Кобулга уюштирилган Покистон ҳужуми оқибатида 400га яқин киши жабрланди

Кобулга уюштирилган Покистон ҳужуми оқибатида 400га яқин киши жабрланди
Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилининг маълум қилишича, Кобул шаҳридаги гиёҳвандликка мубтало бўлган шахсларни даволаш марказига берилган ҳаво зарбаси оқибатида жабрланганлар сони тахминан 400 нафарга етди. Унинг сўзларига кўра, 200 нафардан зиёд киши ҳалок бўлган, 170 нафардан ортиғи эса жароҳат олган. Қутқарувчилар воқеа жойида иш олиб бораётгани ва вайрон бўлган бино ичидан жасадларни чиқаришда давом этаётгани сабабли, бу маълумотларга яна аниқлик киритилмоқда.
Афғонистон матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид Покистоннинг бу ҳаракатини кескин қоралаб, шундай деди: «Покистон ҳарбийлари Афғонистон суверенитетини қўпол равишда бузиб, Кобулдаги гиёҳвандларни даволаш шифохонасини ҳужумга тутди. Натижада айбсиз беморлар ҳалок бўлди ва жароҳатланди. Биз бу жиноятни кескин қоралаймиз. Бу каби тажовузкорлик нафақат давлатлараро келишувларга, балки барча инсоний тамойилларга ҳам зиддир».
Забиуллоҳ Мужоҳид Покистонни «Исроил»га қиёслаб, шундай деди: «Покистон режими тўлиқ «Исроил»нинг изидан бормоқда. «Исроил» Ғазода тинч аҳоли турар-жойлари ва шифохоналарни нишонга олгани каби, Покистон ҳам бу ерда оддий фуқароларни нишонга олмоқда».
Изоҳ: АҚШ Афғонистондан шармандаларча чиқиб кетганидан сўнг, мамлакатдаги ўз таъсирини сақлаб қолишга уринмоқда. АҚШнинг мақсади — янги афғон ҳукуматини ўз талабларига мос сиёсат юритишга мажбурлашдир. Ушбу мақсадни амалга ошириш йўлида АҚШга бош эгган Покистон раҳбарияти Афғонистонга қарши хиёнаткорона ҳаракатларни амалга оширмоқда. АҚШнинг минтақадаги стратегик ҳамкори бўлмиш Покистоннинг бу ҳужумлари Афғонистонга босим ўтказиш мақсадида амалга оширилмоқда.




