Иссиқкўлда Су-25 қирувчи самолётидан снаряд ерга тушгани хабар қилинди

Иссиқкўлда Су-25 қирувчи самолётидан снаряд ерга тушгани хабар қилинди
Қирғизистонда бўлиб ўтаётган ҳарбий ўқув-машғулотлари вақтида Россияга тегишли Су-25 ҳарбий самолётидан снаряд тушиб кетди. Мазкур маълумотни Қирғизистон Мудофаа вазирлиги расман тасдиқлади.
Олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 31 март куни соат тахминан 17:25 ларда Қант шаҳрида жойлашган Россия авиабазасига қарашли Су-25 самолёти ҳарбий машғулот чоғида ўқув-машғулот учун қўлланиладиган снарядни ерга тушириб юборган. Снаряд очиқ далага тушганлиги сабабли ундан ҳеч ким жабр кўрмаган. Айни дамда Ҳарбий прокуратура ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ:
Ушбу воқеа Иссиқкўл ҳудудида чет эл ҳарбий машғулотларини ўтказиш қанчалик хавфли эканини яна бир бор яққол намоён этди. Бундан ҳам муҳими, Яқин Шарқдаги қуролли тўқнашувлар ўз ҳудудига бегона давлатнинг ҳарбий базасини жойлаштириш нақадар хатарли эканини ва унинг оқибатлари аянчли бўлишини кўрсатмоқда. Форс кўрфазидаги урушлар натижасида, Америка базаларига мезбонлик қилган мамлакатлар оғир иқтисодий йўқотишларга учрамоқда. Бундан ташқари, ҳарбий базасини жойлаштирган томон ўша давлат хавфсизлигини ҳеч қачон тўлақонли кафолатламаслиги ҳам ўз исботини топди.
Шундай экан, Қирғизистон ҳукумати «Қант» авиабазаси, Қоракўл шаҳридаги синов базаси, Чалдибар қишлоғидаги алоқа тармоғи ҳамда Майлуу-Сув шаҳридаги автоном сейсмология пунктини ўз ичига олган Россиянинг бирлашган ҳарбий базаси бўйича келишувларни қайта кўриб чиқиши лозим. Бу, биринчи навбатда, маҳаллий аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш учун муҳимдир. Иккинчидан, бундай қадам мамлакатни ташқи ҳужумлар нишонига айланиб қолиш хавфидан халос этади. Давлат ўзганинг кўмагига кўз тикишдан кўра, ўз ҳарбий саноатини ривожлантириш ва фақат ўз куч-қудратига таяниш йўлидан бориши лозим.
Нурдин Асаналиев




