Зўравонлик учун ўлим жазоси: адолатми ёки популизм?

Зўравонлик учун ўлим жазоси: адолатми ёки популизм?
Қирғизистон президенти Садир Жапаров 1 октабр куни зўравонлик қурбонларининг аксарияти аёллар ва ёш болалар эканини ҳисобга олган ҳолда, ўлим жазосини жорий этишни таклиф қилди ва қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳақида фармон чиқарди. Бу ташаббусга 17 ёшли мактаб ўқувчисининг ўлдирилиши сабаб бўлди. Президентнинг бу ташаббуси омма халқ орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Кўпчилик бу ташаббусни заифларни ҳимоя қилиш ва адолат сари ташланган қадам сифатида баҳолади. Аммо таклиф этилаётган чора-тадбирлар кўпроқ рамзий ва популистик характерга эга бўлиб, жамиятдаги муаммонинг асл сабабларини бартараф эта олмайди.
Маълумки, бу қарор жамиятда кескинлик кучаяётган ва сайловлар яқинлашаётган бир пайтда эълон қилинди. Бундай вазиятда, ҳукумат учун халқ норозилигини тезоқ бостириш алоҳида аҳамиятга эгадир. Таклиф этилаётган ўлим жазоси жамоатчилик ғазабини бостириш воситаси сифатида қўлланилмоқда. Ваҳолангки бу жиноятга қарши ҳақиқий курашнинг механизми бўла олмайди. Бошқача айтганда, муаммонинг асл сабабларини ўрганиш ва ечим топиш ўрнига жамиятга оддий ва юзаки ечим таклиф қилинмоқда.
Бундан ташқари, капиталистик тузумнинг заиф, қарам суд тизими доирасида ўлим жазосининг жорий этилиши адолат учун жиддий хавф туғдиради. Қирғизистоннинг тергов органлари ва суд маҳкамалари ҳар доим коррупцияга ботганлиги, сифатсизлиги ва сиёсий иродасизлиги билан танилган. Шу билан бирга, айбни исботлашда билим базасининг даражаси жуда пастлигича қолмоқда. Жамият учун хавфли бўлган ва муҳокамага сабаб бўладига жиноятларда ҳакамларнинг хатога йўл қўйиш даражаси ўта юқори. Камчиликсиз ва адолатли терговни таъминлай олмайдиган тизимда ўлим жазосининг қайтарилиши ҳимоя эмас, аксинча қўшимча таҳдид туғдиради! Чунки адолатни кафолатлай олмайдиган тизимда ўлим жазосининг қурбонлари биринчи ўринда бегуноҳлар бўлади.
Бу ташаббус муҳокама қилинар экан, муҳокамалар жамиятнинг исломий кайфияти атрофида кечаётгани аниқ сезилмоқда. Ўлим жазоси кўпчиликнинг диний қарашларига мос келиши ижтимоий тармоқлар ва ҳукумат вакилларининг баёнотларидан маълум бўлмоқда. Аммо шуни эсда тутиш лозимки, дарҳақиқат Ислом оғир жиноятлар учун қаттиқ жазоларни белгилайди. Шариатда зўравонлик вазиятга қараб ҳираба (зўравонлик билан тунаш) ёки зино (никоҳсиз жинсий алоқа) билан тенглаштирилиши мумкин. Агар жиноят қотиллик билан бирга бўлса, “қисас” (қасос) тушунчасига асосланиб, ўлим жазоси белгиланиши мумкин. Бироқ Исломий фиқҳда бундай ҳукмларга жуда юқори талаблар қўйилган. Ушбу ҳукмни амалга оширишдан аввал тақвога асосланган тузум, далилларнинг тўғрилиги, юқори малакали қозиларнинг мавжудлиги, тўлиқ ҳуқуқий тартиб, суд институтлари, процессуал қоидаларга қатъий риоя топилиши керак.
Дарҳақиқат Қирғизистон Исломий бошқарув тизимига (Халифликка) асосланмаган. Шунинг учун Қирғизистонда шариатга асосланган бундай нормаларни амалга оширишнинг имконияти йўқ. Тақводор қозиларнинг топилмаслиги, диний соҳада кадрларнинг етишмаслиги, Ислом фиқҳига асосланган мустақил идораларнинг ҳамда жамоатчилик розилигининг йўқлиги бундай жазоларнинг кучини йўқотади. Натижада адолат ўрнига шариат тартибининг сунъий кўриниши вужудга келиши мумкин. Бу сунъий кўринишда адолат, меҳр ва ҳақиқат асослари бўлмайди. Исломий ҳуқуқий тизимга таянмаган қаттиқ қўллик ва шафқатсизлик кутилган натижани бермайди! Аксинча Исломий адолат тушунчасини обрўсизлантиради.
Бинобарин, президент ташаббуси адолатдан кўра кўпроқ сиёсий мақсадларни кўзлаган кўринади. Бу билан у кучли таассурот қолдиришга ҳаракат қилмоқда. Бироқ бундай шиорлар жамиятни қақшатган реал жараёнлардан – коррупциядан, ижтимоий адолатсизликдан, тизимларнинг барбодлигидан ва капитализмда элитанинг жазосиз қолишидан халқни чалғитади. Жамият нафақат жазони, балки жиноятларнинг олдини олиш йўлларини ҳам талаб қилади. Ислом мафкурасига кўра, фақат ечимларгина эмас, балки ҳақиқат ва ботилни, эзгулик билан ёмонни ажрата оладиган, айбсизларни ҳимоя қиладиган, айбдорларни эса, ижтимоий мавқеидан қатъий назар жазолай оладиган адолат тизимини ўрнатиш учун тезкор ва қатъий ҳаракатлар ҳам талаб қилинади. Акс ҳолда, барча чоралар юзаки ва адолатсиз ҳолда қолаверди. Бироқ, Аллоҳнинг қонунларига асосланмаган ҳолда, кимнингдир нафси, сиёсий манфаати ёки коррупцияга асосланиб қарорлар қабул қилинса, у ҳолда қаттиқ ҳукм ва оғир жазолар ўз кучини йўқотади. Натижада, бу қаттиқ чоралар адолатсизликнинг бир қисмига айланади.
Аллоҳ Таоло айтади:
“Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар золимлардир”. (5:45).
Абду Шукур