турган капиталистик мафкурада оилани мустаҳкамлашга ундайдиган маънавий қадриятлар мавжуд эмас. Аксинча, капитализмнинг энг олий қадрияти — бу моддий манфаатдир. Шу сабабли, кўп ҳолларда оилаларда моддий манфаат инсонлар ўртасидаги муносабатни белгилаб, оила ана шу манфаатлар қурбонига айланмоқда. Бундан ташқари, капитализмда нафс ва истаклар тизгинсиз қўйиб юборилган. Натижада, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, зино ва бошқа бузғунчиликлар оддий ҳолга айланиб қолган бўлиб, бу омиллар ҳам оилаларнинг парчаланишига олиб келмоқда.
Ислом динига назар соладиган бўлсак, Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:
«أَلَا يَعْلَمُ مَنْ خَلَقَ وَهُوَ اللَّطِيفُ الْخَبِيرُ»
«(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир». (Мулк сураси, 14-оят).
Демак, инсонни яратган Аллоҳ Таоло унга нима зарурлигини ва нима фойдали-ю нима зарарлилигини ҳаммадан яхши билувчи Зотдир. Шу асосда Аллоҳ инсонга аниқ қоида ва ҳукмларни берди. Агар инсон ушбу кўрсатмаларга қатъий амал қилса, бу дунёда бахт-саодатга эришиши, охиратда эса нажот топиши шубҳасиздир.
Ислом аёл ва эркак ўртасидаги муносабатни фақат никоҳ билан чегаралади. Никоҳ орқали инсон наслининг давомийлиги таъминланади. Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:
«وَٱللَّهُ جَعَلَ لَكُم مِّنۡ أَنفُسِكُمۡ أَزۡوَٰجٗا وَجَعَلَ لَكُم مِّنۡ أَزۡوَٰجِكُم بَنِينَ وَحَفَدَةٗ»
«Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун болалар, набиралар пайдо қилди». (Наҳл сураси, 72-оят).
Аллоҳ ҳалол қилган никоҳ қариндошлик ришталарини мустаҳкамлайди, инсоннинг қадр-қимматини ва ички хотиржамлигини сақлайди. У жамиятни ҳаёсизлик ва бузғунчиликлардан ҳимоя қилади. Эркак ва аёл ўртасидаги муносабатлар никоҳ орқали, ҳалол йўл билан қурилса, жамиятнинг одоб-ахлоқи юксалади ва инсонлар ўз масъулиятларини Аллоҳ хоҳлагандек тўлақонли адо эта оладилар.
Ислом оила масаласига жуда катта аҳамият бериб, унинг мустаҳкам бўлиши учун аниқ ва адолатли қоидаларни белгилаб қўйди. Ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ кўрсатилган. Бундан ташқари, оилаларнинг бузилишига сабаб бўлаётган ичкилик, гиёҳвандлик ва зино каби иллатлар Исломда тақиқланган. Бу ва бошқа ҳукмлар оилада адолат ўрнатилишига ҳамда турли низоларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Исломда аёл киши эри учун шунчаки ҳаёт шериги эмас, балки унинг энг яқин дўстидир. Улар ўртасидаги яқинлик фақат бир жойда яшашдан иборат эмас. Бундай муносабатда эр-хотин бир-биридан хотиржамлик ва таскин топадилар. Зеро, Аллоҳ Таоло никоҳни ҳар икки томон учун ором манбаи қилиб яратган:
هُوَ ٱلَّذِي خَلَقَكُم مِّن نَّفۡسٖ وَٰحِدَةٖ وَجَعَلَ مِنۡهَا زَوۡجَهَا لِيَسۡكُنَ إِلَيۡهَاۖ
«У (Аллоҳ) шундай зотки, сизларни бир жондан (Одамдан) яратди ва у ором-осойиш топсин деб унинг ўзидан жуфтини вужудга келтирди». (Аъроф сураси, 189-оят).
Демак, ҳалол никоҳга асосланган оилавий ҳаётнинг асосий мағзи — тинчлик ва хотиржамликдир. Эр-хотин ўртасидаги бу дўстлик тотувлик ва уйғунликка асосланиши учун Шариат аёлнинг эри олдидаги ҳамда эрнинг аёли олдидаги ҳуқуқ ва бурчларини баён қилиб берган.
Расулуллоҳ ﷺ айтадилар:
أَكْمَلُ الْمُؤْمِنينَ إِيمَاناً أَحْسَنُهُمْ خُلُقاً وَخِيَارُكُمْ خِيَارُكمْ لِنِسَائِهِمْ
«Мўминларнинг ичида иймони энг комили — хулқи энг гўзалидир. Сизларнинг яхшиларингиз эса ўз аёлига яхши муносабатда бўладиганларингиздир». (Имом Аҳмад, Термизий ривояти).
