Коррупцияга қарши шиорлар айримларга босим ўтказиш воситасига айланмоқда

Коррупцияга қарши шиорлар айримларга босим ўтказиш воситасига айланмоқда
Қирғизистонда «коррупцияга қарши курашни кучайтириш» қайта таклиф қилинмоқда. Жогорку Кенешга «Манфаатлар тўқнашуви» қонунига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тақдим этилди. Ушбу ташаббус ҳукуматнинг шаффофлигига ва мансабдор шахслар устидан қатъий назорат ўрнатиш ҳамда шахсий манфаатларнинг давлат қарорларига таъсирини бартараф этишга қаратилган қадам сифатида тақдим этилмоқда. Бироқ, чиройли шиорлар ва тушунарсиз сўзлар ортида жамоатчилик учун ноаниқ бўйича қолаётган ва энг муҳими, суиистеъмолликка қарши ҳақиқий кафолат бермайдиган ҳужжат яширинган. Ушбу қонун, аксарият ҳолларда, айрим шахслар учун қўлланиладиган яна бир воситага айланади.
Бир қарашда, ҳамма нарса ўз йўлида кетаётгандек кўринади. Қонунга алоқадор шахслар ҳақида тушунча кенгайтирилиб, декларациялар устидан назорат кучайтирилмоқда, манфаатларни яшириш учун жавобгарлик жорий этилмоқда ва ноқонуний равишда олинган даромадлар давлатга етказилган зарар сифатида ҳисобланиши таклиф қилинмоқда. Расмий равишда, бу халқаро ташкилотларнинг тавсияларидан ва донорлар олдидаги мажбуриятлардан яхши маълум бўлган коррупцияга қарши кураш кун тартибининг тўлиқ тўплами бўлиб қолмоқда.
Аммо бу ерда “Қирғизистонда коррупцияга қарши қонунлар етарли эмасми?”, деган савол туғилади. Ҳозирги вақтда норматив-ҳуқуқий база етарлича кенг бўлиб, суиистеъмол учун жавобгарлик белгиланган, декларациялар ҳам биринчи марта қўлланилаётгани йўқ. Муаммо коррупцияга қарши қонунларнинг йўқлигида эмас, балки ушбу қонунлар қандай ва кимга қўлланилишидадир.
Мазкур қонун лойиҳаси жамиятдаги энг муҳим саволга, яъни давлатнинг биринчи одамларини ким ва қандай назорат қилади деган саволга принципиал равишда жавоб бермайди. Сўнгги йилларда айнан ҳокимиятнинг энг юқори даражадаги давлат лойиҳаларида қариндошларнинг иштирок этиши, мулкни қайта тақсимлаш ва иқтисодий активларни тўплаш билан боғлиқ энг шов-шувли жанжаллар юзага чиқмоқда. Янги қонунда мустақил назорат органи, автоматик текшириш механизмлари ёки алоқадор шахсларни давлат реэстрларига киритиш чоралари кўзда тутилмаган. Матнга кўра, ваколатли органларни Вазирлар Маҳкамасининг ўзи тайинлайди. Аниқроқ айтганда, назорат объекти бўлиши керак бўлган ижроий ҳукумат ўзини ўзи назорат қилади.
Натижада, ҳукумат ўзини ўзи бошқарадиган боши берк тизим пайдо бўлмоқда. Бундай шароитда декларациялар расмиятчиликка айланади, текширишлар эса, ҳуқуқий процедура эмас, балки сиёсий қарорга айланади. Қонунда аниқ кўрсатилмаган бўлса-да, амалда «биринчи шахслар»га нисбатан дахлсизлик сақланиб қолаверади.
Айни пайтда, қонун ҳокимият вертикали бўйича қуйи лавозимдагиларга босимни сезиларли даражада кучайтирмоқда. «Билвосита таъсир», молиявий қарамлик ва кенг оилавий алоқаларни ўз ичига олган аффилир (биргалик) тушунчасининг хиралашиши уларни ўзбошимчалик билан талқин қилиш учун қулай шароит яратмоқда. Декларацияларни текшириш кадрлар хизматига юклатилган бўлиб, тегишли чоралар кўрилмаганлиги учун жавобгарлик раҳбарларнинг зиммасига тушади. Бу сиёсий элита учун эмас, балки, аксинча, фақат ўрта ва қуйи даражадаги амалдорлар учун хавфли вазиятни вужудга келтиради.
