Мақолалар

БМТ мустамлакачи давлатларнинг қуролидир

БМТ мустамлакачи давлатларнинг қуролидир

Қирғизистон президенти Садир Жапаров АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 80 сессиясида нутқ сўзлади. У дунёда рўй бераётган низоларга тўхталар экан, бу тўқнашувлар туфайли миллионлаб одамлар азоб чекаётгани ва ҳалок бўлаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, жаҳон сиёсатчилари ушбу тўқнашувларда ҳалок бўлган одамларнинг ўлими устидан бойлик тўплашмоқда. Шунингдек, У жаҳон ҳамжамияти ўзининг ғаразли геосиёсий манфаатларидан келиб чиқиб, ушбу масалаларга қўшстандарт услубида ёндашаётганини ҳам айтиб ўтди.

Жапаров Украинадаги можаро ва шу сабабли юзага келаётган санкциялар ҳақида гапирар экан, уни ҳал қилиш тарафдори эканлигини билдирди. Чунки Жапаровга кўра, бир томонлама санкциялар сабабли бу можародан Қирғизистон ҳам жабр кўрмоқда. Бу эса унинг таъкидлашича, мамлакат ички ишларига аралашишдир.

Жапаров Ғазодаги даҳшатли вазиятга ҳам тўхталиб, бу борада “икки давлат” ечимини амалга ошириш зарурлигини билдирди. Шунингдек, у Қатар ва Эронга қилинган ракета ҳужумларини қоралаб, Афғонистонни халқаро миқёсда яккалаб қўйиш ва уни ташқи ёрдамсиз қолдириш нотўғри эканлигини таъкидлади.

Жапаров БМТ Хавфсизлик Кенгаши дунё мамлакатларининг тақдирини ҳал қилаётганига ва Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси ҳар қандай қарорга вето қўйиш ҳуқуқига эгалигига урғу берар экан, “БМТ Хавфсизлик Кенгаши фаолиятини такомиллаштириш ва ислоҳ қилиш вақти келди”, дея қўшимча қилди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин жангда ғалаба қозонган йирик давлатлар ўз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида БМТни туздилар. Ҳозирда бешта давлат (АҚШ, Хитой, Россия, Франция ва Британия) БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари ҳисобланади. Шунинг учун қандай резолюция таклиф қилинмасин, бу давлатлар унга вето қўйиш ҳуқуқига эга. Яъни, бу беш давлат ўз манфаатларига зид бўлган ҳар қандай резолюциянинг қабул қилинишига тўсқинлик қилиш имконитига эга. Шунинг учун уларга ёки жиноятларига қарши резолюция қабул қилиш мутлақо мумкин эмас. Улар вето ҳуқуқидан фойдаланиб, бунга асло йўл қўйишмайди.

Бунинг мисолини сўнгги воқеаларда кўриш мумкин. Масалан, кечагина АҚШ Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва “Исроил” томонидан Ғазога гуманитар ёрдам етказишга қўйилган чекловларни бекор қилишни талаб қилувчи резолюция лойиҳасига вето қўйди, натижада резолюция қабул қилинмай қолди. Шундай экан, “Исроил” қандай жиноятлар содир этмасин, БМТ тарафидан унинг ҳаракатларини чекловчи ва тақиқловчи ҳақиқий резолюция қабул қилиниши мумкин эмас, чунки АҚШ уни ҳимоя қилади. Шунингдек, Россия ҳам ўзига қарши резолюцияга вето қўйиши мумкин. Масалан, Украина масаласида Россияни танқид қилувчи ёки унинг айрим ҳаракатларини чекловчи резолюция таклиф қилинса, Россия Хавфсизлик Кенгашидаги ҳуқуқларидан фойдаланиб, унга вето қўйиши  мумкин. Хавфсизлик Кенгашининг бошқа доимий аъзолари ҳам шундай имкониятларга эга. Шу тарзда, бу мустамлакачи давлатлар ўзларини ва уларга хизмат қилаётган малайларини ҳар қандай жавобгарликдан, ҳатто танқиддан ҳам ҳимоя қилишади. Шунинг учун Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари ва уларга таянган малай режимлар жиноят содир этишдан қўрқмайди.

Дунё ҳамжамияти мана шу йўл билан ўз манфаатларини амалга ошириб келмоқда. Бинобарин, уларнинг очкўз сиёсати туфайли дунё бўйлаб можаролар тўхтамаяпти. Уларни ўз манфаатидан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмайди, яъни ўз манфаати учун ҳар қандай жиноятга қўл уриши мумкин. Бундан уларни ҳеч нарса тўсмайди.

Қолаверса, бу мустамлакачилар керак бўлса, манфаатлари талаб қилганда БМТ қоидаларига ҳам амал қилмайди. Масалан, миллионлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган Афғонистон босқини ва ундан кейинги Ироқ босқинига қаралса, АҚШ бу икки давлатга БМТнинг ҳеч қандай қарорисиз бостириб кирди. Шунингдек, бугунги кунда АҚШ бошчилигидаги Ғарб ҳеч қандай резолюцияга таянмай, ўзи истаган давлатга нисбатан бир томонлама санкциялар қўлламоқда. Демак мустамлакачи давлатлар Хавфсизлик Кенгашидан фойдаланиб, керак бўлганда, унга мурожаат ҳам қилмасдан, ўз манфаатларини амалга ошириш учун бир томонлама ҳаракат бошлайверади. Шунинг учун ҳам дунёда адолат йўқ, ҳар тарафни зулмат қоплаган. Дунёда юз бераётган тўқнашувлар, қирғинлар, очарчиликларнинг сабабчиси ҳам айнан мана шу мустамлакачилар ва улар татбиқ қилаётган тузумдир.

БМТ ва халқаро тизим фақат мустамлакачи давлатларнинг манфаатларига хизмат қилаётгани ҳамда уларнинг сиёсати дунёдаги бошқа давлатларининг эзилишига, азобланишига, ҳалок бўлишига сабаб бўлаётгани очиқ-ойдин кўриниб турибди. БМТга мурожаат қилиш ёки унга таяниш ўзини мустамлакачиларнинг чангалига отиш билан баробардир. БМТни ислоҳ қилиш ва мустаҳкамлаш эса мустамлакачиларнинг имкониятларини кучайтириш демакдир.

Шунинг учун мусулмонлар ҳозирги халқаро тузум ва унинг ташкилотларида иштирок этиш ўрнига Исломга асосланган адолатли халқаро тузумни тиклашлари лозим. Шундагина икки дунё бахт-саодатига эришамиз.

Аллоҳ Таоло айтади:

فَلَا وَرَبِّكَ لَا يُؤْمِنُونَ حَتَّىٰ يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ لَا يَجِدُوا فِي أَنْفُسِهِمْ حَرَجًا مِمَّا قَضَيْتَ وَيُسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

“Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича-бўйинсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар”. [4:65]

Ҳорун Абдулҳақ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button