Маъмурият яҳудийлар изидан қадамма-қадам эргашиб, Фаластиндаги гўдаклар қонини тўкишни мубоҳ санамоқда!

Матбуот баёноти
Маъмурият яҳудийлар изидан қадамма-қадам эргашиб, Фаластиндаги гўдаклар қонини тўкишни мубоҳ санамоқда!
Кеча, 2026 йил 15 феврал, якшанба куни Фаластин маъмуриятининг хавфсизлик кучлари Аллоҳга ва Фаластин аҳлига қарши ҳаддан ошишнинг навбатдаги босқичига ўтди. Илгари мужоҳидлар ҳамда яҳудий вужуди томонидан қидирувга берилган шахслар ва ўзининг хиёнатига қарши чиққанларнинг қонини тўкишни «жоиз» деб билган бу режим, бугун оддий фуқаролар ва гўдакларни нишонга олишдек тубанликкача етиб борди. Хусусан, улар Сомир Самморанинг автомобилига – ичида рафиқаси ва фарзандлари бўла туриб – ўқ узиб, оғир жиноят содир этди. Натижада унинг 16 ёшли ўғли Али ва 3 ёшли қизи Ронза шаҳид бўлди. Йиртқич ҳайвон ҳам қўл урмайдиган бу қабиҳликни маъмурият ва унинг хавфсизлик хизмати ҳеч қандай хижолатсиз амалга оширди ва шу билан Фаластинда аёллар ҳамда болаларни қасддан ўлдираётган яҳудийларнинг жиноятига очиқча тақлид қилди.
Фаластин маъмурияти ҳатто «А» ҳудудларида ҳам ваколатларини тортиб олган босқинчи олдида хорланиш ва бўйсунишда давом этмоқда. Яҳудийлар унинг кўз ўнгида ҳар бир қарич ерни мусодара қилиб, уй-жойларни вайрон этаётган, Фаластин аҳлини мажбуран кўчириб юбораётган бир пайтда маъмурият бу манзарани томоша қилиш билан чекланмаяпти, аксинча, босқинчининг жиноятларига амалий жиҳатдан шерик бўлиб, одамларнинг ризқини қийиб, сиқувга олмоқда. Маъмурият ўзининг «шаръий» қозиларини ҳам ишга солган ҳолда «эпштейнча» қонунларни жорий этиб, Фаластин аҳлига қарши жиноятларнинг янги ва чегарасиз босқичини бошлади. Бу босқичда болалар ва аёллар қони дахлсиз саналадиган ҳеч қандай меъёр ҳам қолмади. Буларнинг барчаси маъмуриятнинг асл башарасини, ундаги кимсалар табиати нақадар разил эканини яна бир бор фош қилди: улар тасаввурга сиғмайдиган жиноятларга ҳам, Фаластин аҳлининг, жумладан, гўдаклари ва аёлларининг қонини тўкишда яҳудийларнинг қўли бўлишга ҳам тайёр.
Бунга қадар маъмурият муборак заминдан воз кечишни ва уни душман ихтиёрига топширишни ўзи учун «жоиз» қилиб олди; Фаластин аҳлига қарши яҳудийларга турли йўллар билан ёрдам кўрсатди; аёл ва оила масалаларига оид қонунлари орқали дин муқаддасотларига тажовуз қилди; таълим дастурларидан Исломга дахлдор ҳар қандай мазмунни сиқиб чиқарди; оддий одамлар у ёқда турсин, ҳатто бойлар ҳам кўтара олмайдиган оғир солиқларни жорий этди. Ана шу жиноятларнинг барчаси натижасида маъмурият ва унинг жиноятчи тўдаси Фаластин аҳлини босқинчи вужуд қандай ёмон кўрса ва мўминларга қанчалик душманлик қилса, худди ўшандай ёмон кўрадиган душманларга айланишди. Бу – мўминларга нисбатан очиқ-ойдин, муросасиз душманликдир!
Гўё яҳудий вужудининг Фаластин аҳлига қарши содир этган жиноятлари камлик қилганидек, энди бу жиноятлар маъмуриятнинг ёлланма ижрочилари ва унинг «катталари» қўли билан охирига етказилмоқда. Улар ўз қўллари билан Фаластин аҳлининг бўйнини янада қаттиқроқ сиқмоқда; натижада бечора халқ олдида ё қирилиб тугаш, ёки бу заминни тарк этишдан ўзга чора қолмаяпти.
