Мактаб ўқувчисининг ўлдирилиши – ҳаддан ташқари миллатчи сиёсатнинг оқибатидир

Мактаб ўқувчисининг ўлдирилиши – ҳаддан ташқари миллатчи сиёсатнинг оқибатидир
Россия мактабида тожик миллатига мансуб боланинг шафқатсизларча ўлдирилиши яна бир бор «фожиали бахтсиз ҳодиса», «руҳий касаллик» ёки «интернетнинг ёмон таъсири» сифатида талқин қилинмоқда. Бундай баёнотлар аллақачон Кремлнинг шовинистик (миллатчи) сиёсати учун муаммонинг асл сабабларидан қочишга имкон берадиган универсал баҳонага айланиб улгурган. Бироқ, бу ҳодисанинг Керч, Қозон, Ижевск ва Москва вилоятида такрорланиши бундай ҳодисалар тасодиф эмас, балки тизимли жараён эканлигини кўрсатади. Мактаб бу ерда асосий сабаб эмас, балки фалокатнинг бошланғич нуқтасидир.
Мактабдаги воқеа аслида мактабдан ташқарида ривожланган мафкуравий ва ижтимоий кескинликларни ва унинг оқибатларини аниқ намоён қилувчи майдонга айланди. Зўравонлик мактабга кириб келар экан, ижтимоий қадриятлар энди ишламай қолганини ва тажовуз ва зулмлар одатий ҳолга айланганини тушиниш мумкин. Бу воқеанинг ўзига хос хусусияти шундаки, миллат масаласи ҳаёт ва ўлимни ажратувчи омил бўлиб қолган. Бу шунчаки ички ҳис-туйғуларнинг қўзғалиши, сабабсиз қадам ташлаш ёки безорилик эмас. Бу жамиятга атайлаб сингдирилган муайян тушунчаларнинг натижасидир. Оқибатда, фақат заифлар азоб чекмоқда.
Меҳнат муҳожирларига қарши сиёсат радикаллашувнинг узоқ муддатли омилидир
Сўнгги йилларда Россияда барқарор бир ҳолат ривожланиб бораётгани кузатилмоқда: иқтисодий жиҳатдан меҳнат муҳожирларига эҳтиёж бор, аммо айни пайтда улар хавф манбаи сифатида қабул қилинади. Бу қарама-қаршилик ҳал қилининиш ўрнига, ундан фойдаланиб қолиш кўзланмоқда. Жамоат ҳаётида меҳнат муҳожирлари жиноятчиликнинг ўсишига сабабчи, рус миллатининг ўзига хослигини заифлаштирувчи омил ва ижтимоий норозиликни келтириб чиқарувчи қулай объект сифатида тасвирланиб келинади. Шу билан бирга, Россия ҳукумати тинчликка, кўп миллатли мактабларнинг ишлашига ва миллатчиликнинг олдини олишга қаратилган чораларни эътиборсиз қолдириб келмоқда.
Ҳатто, меҳнат муҳожирларига қарши риторика фақат чекка платформаларда эмас, балки ток-шоулардан тортиб минтақавий амалдорларнинг баёнотларигача – расмий ва ярим расмий каналларда ҳам янграмоқда. Бундай баёнотлар шунчаки сўздан иборат эмаслиги аниқ. Бу риторика нима тўғри-ю, нима нотўғри эканлиги ҳақида тушунчани вужудга келтиради. Агар меҳнат муҳожирлари доимий равишда муаммо, таҳдид, хавфсизлиги сақланмаган ёки вақтинчалик нарса сифатида тасвирланаверса, бу муқаррар равишда қуйи қатламларга – мактаб коридорларига, суҳбат майдонларига ва ўсмирлар доираларига етиб боради. Шу маънода, муҳожир боланинг ўлдирилиши сиёсий йўналишнинг тасодифий ҳодисаси эмас, балки унинг энг экстремал (радикал) оқибатидир, дейиш мумкин.