Бу ҳадис аёлларга нисбатан гўзал муомалада бўлиш зарурлигини кўрсатиб турибди. Оилавий ҳаётда гоҳида вазиятни мураккаблаштирадиган ёки дилни хира қиладиган ҳолатлар учраб туради. Шу боис, Аллоҳ Таоло оилани бошқариш масъулиятини эркак кишига юклаган. Исломда эркак оила бошлиғи, унинг ҳимоячиси ва таъминотчиси ҳисобланади. У ўз оиласини асраш, боқиш ва тўғри йўлга бошлашга мажбурдир. Қуръони каримда шундай дейилади:
وَعَلَى ٱلۡمَوۡلُودِ لَهُۥ رِزۡقُهُنَّ وَكِسۡوَتُهُنَّ بِٱلۡمَعۡرُوفِۚ
«Уларни (яъни оналарни) яхшилик билан едириб-кийдириш отанинг зиммасидадир». (Бақара сураси, 233-оят).
Пайғамбаримиз ﷺ дедилар:
«إِذَا أَنْفَقَ الرَّجُلُ عَلَى أَهْلِهِ يَحْتَسِبُهَا فَهُوَ لَهُ صَدَقَةٌ»
«Киши ўз оиласи учун Аллоҳдан савоб умид қилиб сарф-харажат қилса, бу унинг учун садақа бўлиб ёзилади». (Бухорий, Муслим ривояти).
Сарф-харажат деганда озиқ-овқат, кийим-кечак, турар жой, даволаниш ва бошқа эҳтиёжлар тушунилади. Шунингдек, эркак кишининг бу масъулиятни адо этиши шунчаки бурч эмас, балки Қиёмат кунида тарози палласини оғир қиладиган улкан савоб экани ҳам таъкидланмоқда.
Эркак киши аёлни ўз никоҳига олгач, аёл унинг номусига айланади. Шу боис, у ушбу номусни ҳимоя қилишга мажбурдир, ҳатто бу йўлда жонини фидо қилишига тўғри келса ҳам. Зеро, Пайғамбаримиз ﷺ шундай марҳамат қилганлар:
«من قُتِلَ دُون مَالِهِ فهو شَهيدٌ، ومن قُتِلَ دُون أهْلِهِ، أو دُونَ دَمِهِ، أو دُون دِيْنِهِ فهو شَهيدٌ»
«Ким ўз молини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлса, у шаҳиддир. Ким ўз оиласини, жонини ёки динини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлса, у ҳам шаҳиддир». (Термизий ва Насоий ривояти).
Бундай масъулият эркак кишини оилага жиддий ёндашишга ва ўз бурчларини тўлақонли адо этишга ундайди.
Ислом дини аёл зотини юксак даражада қадрлайди ва унга алоҳида мақом беради. Аёл — уй бекаси ва ҳимоя қилиниши шарт бўлган номусдир. Шу билан бирга, у фарзандларнинг асосий тарбиячиси ҳисобланади. Аёл эрига яхшилик йўлида итоат этиши ва рўзғор ишларини оқилона бошқариши лозим. Пайғамбаримиз ﷺ шунда дедилар:
«خَيْرُ النِّسَاءِ مَنْ تَسُرُّكَ إِذَا نَظَرْتَ، وَتُطِيعُكَ إِذَا أَمَرْتَ، وَتَحْفَظُكَ فِي نَفْسِهَا وَمَالِكَ إِذَا غِبْتَ»
«Аёлларнинг энг яхшиси — қараганингда кўзингни қувонтирадиган, буюрганингда итоат қиладиган ва сен йўқлигингда ўз иффатини ҳамда молингни муҳофаза қиладиган аёлдир». (Табароний, «Ал-Кабир», 3/276).
Мўмина аёл турмуш ўртоғига итоаткор бўлиши лозим. Агар эри ундан рози бўлса, унга жаннат ваъда қилинган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз ﷺ шундай дедилар:
أيُّمَا امْرَأةٍ مَاتَتْ، وَزَوْجُهَا عَنْهَا رَاضٍ دَخَلَتِ الجَنَّةَ
«Қайси бир аёл эри ундан рози бўлган ҳолда вафот этса, у жаннатга киради».
Ушбу ҳадислар аёл кишини эрини норози қилмасликка ва эрининг шариатга зид бўлмаган буйруқларига итоат этишга чорлайди. Бунинг эвазига эса охиратда улуғ мукофот — жаннат ваъда қилинмоқда. Аллоҳ Таолонинг розилигини истовчи муслима аёл учун бундан ортиқ мукофот бўлиши мумкинми?! Шу билан бирга, Ислом эркак кишининг зиммасига аёлига яхши муносабатда бўлиш, уни ҳимоя қилиш ва таъминотини етказиб беришни мажбурият қилиб юклайди. Бундай тамойиллар оилада ўзаро тотувликни мустаҳкамлайди ва бахтли ҳаёт учун замин яратади.
