Кремл ва унга тобе муфтийларнинг Исломга қарши тавсиялари

Кремл ва унга тобе муфтийларнинг Исломга қарши тавсиялари
Россиянинг Астрахан шаҳрида бўлиб ўтган халқаро Ислом конференциясида Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон муфтийлари мусулмонларга бир қатор «тавсиялар» беришди. Улар муслималарни жамоат жойларда, давлат муассасаларида ва мактабларда ниқоб тақмасликка чақиришди. Муфтийлар бу таклифларни «хавфсизликни таъминлаш» ва «шахсни аниқлашни осонлаштириш» аргументлари билан оқлашга уринар экан, далил сифатида ниқоб «маҳаллий халқларнинг тарихий анъанаси эмаслигини» алоҳида таъкидлашди. Бундан ташқари, муфтийлар мусулмонларни жамоат жойларда, йўлларда, хизматлар пайтида ва ҳоказолар каби «номақбул жойларда» намоз ўқимасликка чақиришди.
Изоҳ:
Кремл Ислом устидан кенг қамровли назоратини тизимли равишда кучайтириб бормоқда. Унга кўра, дин фақат давлат томонидан белгиланган чегаралар доирасида «мавжуд бўлиши мумкин». Исломий жамоаларнинг ҳар қандай мустақил ҳаракати хавфли ҳолат сифатида қабул қилинади. Шунинг учун, бу қарорларнинг асосини таҳлил қилишга ҳожат йўқ. Чунки «хавфсизликни таъминлаш», «шахсни аниқлаш» ва «анъаналарга зид келиш» каби баҳоналардан ҳар йили ҳақиқий сабабни яшириш учун парда сифатида фойдаланиб келинмоқда.
Бу ҳолатдан бизга бир муҳим нарса аён бўлади: Бу ерда гап тартиб ўрнатиш ёки хавфсизлик чораларини тартибга солиш йўл-йўриғи ҳақида кетмаяпти. Гап минтақада тез ривожланаётган Ислом динига нисбатан тизимли душманлик ҳақида кетмоқда. Кремлни ва унга тобе давлат мулозимларини ташвишга солаётган нарса айнан мана шу Исломнинг ҳаётга қайтишидир. Чунки улар мафкуравий ва жамоий ҳаётда ўз ҳукмронлигини доим сақлаб қолишни хоҳлашади.
Хусусан, ушбу чора-тадбирлар пайтида муфтийларнинг давлат босимини қонунийлаштиришга уринаётгани алоҳида эътиборга моликдир. Бундай баёнотлар диний позицияни ушлаш ёки диндор фуқароларнинг ғамини ейиш эмас. Бу ҳолат диний муассасаларнинг давлатга сиёсий садоқатидан ва уларнинг жамият манфаатларига зид бўлса ҳам, ҳукуматга бўйсунишга тайёрлигидан далолат беради.
Шунинг учун, бу муфтийларнинг Исломга зид фатволари учун мўминлар ва Яратгувчи олдида уларга юкланадиган жавобгарлик жуда оғирдир. Чунки айнан шу диний раҳбарлар маъмурий таъқиқларни қўллаб-қувватлаш ўрнига, динни ҳимоя қилишлари, сақлашлари ва ёйишга интилишлари керак эди. Муфтийлар диндорлар устидан назоратни кучайтириш учун давлатга хизмат қилар экан, улар нафақат ўзларининг ахлоқий қадр-қимматини, балки халқнинг ишончини ҳам йўқотадилар. Бугунги кунда давлат томонидан таъйинланган диний вакиллар билан мусулмонлар манфаатлари ўртасидаги тафовут кун сайин кенгайиб бормоқда.
Абду Шукур