Миллатчи доира
Россия ҳукумати кўпинча экстремизмга қарши кураш ҳақида гапиради, аммо амалда бу кураш фақат баъзи ҳолатларда амалга оширилади. Фақат ҳукуматга тўғридан-тўғри таҳдид соладиган миллатчи ҳаракатлар тақиқланади, бироқ жамиятни этник асосда бўлиш ғоясини таг-томири билан йўқ қилишга ҳаракат қилинмайди.
Россиядаги миллатчи доира 2010 йиллардан кейин ҳам йўқ қилинмади, унга мафкуравий жиҳатдан доимий равишда қаршилик кўрсатилмайди, балки тўлиқ назорат қилинмайдиган онлайн майдонга суриб чиқарилган холос.
Натижада радикал ғоялар «қисман рухсат этилган» режимда юз бераётган вазият вужудга келди. Улар расман ҳуқуқлардан маҳрум қилинган бўлса-да, қабул қилиб бўлмайдиган деб ҳисобланмайди. Давлат ўз риторикасининг оқибатларини тузатиш ўрнига айбни мактаблар, ота-оналар ва психиатрияга юклаб қўйди. Бироқ, бу мафкура сукут билан йўқолиб кетмайди; аксинча, у радикаллашади. Бу, айниқса ўсмирлар учун хавфлидир, чунки улар оддий тушунчалар ва ўзларининг қайси бир гуруҳга тегишлилиги устида изланади.
Сиёсий зарурат: нима учун Кремлнинг сиёсий йўналиши ўзгармайди
Шуни таъкидлаш керакки, фожиали ҳодисаларга қарамай, меҳнат муҳожирларига қаршиликлар ва миллатчи ҳаракатлар муаммосини назорат остига олиниши даргумон. Гап бу ишнинг самарадорлигида эмас, балки альтернативаларнинг йўқлигида. Бугунги кунда Россия сиёсий тизими келажакнинг ижобий қиёфасини, «бўлиниш»га асосланмаган фуқаролик ўзликни ва мафкурага боғлиқ бўлмаган автоном институтларни тақдим эта олмайди.
Бундай ҳолатда миллатчилик универсал қурол бўйича қолмоқда. Чунки таҳдидларни бўрттириб кўрсатиш, муқобил йўлларни тўсиш ва муваффақиятсизликларни изоҳлашда ундан фойдаланиш мумкин. Ундан воз кечишга қаратилган ҳар қандай уриниш тизимли хатоларни тан олишни талаб қилади, бу эса ҳукумат учун имконсиздир.
Шунингдек, меҳнат муҳожирларининг ўз ватанларига оммавий қайтиб кетиши ҳам имконсиз. Бунинг сабаби ватандаги ишсизлик ва Путиннинг Марказий Осиёдаги золим режимлар учун барча шароитларни яратиб беришидир. Давлат раҳбарлари қаерда бўлишидан қатъи назар, ўз фуқароларини ҳимоя қилиш билан эмас, балки ўз манфаатлари ва ҳокимиятини сақлаб қолиш билан овора.
Бу биринчи фожиали ҳодиса эмас, балки навбатдаги огоҳлантиришдир
Бу ҳолат воқеанинг сўнги эмас, балки бошланишидир. Мактабларгача кириб келган зўравонлик, Кремл мафкураси шунчаки оддий сўз эмас, балки ҳақиқий амалиётга айланганини англатади. Агар бугунги кунда мигрант мусулмон ёки ёш бола ўлдирилаётган бўлса, бу эртами-кечми бошқа бировларнинг ҳам ўлдирилишини англатади. Ўзининг қонунийлигини душманчилик устига қурган миллатчи давлат бу душманчиликнинг ички томонга қайтишига ҳамда мактаблар, оилалар ва келажакнинг вайрон бўлишига дуч келмоқда.
Бу воқеа – ҳозиргача кўз ўнгида нима бўлаётганини кўришдан бош тортганлар учун фақат биринчи аломатдир. Бироқ, альтернативага ва ўзлигига душман бўлган ҳар қандай тизим эртами-кечми ўз халқини ея бошлайди ва навбат заифлардан бошланади.
Латифул Расих