Бундан ташқари, Ислом жамият ҳаётида амал қилиниши лозим бўлган муайян ҳукмларни жорий қилган бўлиб, улар оила мустаҳкамлигини сақлашга ва ҳар қандай бузуқлик ҳамда ёмонликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Масалан, Ислом эркакка ҳам, аёлга ҳам номаҳрамларга тикилиб қарашдан қайтарган. Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:
قُل لِّلۡمُؤۡمِنِينَ يَغُضُّواْ مِنۡ أَبۡصَٰرِهِمۡ وَيَحۡفَظُواْ فُرُوجَهُمۡۚ ذَٰلِكَ أَزۡكَىٰ لَهُمۡۚ إِنَّ ٱللَّهَ خَبِيرُۢ بِمَا يَصۡنَعُونَ وَقُل لِّلۡمُؤۡمِنَٰتِ يَغۡضُضۡنَ مِنۡ أَبۡصَٰرِهِنَّ وَيَحۡفَظۡنَ فُرُوجَهُنَّ
«(Эй Муҳаммад), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта Аллоҳ улар қилаётган ҳунарлардан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар!» (Нур сураси, 30-31-оятлар).
Аёлларга юз ва икки қўл кафтларидан ташқари, зийнат (ясаниш) учун фойдаланиладиган барча аъзоларини ёпиш буюрилган. Улар кийимларини пастга тушириб, баданларини тўлиқ ёпиб юришлари вожибдир. Аллоҳ Таоло айтади:
وَلَا يُبۡدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا مَا ظَهَرَ مِنۡهَاۖ وَلۡيَضۡرِبۡنَ بِخُمُرِهِنَّ عَلَىٰ جُيُوبِهِنَّۖ
«…кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар!…» (Нур сураси, 31-оят).
Исломда бир кечаю кундуздан ортиқ давом этадиган сафарга аёл кишининг маҳрамсиз йўлга чиқиши тақиқланган. Пайғамбаримиз ﷺ шундай марҳамат қилдилар:
لاَ يَحِلُّ لإِمْرَأَةٍ تُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ، تُسَافِر مَسِيرَةَ يَوْمٍ وَلَيْلَةٍ، إِلاَّ مَعَ ذِي مَحْرَمٍ
«Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёл киши учун бир кечаю кундузлик масофага маҳрамсиз сафар қилиши ҳалол бўлмайди» (Муслим ривояти).
Шунингдек, Исломда эркак ва аёлнинг маҳрамсиз холи қолиши (хилватда бўлиши) ҳам жоиз эмас. Пайғамбаримиз ﷺ:
لاَ يَخْلُوَنَّ رَجُلٌ بِامْرَأَةٍ إِلاَّ وَمَعَهَا ذِى مَحْرَم
«Ҳеч бир эркак (бегона) аёл билан маҳрамисиз асло холи қолмасин», — дедилар (Бухорий ривояти).
Ислом шахсий ҳаётда, масжидда, мактабда ва бошқа жойларда аёл билан эркакни ажратиб, уларнинг муносабатини тартибга солишга қаттиқ эътибор қаратган. Аёлларнинг ҳаёти аёллар даврасида, эркакларники эса эркаклар орасида кечади.
Аёл киши аёллар даврасида ёки ўз маҳрамлари билан яшаши лозим. У ижтимоий ишларда, масалан, олди-сотди каби соҳаларда иштирок этиши мумкин, бироқ бундан сўнг ўз уйига — аёллар даврасига ёки маҳрамлари ҳузурига қайтиши зарурдир.
Ислом эркак ва аёл ўртасидаги ҳамкорлик шахсий муносабатларга эмас, балки умумий манфаатларга йўналтирилишини талаб қилади. Масалан, бегона эркак ва аёлнинг бир-бирини зиёрат қилиши ёки биргаликда кўнгилочар машғулотлар билан шуғулланиши асло жоиз эмас.
Ушбу ҳукмлар орқали Ислом эркак ва аёлнинг жамланишини шаҳвоний туйғулардан узоқ тутади ҳамда уни ижтимоий манфаатларга, яъни оила қуриш, фарзанд тарбияси ва никоҳ каби муҳим ишларга йўналтиради. Шу сабабли, одамларнинг тўпланиши маълум бир мақсадга чекланиб, шахсий ёки шаҳвоний муносабатларга олиб келмайди.
Бугунги кунда оила инқирози жамият келажагига таҳдид солаётган бир пайтда, Ислом ягона ва ҳақиқий ечимни таклиф этади. У оилани мустаҳкам, фаровон қилади ва бир мақсад сари йўналтиради. Мусулмон оилаларида ажримларнинг камлиги, фарзандларнинг кўплиги ва муносабатларнинг тартибли экани шунчаки назария эмас, балки реал фактдир. Шу боис, Исломнинг оилавий тамойилларига амал қилиш жамият тараққиёти ва келажак авлод муваффақиятининг асоси ҳисобланади.
Ҳорун Абдулҳақ