Қонуннинг бизнесга таъсири алоҳида хавотир уйғотмоқда. Кўплаган компаниялар, ҳар қандай ҳолатда ҳам, лицензиялар, рухсатномалар, давлат буюртмалари ёки инфратузилма лойиҳалари орқали давлат билан ишлайди. Шунинг учун, аниқ процедурали фильтрларсиз «манфаатлар тўқнашуви» тушунчасининг кенгайиши босим ўтказиш имкониятларини оширади. Қонундан текширишлар, қарорларни чеклаш, шартномаларни қайта кўриб чиқиш ва активларни қайта тақсимлаш учун ҳуқуқий баҳона сифатида осонгина фойдаланиш мумкин. Айниқса, «итоатсиз» бизнеслар – яъни иқтисодий жиҳатдан жозибадор, аммо бўйсуниш тизимига бўйсунмайдиган бизнеслар – жуда хавфли вазиятга тушиб қолади.
Шундай қилиб, коррупцияни амалда камайтириш ўрнига, қонунни фақат айрим шахсларга қўлланиши тизимли равишда, давлат даражасида ўрнатилган тартибга айланади. Коррупцияга қарши шиорлар билан ўралган ушбу қонун «итоатсиз» мансабдорларни тартибга солиш, рақибларни йўқ қилиш ва фойдали активларни қайта тақсимлаш воситаси сифатида хизмат қилиши мумкин. Шу билан бирга, жамоатчилик ва халқаро донорлар назарида ушбу ислоҳот «ҳаммаси жойида, мажбуриятлар бажарилмоқда» деган ёлғон тасаввур пайдо қилади.
Қонун лойиҳасининг асосий муаммоси унинг қаттиққўллигида эмас, балки суиистеъмолдан ҳимоя қиладиган механизмларнинг йўқлигидадир. Ушбу қонунда мустақил назорат, шаффофлик ва назорат билан ҳуқуқий кафолатлар ўртасида мувозанат йўқ. Бундай тузумда қонун коррупцияга қарши кураш воситаси сифатида ишлаш ўрнига оддий сиёсий ва маъмурий босим воситасига айланади.
Ҳақиқий коррупцияга қарши ислоҳот изоҳларни кенгайтириш ёки жавобгарликни кучайтириш билан эмас, балки қонун олдида тенглик ва назоратнинг мустақиллигидан бошланади. Бу нарсалар йўқ бўлса, унда ҳар қандай янги қоидалар тизимни тозалаш воситаси сифатида эмас, балки уни бошқаришнинг янги усули сифатида қўлланилади.
Ислом бошқаларга талаб қўйиб, бироқ ўзини унутиб қўядиган бундай муносабатни очиқ қоралайди:
اَتَأْمُرُونَ النَّاسَ بِالْبِرِّ وَتَنْسَوْنَ اَنْفُسَكُمْ وَاَنْتُمْ تَتْلُونَ الْكِتَابَۜ اَفَلَا تَعْقِلُونَ
“Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?”. (2:44).
Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қонун барчага баробарлиги ҳақида бундай дедилар:
إنما هلك الذين قبلكم: أنهم كانوا إذا سرق فيهم الشريف تركوه، وإذا سرق فيهم الضعيف أقاموا عليه الحد، وايم الله، لو سرقت فاطمة بنت محمد، لقطعتُ يدها) .رواه البخاري ومسلم.(
“Сизлардан аввалгилар ораларидан бирон обрў-эътиборли шахс ўғрилик қилса, индамай, заиф киши ўғрилик қилса, жазога тортганликлари боис ҳалок бўлишди. Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғирлик қилса ҳам, мен унинг қўлини албатта кесган бўлардим» (Бухорий, Муслим).
Шунинг учун жамият адолатли қонунларнинг йўқлиги туфайли эмас, балки уларнинг барчага бирдек ижро қилинмаганлиги туфайли пароканда бўлади. Бундай шароитларда қонуннинг қаттиққўллиги фақат айримлар учун йўналтириб, бошқалар учун эса таъсирсиз ҳолга айланади. Бу икки юзламачиликнинг ўзгинасидир. Бу ҳолда, турли тақиқлар ва мажбуриятлар инсоннинг мавқеига, ҳукуматга яқинлигига ёки таъсирига қараб ишлайдиган бўлиб қолади.
Ҳужжат Жамия