Биз илгари ҳам шундай деб таъкидлаб келган эдик: «Фаластин маъмурияти ер юзида фасод тарқатувчиларнинг жиноятларига шерикдир. Зеро, улар Фаластин аҳлининг дахлсизликлари, қонлари ва мол-мулкини мубоҳ санаб, ҳеч қандай тўсиқсиз истаганча изғиб юрган бир пайтда, маъмурият нафақат сукут сақлаб, томошабин бўлиб турибди, балки яҳудийларга озор етказган ҳар бир кишини аёвсиз таъқиб остига олмоқда». Бироқ бугун маъмурият бу «чегара»дан ҳам ўтиб, очиқ-ойдин ва ҳаёсизлик билан йўлтўсарлик ҳамда бузғунчиликка бевосита қўл урди.
Бу жиноятни на «тергов очиш» ҳақидаги гаплар, на «қонунбузарларни таъқиб қилиш» деган баҳоналар билан ниқоблаб бўлади. Бу – Аллоҳнинг ҳадлари ва муқаддасотларига қарши бош кўтарган маъмуриятнинг асл башарасидир. Гўёки яҳудийлар ҳар сафар уни камситиб, хор этган сари, у Аллоҳнинг бандаларига нисбатан янада баттар ҳаддан ошмоқда. Гўё у Америка ва яҳудийларга шундай мурожаат қилмоқда: Қандай хорлик, қандай жиноят бўлмасин – барчасига розимиз; фақат бизни ҳокимиятда қолдирсангиз бўлди. Ҳатто яҳудийларнинг жиноий идораларига расман қўшилиб, уларнинг ажралмас бир бўлагига айланишга ҳам тайёрмиз!
Фаластин аҳли бошига тушаётган мусибатлар тобора кучаймоқда: уларга қарши қамал ҳалқалари кун сайин янада қаттиқроқ тортилиб, жиноятчиларнинг турлари кўпайиб бормоқда. Рамазон ойини кутиб олишга тайёргарлик кўраётган бу халқ сабр ойида бир-бирини Аллоҳ таолонинг қуйидаги каломи билан сабр ва матонатга чорламоқда:
ٱسۡتَعِينُواْ بِٱللَّهِ وَٱصۡبِرُوٓاْۖ إِنَّ ٱلۡأَرۡضَ لِلَّهِ يُورِثُهَا مَن يَشَآءُ مِنۡ عِبَادِهِۦۖ وَٱلۡعَٰقِبَةُ لِلۡمُتَّقِينَ
«Аллоҳдан мадад тилаб, сабр-тоқат қилингиз! Бу ер шак-шубҳасиз Аллоҳникидир. Уни Ўзи хоҳлаган бандаларига мерос қилиб берур. Оқибат-натижа эса тақводорларники (Аллоҳдан қўрққанларники) бўлур» [Аъроф 128]
Бироқ бу сабр – ўз биродарлари душман томонидан аёвсиз азобларга дучор қилинаётганини, яқинлари томонидан ҳам худди ашаддий душманлардек қатл этилаётганини томоша қилиб турган бошқа мусулмонлар зиммасидан гуноҳни соқит қилмайди. Шунингдек, Рамазон – ғазотлар, зафарлар ва фатҳлар ойи эканини, биродарлари қирғин, қамал ва қўрқув остида турган бир пайтда у «фақат сабр қилиш» ойи эмаслигини, сабр эса айнан жанг майдонида душман билан олишув чоғида намоён бўлишини билган Уммат зиммасидан ҳам бу гуноҳ соқит бўлмайди. Наҳотки, Фаластин аҳли олган жароҳатларига қарамай, ушбу муборак ойга матонат ва сабр билан кириб келсалар-у, биродарларидан жиҳод, ғалаба ва нусрат садоларини эшитмаса?! Наҳотки, уларга яҳудийлар поймол қилган дахлсизликлари учун ўч оладиган, ёки уларнинг қонини мубоҳ қилиб олган маъмурият ва унинг жиноятчи органларидан қасос оладиган кишини кўриш насиб қилмаса?!
Ҳизб ут-Таҳрирнинг муборак Фаластин заминидаги матбуот бўлими




