Мақолалар

Диндан яна қурол сифатида фойдаланилмоқда

Диндан яна қурол сифатида фойдаланилмоқда

Кеча бўлиб ўтган VIII Бутунжаҳон анъанавий динлар етакчиларининг конференциясида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев диний ташкилотларни фақат диний ишлар билан чекланмай, балки замонавий долзарб ижтимоий ва экологик муаммоларни ҳал этиш билан ҳам шуғулланишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, ҳаёт қийинчиликларини енгиб ўтишда ва одамларни эзгу ишларга ундашда ҳамда муҳтожларга ёрдам беришда дин ҳамиша муҳим ўрин тутиб келган. Шу боис, унинг фикрича, қашшоқликка қарши курашда, инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда, атроф-муҳит масалаларида ва халқнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашда динларнинг ўзгартирувчи салоҳиятидан фойдаланиш зарур.

Бироқ, бу ташаббус батафсилроқ кўриб чиқилса, бир қатор жиддий саволлар ва қарама-қаршиликларни келтириб чиқаради. Биринчидан, Қозоғистоннинг сиёсий тизими ўзи учун расман асос қилиб олган секуляризм таълимотига бевосита зиддир. Секуляризм динни давлатдан ажратишга ҳамда сиёсат, иқтисод ва таълимдан унинг таъсирини четлатишга таянади. Дин арбобларининг иқлим сиёсати, ижтимоий тенгсизлик ва қашшоқлик каби дунёвий муаммоларга аралаштириш эса дунёвий ва диний шакллар ўртасидаги чегараларни хиралаштиради. Сўнгги ўн йилликларда диннинг жамият ҳаётига бўлган таъсири атайлаб чеклаб қўйилган бўлса, бугунги кунда аксинча, давлат диндан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.

Аслида, бу давлатнинг ожизлигидан ва тизимли муаммоларни мустақил равишда ҳал қила олмаётганлигидан далолат беради. Қозоғистон иқтисодиёти ва ижтимоий ҳолати капиталистик моделга асосланган. Бу модел алтруизм (самимий хизмат) ва руҳий тамойилларга асосланган механизмларни ўз ичига олмайди. Бировга ёрдам бериш, фидокорлик қилиш ва заифларга эвазсиз кўмаклашиш тамойиллари манфаатпарастлик ва рационалликка зид бўлгани учун четга сурилди. Бу тузумда ижтимоий ҳимоя макроиқтисодий мувозанатга зарар келтирмайдиган даражадагина мавжуд бўлиб, инсонпарварлик ташаббуслари кўпинча ҳақиқий одоб-ахлоқ доирасидан эмас, балки норозилик кайфиятини бостириш сиёсатидан келиб чиқади. Динларга бундай муносабатда бўлиш бу – амалдаги ҳукумат моделининг прагматик мантиқдан ташқарида бўлган муаммоларни ҳал қилишга қодир эмаслигини тан олишини англатади.

Айни пайтда диний ташкилотларга бундай мурожаат қилишнинг кайфияти ҳам шубҳа уйғотади. Гап динни жамият ва давлат учун тегишли ечимларни тақдим эта оладиган тўлақонли тизим ва мафкура сифатида тан олиш эмас, балки динни реал маънода эътироф этмаган ҳолда унинг кучидан фойдаланиш ҳақида бормоқда. Давлат иқтисоддан тортиб, одоб-ахлоқгача бўлган барча таъсир доираларини ўз қўлига олган. Бироқ давлат инқирозга учрагач, халқ ишончини қозонган диний ташкилотларнинг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланишидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Бундай ёндашув адолатсизликни келтириб чиқаради. Яъни, дин ахлоқий муаммоларни ҳал қилувчи ролни бажаради-ю, лекин у мустақил ва алоҳида мақомга эга бўлолмайди. Бошқача айтганда, бу бир томонлама келишув бўлиб, бунда давлат динни сиёсий куч сифатида тан олмайди, фақат ундан ўз муаммоларини ҳал этиш учун фойдаланади.

Маънавий ресурслардан бундай фойдаланиш манипуляция ва стратегик алдашдир. Давлат капиталистик тузумнинг асирига айланган. Бу тузум тўғри ва самарали ечимларни топа олмагани учун динларнинг ахлоқий кучига таянишга мажбур. Бироқ, шу билан бирга, давлат ҳокимиятга, ресурсларга ва институционал назоратга бўлган монополиясидан воз кечишни истамайди. У динни жамият муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беришга чақиради, лекин у билан ҳокимиятни бўлишишга рози бўлмайди. Бу эса, бошқа тарафни вазиятга таъсир қилиш имкониятидан маҳрум қилиб, лекин унинг қадриятларидан ўз манфаати учун фойдаланишни англатади. Бундан ташқари, бундай позиция давлатга жавобгарликдан қочиш имконини беради. Муаммолар ҳал этилмаса, айб самарасиз диний ташкилотларга юкланади. Давлат эса сувдан қуруқ чиқади, чунки гуманитар масалаларга диний ташкилотлар жавобгар бўлиб қолади. Натижада давлат ўзининг адолатсиз бошқарувининг оқибатларини бошқаларнинг зиммасига юклаб, динни айбдор қилади.

Ҳозирда, биз катта иккиюзламачиликка гувоҳ бўлмоқдамиз. Дин барқарор жамиятни барпо эта оладиган мафкура, қадриятлар ва механизмларга эгадир. Ҳукумат буни тан олмаган ҳолда, инқироз пайтида диндан фойдаланиб ҳамма нарсани назорат қилишга ҳаракат қилмоқда. Агар давлат динни ҳақиқий ечим манбаи деб ҳисобласа, нега уни тўлақонли дунёқарашга эга тизим сифатида тан олмайди? Нега ҳукумат динни фақат урф-одатлар доирасига чеклайди? Ҳақиқий иккиюзламачилик мана шудир! Ахлоқий жиҳат пасайиб кетса, динга мурожаат қилади, лекин сиёсат масаласига келганда динни четга суриб қўяди.

Шунинг учун Токаев кўтараётган ташаббусга капиталистик бошқарув моделининг парчаланиши белгиси сифатида қараш лозим. Бу тузумда манфаат инсоний фазилатларни бутунлай сиқиб чиқаради. Жамият ўртасидаги муносабатларни ҳам манфаат белгилайди. Ҳозирда аввал рад этилган ахлоқий ресурслар (дин)дан охирги чора сифатида фойдаланилмоқда. Аммо диний муассасаларнинг долзарблигини тан олмасдан ва улардан ўз манфаати йўлида фойдаланишни тўхтатмасдан туриб, бундай ҳамкорлик юзаки ва самарасиз бўлади. Охир оқибат, бундай ҳаракатлар жамиятнинг динга ва ҳукуматга бўлган ишончига путур етказади. Ёт тузумга хизмат қилиб келаётган ҳукумат эса масъулиятдан қутулиб қолаверади.

Ҳужжат Жамия

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button