Йиллик якуний хулоса чиқариш шариатга зидми?

Йиллик якуний хулоса чиқариш шариатга зидми?
Мусулмонлар ва Исломга даъват қилувчилар орасида: ҳижрий тақвим бўйича ва хусусан Григориан тақвим бўйича йиллик сиёсий хулоса чиқариш шариатга тўғри келадими? – деган савол кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Асосан, бу масалани кўпчилик ибодат амаллари ва мусулмонларнинг Исломий тақвимига боғламоқда. Бироқ, бундай ёндашув фиқҳий мавзуларнинг ва Ислом қонунчилигидаги турли жиҳатларнинг аралаш-қуралаш бўлиб кетишига сабаб бўлади.
Бу ерда, ибодат масалаларини фиқҳдаги муомалот (ўзаро муносабатлар) билан ва ундан фарқли бўлган сиёсат тоифасига кирувчи ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар билан қориштириб юбориш хато ҳисобланади. Ибодат масалалари «Тавқиф» тамойилига тегишлидир. Бошқача айтганда, ибодатдаги вақт, услуб ва уларнинг кайфияти ақлга эмас, балки Қуръон ва Суннатга асосланади. Аниқроғи, ибодат масалалари Қуръон ва Суннатда келган аниқ далиллар билан белгиланади. Бошқарув, сиёсат ва оммавий тадбирларга боғлиқ масалалар эса, агар Қуръон ва Суннатда аниқ тақиқ келган бўлмаса, улар жоиз ҳисобланади. Энди сиёсий йиллик тақвимга эътибор қаратадиган бўлсак, бу ҳукумат фаолиятини, унинг самарадорлигини ва оқибатларини баҳолаш билан боғлиқ таҳлилий ва маъмурий тақвим ҳисобланади. Унинг ибодатга ҳеч қандай алоқаси йўқ ва унга ибодат талаблари қўлланилмайди.
Сиёсий таҳлилда григориан тақвимидан фойдаланиш диндан четга чиқиш ҳисобланмайди. Шариат аслида рўза, ҳаж, закот ва идда каби ибодатларда йил-ой-кунларни белгилаб берган. Бироқ, бу чеклов дунёвий ишларга тааллуқли эмас. Кун саноғи бу ерда мафкура, ёки диний рамз сифатида эмас, балки техник ускуна сифатида қўлланилмоқда. Аниқроқ айнганда, сиёсий ва иқтисодий жараёнлар айнан шу орқали ўлчанади ва белгиланади.
Бугунги сиёсат объектив равишда мелодий тақвим доирасида шаклланган бюджет цикллари, молиявий ҳисоботлар, сайлов вақтлари ва ҳукумат шартномаларига боғлиқдир. Бундай масалаларда натижалар ҳижрий тақвим билан тақдим этилса, сиёсий жараёнлар реал динамикасидан узилиб қолади ҳамда бу бюджетни тасдиқлаш ёки сиёсий масалаларни ҳал қилиш каби қарорлар қабул қилишнинг асосий босқичларини акс эттиролмай қолади. Бироқ бу масала шариатдаги «жамият манфаати» ва «шаръий сиёсат» тушунчаларига мос келади. Агар шариатга зид эмаслиги аниқ бўлса, ушбу тушунчалар орқали бошқарувда энг самарали механизмни қўллашга рухсат берилади.
Шунинг учун мусулмонларнинг «ўз тақвими бор» деган гап ибодат масалаларида ўринлидир. Сиёсий соҳада эса, бу гап ноўриндир. Шунингдек, сиёсий таҳлилда мелодий тақвимдан фойдаланишни динга киритилган янгилик (бидъат) сифатида баҳолаш ҳам нотўғридир, чунки бу масаланинг ибодатга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Исломий сиёсий фикр юритиш воқеаларга кўр-кўрона муносабат билдиришни ёқламайди. Аксинча, у онгли таҳлилни, индивидуал фактларни умумий вазият билан боғлаш орқали ўз вақтида сиёсий позицияни белгилай олишни талаб қилади. Агар сиёсатчи мунтазам равишда хулоса чиқармаса, у самарасиз қарорлар қурбонига айланади, стратегик қарашларини йўқотади ва аста-секин одамларга ва турли жараёнларга нисбатан таъсирини йўқотади.
Демак, сиёсий хулосалар чиқариш шунчаки таҳлилий жараён эмас, балки бу интеллектуал ва сиёсий масъулиятнинг бир шаклидир. Бу орқали сиёсатчи ўзининг сиёсий мавқеининг етуклигига эришади, жамиятдаги ишончини мустаҳкамлайди ва нафақат кузатувчи, балки келажакни шакллантириш йўлида асосий ҳаракатлантирувчи кучга айланиш имкониятига эга бўлади.
Бурана




